3:33

Руҳий ғалаба 8

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз, сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азизлар, биз сиз билан кўплаб турли мавзуларда ваъзлар эштган, турли мавзулар бўйича семинар ва конференцияларда иштирок этган бўлишимиз мумкин. Лекин ҳар қандай учрашувларда ҳам фаришталар ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлавермаймиз.

Демак, бугунги мавзуимиз фаришталар ҳақида боради. Муқаддас Каломда фаришталарни ифода этувчи тўртта сўз ишлатилган. Ана шу сўзларнинг ҳар бирини алоҳида муҳокама қилиш билан бугунги эшиттиришимизни бошласак. Фаришта эски ибронийча «малак» сўзи, оддий қилиб айтганда «элчи» деган маънони билдиради. Бу сўз одам юборган элчига ёки Худонинг элчисига нисбатан айтилиши мумкин. Ибтидо китобини 28:12 ўқиб кўрсангиз, шу ҳақида билиб олишингиз мумкин бўлади. Бу сўзнинг асосий маъноси ”пастга юборилган” деганидир, яъни ерга деган маънода.

Бу сўз Таврот, Пайғамбарлар Китоблари ва Забурда 103 маротаба ишлатилади. Грекча «ангелос» сўзи Янги Аҳдда 175 марта учрайди. «Ангелос» сўзи ибронийча «малак» сўзи билан ўхшаш. Бу сўз ҳам асосий маъносига кўра «элчи» деганидир. Муқаддаслар, яъни фаришталар, шунингдек, «муқаддас» деб ҳам юритилади Забур китоби 88 сано 5 ҳамда 7 оятларда. «Муқаддас» дегани уларнинг Муқаддас Худога хизмат қилиш учун «ажратилганликларини» билдиради.

Фаришталар “само лашкарлари”, “самовий кучлар” ёки «самовий мавжудотлар» деб ҳам аталадилар. Шу ҳақида Забур китобининг 88 саноси 6 оятидан топиб ўқиб кўриш мумкин. «Само лашкарлари, самовий кучлар» самода Худонинг атрофида ҳамиша парвона бўладиган миллионлаб самовий мавжудотлардир яъни фаришталардир. Мисол учун Ишаъё пайғамбар китоби 31боб 4 оятда «Қудратли» деган сўз «Қудратли Худонинг лашкари» деган маънода келади.

Қудратли Худо ўғиллари Муқаддас Каломнинг баъзи жойларида фаришталар «Худо ўғиллари» деб ҳам аталади.Улар Худонинг ижоди бўлганликлари учун, Унинг ўғиллари ҳисобланадилар.Фаришталар ― руҳий мавжудотлар ҳисобланади. Вақти-вақти билан улар одамларга инсон қиёфасида кўринишлари мумкин. Гапимизнинг исботи сифатида Ибтидо китобининг 18:2 оятини ўқиб кўринг. Бироқ шунга қарамай, улар барибир «руҳ» деб айтилаверадилар. Бу, фаришталар биз, инсонлар каби танага эга эмаслар, деганидир.

Шунинг учун ҳам улар баъзи бир масалаларда одамлардан фарқ қиладилар. Мисол учун: фаришталар никоҳ қурмайдилар (Марк Хушхабар китоби 12 боб 25 оят). Шунингдек, фаришталар ҳеч қачон ўлим кўрмайдилар (Луқо китоби 20 боб 36 оят). Лекин биз инсонларда шу айтиб ўтганларимизнинг иккиси хам мавжуддир. Азиз радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканмиз, хонадонингизга тинчлик-омонлик тилаб қоламиз. Хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top