Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугун сизлар билан яна Худо билан муносабатларимизни ривожлантиришнинг йўллари ҳақида суҳбатлашамиз. Худо билан муносабатларимизни тиклашда, уни тивожлантиришда, муқаддас яшашга интилиш, билмай қилган гуноҳларимиз учун Унинг ҳузурида чин дилдан тавба қилиш энг муҳим йўллардан ҳисобланади. Энди Самовий Отамиз билан муносабатимизни ривожлантишнинг бошқа энг муҳим ва энг бирламчи йўли ҳақида суҳбатлашамиз. Бу Унинг Каломини доимо еб туришдир. Агар биз бир кун овқат емасак, оч қоламиз. Танамиз кучдан қолади. Ҳар доимгидай тетик ва чаққон бўлолмаймиз. Танамиз учун моддий озуқа қанчалик муҳим бўлса, руҳимиз учун руҳий озуқа икки баробар муҳимроқдир. ҲАр куни танамизни озиқлантираётганимизда, руҳимизни ҳам озиқлантириш ёдимиздан кўтарилмаслиги керак. Агар ҳар куни Худованднинг каломларидан ўқиб, руҳан мутаҳкамланмасак, шайтоннинг қиздирилган ўқларига нишон бўлиб қоламиз. Чунки биз Отамиз билан муносабатда бўлмасак, шайтон бизни осонгина енга олади. Шунинг учун шайтонга қарши туриш, унинг васвасаларига енгилиб, гуноҳ қилмаслик, муқаддас ҳаёт кечириш учун Худованднинг Каломидан куч олишимиз керак бўлади. Ҳазрати Довуд шундай деган эди: “Сенга қарши гуноҳ қилмаслик учун каломингни юрагимда сақлайман.” Демак гуноҳга қарши туришимиз учун Унинг каломларини юрагимизда сақлашимиз керак экан.
Юқорида айтганимиздек агар биз бир неча кун Худонинг каломи билан озиқланмасак. Ҳаётимизда тартибсизлилар содир бўлаверади. Ёмон ҳаёлларга, васвасаларга осон берилувчан бўлиб қоламиз. Бундан эса фақат ўзимиз қийналамиз. Меҳрибон Тангримиз эса бизни бундай ҳолатда кўришни истамайди. Довуд ҳам худди шу ҳолатни бошдан кечирган кўринади. Забур 118 боб 28 оятда: «Жоним ғам-ғуссадан адо бўлмоқда, Каломинг билан мени мустаҳкамлагин.”, ёки «Мусибат кунида тасаллим шу бўлур, Сенинг каломинг жонимга жон бўлур. ”, деб ёзилган. Худованднинг каломларидан руҳимиз учун озуқа, танамиз учун куч, жазорат ва дадиллик оламиз. Унинг каломлари орқали Унинг биздан нима хоҳлашини, нимага даъват этаётганини билиб оламиз. Агар биз Худовандимизнинг хоҳишлари нима эканини билсак, унинг ҳузурига дадиллик билан кириб, муҳтожликларимиз учун ибодат қилишимиз ҳам мумкин. Калом ўқишдан ташқари ибодат ҳам Худо билан муносабатда жуда керакли ҳисобланади. Чунки суҳбатда ҳам тинглаш ҳам гапириш керак бўлганидай, ХУдованд билан муносабатда Уни тинглай билиш ва юрагимиздагиларни изҳор қила билиш ҳам ёрдам беради. Биз Худованд Каломларини тинмай ўқийдиган бўлсак, унинг нима хоҳлашини билиб олишимиз қийин бўлмайди. Шунда унинг хоҳишларига кўра ибодат қиламиз. Бу эса бизни руҳан етукликка бошлайди. Демак Худо билан муносабатларимизни ривожлантиришда, тавба қилиш, муқаддас ҳаёт кечиришга интилиш, Калом ва ибодатларнинг ҳаммаси бир – бирига боғланган экан. Шу занжирга асосланиб муносабатингизни тиклайсиз деган умиддамиз.