3:51

Худо билан яқин муносабатлар ўрнатиш

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Сиз билан радио тўлқинлар орқали учрашиб бирга бўлганимдан бенихоят хурсандман. Худо ўз хақиқатларини хатто радио орқали хам тарқатиш қудратига эгадир. Худога шукурки, бир биримиз билан бемалол хох интернет бўлсин, хох радио бўлсин барибир бир биримиз билан бемалол сухбатлашиб, бир биримизни тинглаш имкониятига эгамиз. Азиз биродарлар, мана анчадан бери сиз билан биргаликда Худо-таолога ибодат қилиб келмоқдамиз. Худо одамни яратиб уни дунёдаги барча ижодиёти орасидан юқорига кўтариб уни жудаям севди. Уни шундай севдики хатто ўзининг ягона зотини қурбон қилди. Ха азизлар, одамзоднинг гунохи учун Парвардигоримиз хазрати Исо Масихни ўлимга мубтало қилди. Токи унга ишонган хар бир киши халоқ бўлмасин, баълки нажот топиб абадий хаётга эга бўлиши учундир. Хазрати Исонинг ўлимида дунёдаги барча одамлар айибдордир. Уни айнан одамзод хочга михлади. Хазрати Исо Масих дунёдаги барча одамлар учун ўз қонини тўкди. У хочда жон берди, лекин ўлим Унинг устидан хокимлик қилиш қудратига эга эмас эди, чунки Худо Уни учинчи куни ўликлар орасидан тирилтирган эди. У тирилиб, ўз шогирдларига зохир бўлиб уларнинг иймонларини мустахкамлади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бизга бўлган Худонинг севгиси нақадар чексиздир! Азизлар, сизга бир савол бермоқчиман. Сиз Худони қанча яхши биласиз? Унга бир кунда қанча вақт ажратасиз? Сиз бир одамни яхши билиш ниятида бўлсангиз у одам билан бирга кўпроқ вақт ўтказишингиз керак бўлади, шундай эмасми? Худочи, агар биз У хақда кўпроқ билимга эга бўлишни истасак биз албатта У билан кўпроқ вақт бирга ўтказишимиз керак бўлади. Келинг бугунги ибодатимизни айнан шу мавзуга қаратиб, сиз билан биргаликда Худо билан кўпроқ вақт ўтказиш учун ибодат қиламиз. Худойим, бизни Яратган Парвардигоримиз. Бизни яратиб бизни севганинг учун Сендан миннатдормиз. Сен бизни нафақат яратиб, баълки яратган қолган жонзодларингдан фарқли равишда бизга севиш туйғусини хам бердинг. Димоғимизга хаёт нафасини пуфладинг. Сен яратган одам Сен билан биргаликда Жаннат боғида сайир қилар эди. Сен одамга хамма хокимиятни бердинг, одам хатто хайвонларга хам исм берар эди. Одам билан муносабатинг энг пок даражада эди. Лекин шайтон ушбу яқин муносабатлардан нафратлангани учун одамни Сенга қарши гунох қилишга чорлади. Қандай ачинарли хол! Мен ўша биринчи гунох дунёга кириб келганида коинот даражасида катта ўзгаришлар бўлганини хатто кўз олдимга хам келтира олмайман. Худойим, одам сенга қарши гунох қилди. Лекин бу билан унга бўлган севгинг камайиб қолгани йўқ. Сен севикли ота ўз фарзандини севгани каби барча инсонларни севдинг. Худойим, Сенга ибодат қилиб бир нарсани Сендан сўрамоқчиман. Мен сенга яқин бўлишни истайман. Сен билан кўпроқ бирга вақт ўтказишни истайман. Қаерда бўлмай, кимларнинг орасида бўлмай, қай вазиятларда бўлмай мен фақат Сен хақингда ўйлашни истайман. Худойим, борлиғимни Сенинг севикли қўлларингга топширишни истайман. Сен хақингда ва севгинг хақида бошқаларга етказиш имкониятини бизга бергин Худойим. Эрталаб туриб кунимизни Сен билан бошлаб Сен билан якунлашни истайман. Худойим, Сен шохлигингни ерда ўрнатиш режангни амалга оширилишига мен хам ўз хиссамни қўшишни истайман. Мен хам сенинг қудратли қўлларингда мохир устанинг қўлидаги асбоб сифатида бўлишни истайман. Худойим, мени тинглаб ибодатимга қулоқ солганинг учун Сенга рахмат дейман. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдим. Омин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top