Руҳда ва имонда бир биродарлар. Биз сиз билан ўтган сафар Худо билан муносабатни рувожлантиришда гуноҳга қарши туришнинг муҳимлиги ҳақида суҳбатлашган эдик. Бу ҳақиқатда шундай. Гуноҳ бизнинг Худо билан муносабатимизга совуқчилик туширади. У билан ўртамизга девор қўяди. Биз қанча кўп гуноҳ қилсак. Ўша деворга шунча кўп ғишт тераётгандай бўламиз. Гуноҳ қилгандан сўнг уни тан олиб тавба қилиш ҳам муҳим. Чунки чин дилдан тавба қилсак, Худо бизни кечиради. Биз тавба қилганимизда қилган гуноҳларимизни очиқ тан олишимиз шарт. Ҳеч бирини қолдирмаслик керак. Чунки ҳеч нарса Худонинг назаридан четда қолмайди. У бизнинг юрагимиз тубида ётган, биз яширган гуноҳларимизни ҳам кўриб туради. Худо билан муносабатни ривожлантиришда, тавба қилиш ҳам муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Тавба қилгач, Худо билан бизнинг орамиздаги тўсиқ девор олиб ташланади. Шу билан бемалол муносабатда бўлишимиз мумкин бўлади. тавба қилгандан сўнг, қайтиб гуноҳ қилмасликка астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки Худо билан яқин муносабатда бўлишни хоҳласангиз уни ҳафа қилмаслик ҳақида ўйлашингиз керак. Тасаввур қилинг ошиқ йигит ёки қиз тинмай ўз севгилиси ҳақида ўйлайди. У ўтирса ҳам турса ҳам кун давомида фақат уни ўйлайди. У ҳозир нима қиляпти, менинг бу ҳаракатим унга қандай таъсир қилган бўларди, ва ҳакозо саволлар миясида ғужғон ўйнайди.
Биз ҳам Худовандимизни шундай қаттиқ севишимиз керак. У ҳақида бутун кун давомида тинмай ўйласак, унга озор етказмаймиз. У билан муносабатимиз ҳам ривожланиб боради. ТинмайХУдованд ҳақида ўйлаш, бизни солиҳлик томон бошлайди. Муқаддасликка томон олиб боради. Ахир ўзингиз ўйланг. Агар тинмай фақат Худованд ҳақида ўйласак, уни ҳафа қилишдан қўрқиб, ҳар бир фикрларимизни, ҳатти ҳаракатларимизни минг бир чиғириқдан ўтказиб, кейингина ҳаракат қилсак, албатта гуноҳдан узоқда бўламиз. Бу билан бутунлай гуноҳдан ҳоли бўлиб қоласиз деб ваъда бермоқчи эмасман. Аммо билиб қилинган гуноҳларнинг олди олинган бўлади. биз Худо билан яқин муносабатда бўлсак, ҳаётимизда қилган ҳатоларимиздан яхши сабоқ оламиз. Кейинги сафар шундай қилмасликка интиламиз. Биз Масиҳдан қандай ўрганган бўлсак, шундай яшашимиз лозим. Эфесликлар 4 боб 20-24 оятларда: “Аммо сизлар Масиҳдан ундай ўрганмагансизлар. Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, У ҳақда таълим олгансизлар. Шунинг учун энди Исонинг ҳақиқий йўлида юриб, эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар: яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига янги фикрга, руҳга эга бўлинглар. Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар”, деб ёзилган. Бутунлай янги табиатга эга бўлиш учун эски табиатимиздаги ёмон одатларимиздан озод бўлишимиз керак. Агар сиз ўзингиздаги ёмон одатларни билмасангиз ХУдодан сўранг. Унинг ўзи сизларга кўрсатади ва улардан озод бўлишга ёрдам беради.