Биз ўтган галги суҳбатимизда табиатнинг инъоми бўлмиш мўмиёнинг қанчалик саломатлик учун фойдаларини келтириб ўтдик. Бу суҳбатимизда ҳам мўмиёнинг яна қандай ҳасталикларга даво бўлишини билиб оласиз.
Жигар ва буйрак касалликлари. Бир литр қайнатилган сувда 1 грамм мўмиёни эритиб, ҳар куни уч маҳал овқатланишдан 30 дақиқа олдин 4 чой қошиқдан ичиш зарур. Устидан эса учдан бир стакан қизил лавлаги шарбати ичиб юбориш керак. Ичишдан олдин шарбатни 2 соат музлаткичда сақлаш шарт. Муолажа қуйидаги схема бўйича ўтказилади. Ўн кун мўмиё ичасиз, сўнг уч кун танаффус қиласиз. Кейин муолажани яна такрорлайсиз. Сизга ҳаммаси бўлиб 15 грамм мўмиё зарур бўлади.
Ўтда тош пайдо бўлиши. 1 грамм мўмиёни 1 литр сувда эритиб, кунига уч маҳал овқатланишдан 30 дақиқа олдин бир стакандан ичиб туриш лозим. Мўмиёни ўн кун ичганингиздан кейин беш кун танаффус қиласиз. Шу тарзда жами 12 грамм мўмиёни ичиб бўлгунигизча давом эттирасиз.
Жиғилдон қайнаши, ўқчиш, кўнгил айнаши. Ҳар куни икки маҳал эрталаб оч қоринга ва кечқурун уйқуга ётишдан олдин 0,2 граммли мўмиёни бир ош қошиқ чой ёки қайнатилган сувда эритиб ичинг. Муолажа 30 кун давом этади.
Инсульт. Беморга касалхонадан жавоб беришган кундан бошлаб икки ҳафта давомида эрталаб оч қоринга ва кечқурун уйқуга ётишдан олдин бир чой қошиқда алоэ шарбатида эритилган мўмиё ичириб туриш керак. Бунинг учун 5 грамм мўмиёни 4 дан 3 қисм стакан шарбатда эритиб оласиз. Алоэ шарбати ўрнига каланхоэ шарбатидан фойдаланса ҳам бўлади. фақат бунда мўмиёни бир ярим стакан шарбатда эритиш зарур. Кейин икки ҳафталик танафус эълон қиласиз. Ана шу танафус давомида бемор ҳар куни вақтидан қатъий назар, уч маҳал асалари муми (прополис)нинг дорихонада тайёрланган дамламасидан 20-30 томчидан ичиб туриши шарт. Муолажани шу тартибда яна бир марта такрорлаш керак. Муолажа давомида тахминан 10 кун беморга ҳар куни бир марта 1-2 чой қошиқ гул чанги (перга) бериб туриш керак бўлади. бундай муолажалар ҳар йили камида 2-3 марта такрорланиб турилса, инсультнинг қайтарилиш эҳтимоли кескин камаяди.
Колит (йўғон ичакнинг яллиғланиши). Кунига бир марта кечки овқатдан сўнг уч соат ўтгач, 0,2 грамм мўмиёни уч қошиқ сувда эритиб ичиш керак. Муолажа 10 кун давом этади. Икки ҳафтадан сўнг яна бир марта такрорланг. Шу билан бирга микроклизма ҳам қилиб туриш зарур.Уйқуга ётишдан олдин 0,2 грамм мўмиёни ярим стакан қайнатилган илиқ сувда эритиб, дори пуркагич ёрдамида орқа тешикка юборинг ва 10-15 дақиқа қимирламай ётинг. Бу муолажани кунора қилинг. Маслаҳатларимиздан қониқдингиз деган умиддамиз.