3:24

Болаларнинг ўсишига ёрдам 104

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи болажонлар. Яна сиз азизлар билан эшиттиришимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли болалар, бугун сизларга бир ажойиб ҳикояни гапириб беришни ният қилдик. Марҳамат, тингланг. Исроилда жойлашган ўрмонларининг бирига қоп-қоронғу тун тушди. Бу ерда кўплаб катта ва бақуват дарахтлар ўсмоқда.

Уларнинг орасида қари ва ёш, баланд ва кичкина, кенг ва ингичка дарахтлар бор. Уларнинг устиларидан осмонда юлдузлар олмос каби ярқираб турибди. Бир ёш дарахт порлаб турган юлдузларга хавас билан қараб, секин хурсинди. “Нима бўлди?” — пичирлаб сўради ундан каттароқ бўлган акаси, “сен хафамисан?” “Йўқ, сира ҳам хафа эмасман! Мен фақатгина бир куни нима бўлишим ҳақида ўйлаяпман холос.” “Сен нима бўлмоқчисан?” — сўради иккинчи дарахт.

“Мен хазина қутиси бўлмоқчиман!” — завқланиб жавоб берди кичкина дарахт. “Тилла занжирлар ва оғир бир қулфи билан. Ўшанда мен хазиналар хонасида турган бўлардим ва ичимда юлдузлардек ялтирайдиган қимматбаҳо тошлар, тилла ҳамда кумуш ва ҳатто марваридлар турган бўларди. Мен айнан шундай нарса бўлмоқчиман!” Кичкина арча орзиқиб кулди. Каттароқ дарахт ўзининг кичик укасига ҳайрон бўлиб қаради. “Менга бу ёқмаган бўларди! Хазиналар хонасида қаердадир турадиган қандайдир қутича бўлиш ва дунёдаги ҳеч нарсани кўрмаслик менга сира ёқмайди. Йўқ, умуман ёқмайди!”

“Мен эса катта, ёғочли кема бўлмоқчиман. Подшоҳларни олис мамлакатларга олиб бормоқчиман. Қимматбаҳо мато, тилла, кумуш билан тўлдирилиб денгизларни сўзиб ўтишни хоҳлайман. Яна мен кўплаб қизиқ одамлар ва шаҳарлар билан танишардим. Ҳа, мен кема бўлмоқчиман!” У ўзининг ям-яшил шохларини силкитиб ҳаёл суриб турарди. Иккала дарахт жим турди, сўнг уларнинг нигоҳлари қулоқ солиб жим турган учинчи укаларига тушди. “Сен нима бўлмоқчисан?” — қизиқиб сўради улар, чунки у бошқача чиройли ва баланд эди. У ўзининг узун шохларини силкитиб, шундай жавоб берди:

“Мен бу тепаликда туришни ва Худованд яратган қуёш билан юлдузлар, шамол, ёмғир ва қушлардан завқланишни истайман. Мен катта ва баланд бўлишни хоҳлайман, токи одамлар менга пастдан тепамгача қараганларида нигоҳлари осмонга тушсин ва ўша пайтда улар Худони эслашсин. Ҳа, мен шохларим билан осмонга етиб Худога кўрсатмоқчиман. Бундан ажойиброқ вазифадан бошқасини мен тасаввур қилолмаяпман. ”Йиллар ўтди ва дарахтлар янада катта ва баланда бўлишди.

Бир куни урмонга ўтинчилар келишди. Энг кичкина дарахтни ёнига келганларида эса улар тўхтадилар. “Айнан шуниси тўғри келади!” — деди улар ва уни кесиб олиб кетдилар. Азиз болажонлар, ушбу ҳикоямизнинг давомини келгуси эшиттиришларимиздан тинглаб, нима билан якун топишини билиб олишингиз мумкин. Келаси эшиттиришларимизгача хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top