3:35

Довуднинг ибодати

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Сиз билан дастуримиз орқали учрашиб турганимдан бенихоят хурсандман. Худо буюк! Худо билан истаган жойимизда ва истаган вақтда мулоқатда бўлишимиз мумкин. Хатто радио тўлқинлар орқали биз Худони улуғлаб Унга ибодат қилиш имкониятига эгамиз. Азизлар, сизга хавола қилятган радио дастуримиз орқали биз бирга Худога ибодат қилиб келмоқдамиз. Бугун хам, қўлимизни очиб Яратган Парвардигоримизга дуою ибодатларимизга қўлимизни очамиз. Худога ибодат қилишимиздан олдин келинг, Довуд пайғамбарнинг Худога қилган ибодатини Муқаддас Каломдан ўқиб чиқамиз.

 Шундан кейин шоҳ Довуд Эгамизнинг ҳузурида ўтириб, шундай ибодат қилди:

“Эй, Эгамиз Раббий! Мен ким бўлибман, хонадоним нима бўлибдики, Сен мени бу қадар улуғладинг?!  Бунинг устига, эй, Эгамиз Раббий, Сен келажак замонда юз берадиган воқеалардан хабар бериб, бу қулингнинг хонадони учун кўп ваъда бердинг. Сенинг бу ваъдаларинг жамики инсонларга тегишли бўлсин, эй, Эгамиз Раббий!  Мен Сенга ортиқ нима дея олардим, Эгамиз Раббий! Ахир бу қулингни биласан–ку.  Берган ваъдангга, Ўз ҳоҳишингга мувофиқ, шундай улуғвор иш қилдинг ва бу қулингга аён этдинг. Нақадар улуғворсан, эй, Эгамиз Раббий! Сенга ўхшаган бошқа худо ҳақида ҳеч қачон эшитмаганмиз, Сенинг асло ўхшашинг йўқ, Сендан ўзга Худо йўқ!  Халқинг Исроилга ўхшаши йўқ! Эй, Худойим, бошқа қайси халқни Сен қулликдан халос қилиб, Ўзингнинг халқинг қилдинг?! Сен Ўз халқингни Мисрдан олиб чиққанингда, уларга буюк, ажойиб ишларингни кўрсатиб, бутун оламга шуҳратингни ёйдинг. Сенинг халқинг бегона халқларга ҳужум қилганида, Сен ўша халқларни ва уларнинг худоларини қувдинг.  Халқинг Исроилни, тоабад Ўзимнинг халқим бўлади, деб мустаҳкамладинг, эй, Эгам, Сен уларнинг Худоси бўлдинг.

Эй, Парвардигор Эгамиз! Бу қулингга ва унинг хонадонига қарата айтган сўзингда тоабад тур, берган ваъдангни бажар, токи одамлар, Сарвари Олам — Исроилнинг Худоси экан, деб номингни тоабад мақтаб юрсинлар. Ҳа, қулинг Довуднинг хонадонини Ўзинг ҳар доим мустаҳкам қилгин.  Эй, Исроилнинг Худоси — Сарвари Олам! Бу қулингга, сенинг хонадонингни яратаман, деб аён этгансан! Шу сабабдан бу қулинг Сенга шундай деб ибодат қилишга журъат этди.

Эй, Эгамиз Раббий! Сен — Худосан, сўзларинг — ҳақ. Сен бу қулингга ана шундай эзгу нарсаларни ваъда қилгансан.  Агар Ўзинг маъқул кўрсанг, бу қулингнинг хонадонига марҳамат қилгин, токи Сенинг ҳузурингда тоабад турсин. Сен сўз бергансан, эй, Эгамиз Раббий! Сенинг марҳаматинг туфайли бу қулингнинг хонадони тоабад марҳаматга сазовор бўлғай.” Азизлар, келинг биз хам Довуд пайғамбарга ўхшаб Худонинг хузурида ўтириб Унга ибодат қиламиз. Худойим, Сенинг исминг улуғлансин, Сенинг шохлигинг келсин. Бизга Нажот йўлини берганинг учун Сенга шукуроналар айтамиз. Раббим, бизни гунох балосидан озод қилиш учун Сен ўзинга жуда азиз бўлган Зотинг хазрати Исо Масихни хочга олиб бординг. Гунохкор бандаларинг озод бўлиши учун хазрати Исо Масихнинг қонини тўкдинг. Худойим, бизни шундай фарзанд қилиб тарбиялагинки, биз қилган қурбонлигинга арзийлик. Сенинг мухаббатингни чегараси йўқдир. Сенинг мухаббатинг дунёда ва бутун коинотда энг покидир. Сенинг муқаддас исминг улуғлансин Отажон. Муқаддас Рухинг юрагимиз ва қалбимизда маскан қилсин. Омин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top