Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисида сизлар билан биргаман. Азизлар, бугунги мавзуимизни сизларга олдиндан айтиб ўтмоқчиман. Кимдир ўйлаши мумкин, мавзуни нима ҳақида боришини фақатгина тажрибасиз бошловчигина айтиб ўтиши мумкин деб. Лекин ишончим комилки, болаларимиз тарбиясига бағишланган мавзу доимо ҳар бир ота-она учун ҳатто ҳали оила қурмаган дўсту-биродарларимиз учун ҳам қизиқ бўлади.
Ҳозирги замонда болаларимизга алоҳида эътибор қаратмасак, эртага уларни танимай қолишимиз ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-онанинг олдида иккита йўл бор. Биринчиси, болаларимизнинг тарбияси ҳақида Худованд билан муносабат қилган ҳолда шуғулланиш, иккинчиси эса қўлимиздан ҳеч нарса келмайди деб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш. Азизлар, кўпинча шу айтганларимиздек бўляпти, шунинг учун ҳам айнан шу икки нарсани сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилдик.
Лекин иккинчи йўл мутлақо нотўғри фикр. Шунинг учун ҳам доимо ғалаба қилишга ўрганишимиз керак. Доимо ота-оналар ўзларини ҳам имтиҳон қилиб турсалар яхши бўларди. Яъни, Худованд билан бўлган муносабатим қандай кетяпти? Ўзимни ота- оналик вазифамни ва жавобгарлигимни бажара оляпманми? Нимада ғалаба қиляпман-у, қайси жойда енгилиб қоляпман?
Шундай саволлар ота-онани фарзандлари олдида доимо сергак бўлишга ундайди. Уйлайманки, биринчи галда ҳар бир ота-она Худованд билан мустаҳкам алоқада бўлиши лозим. Агар ўзимиз руҳий касал бўлсак, болаларимиз дарров буни пайқашади ва улар ҳам Худованд билан номигагина муносабат қилади холос. Худованд эса ҳар бир инсонни чин юракдан итоат қилишини истайди.
Болаларимизни тарбиялашдан мақсад нима ўзи? Албатта, биринчи навбатта уларни гуноҳ қилишдан асраш. Қолаверса, бошқаларга нисбатан меҳрибон ва меҳрли бўлишидадир. Бу айтиб ўтганларимизни барчасини биз ўзимиздаги инсонавий ҳаракатлар билан бера олмаймиз. Берган тақдиримизда ҳам бу сохта тарбия бўлади. Айтмоқчимизки, барча амалга ошираётган ишларимизда Худованд бизга йўл кўрсатсин.
Агар болаларимиз Худовандни ҳурмат қилишни ўрганса, демак, шунча ҳаракатларимиз зойи кетмабди. Бъази пайтларда болалар ота-онасига қулоқ солишлари ҳам мумкин. Доимо ибодатхонада якшанба мактабига қатнаши ҳам мумкин, балки ўн амрни барчасини ёддан билиши ҳам мумкин. Муқаддас китобни ўқиб сиз билан бирга ибодат қилишлари ҳам мумкин. Лекин шу билан бирга иложи борича ҳеч кимга билдирмай ёлғон гапириб, бошқа ножуя ишларни ҳам қилиб юрган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи галда ота-онанинг Худованд билан бўлган муносабати жиддий бўлиши керак. Шунда болалар ҳам Худованд билан жиддий муносабат қилишни ўрганишади. Азизлар, суҳбатимизга шу ерда якун ясаб, сизлар билан хайрлашамиз. Омон бўлинглар.