4:23

Гунохнинг содир бўлиши 2

MP3

Азизлар биз ўтган сафар сизлар билан шайтон инсонга қандай хужум қилиши, шу туфайли гунохнинг бошланиши хақидаги сухбатимизни бошлаган Эдик. Бугун эса унинг давомини сизларнинг эътиборингизга хавола қиламиз. Бизни тинглар экансиз, бундан сира ачинмайсиз. Биз ўтган сафар Шайтон инсонни гунохга етаклаши учун энг аввало савол билан хужум қилишини, кишининг дилида Худонинг каломига нисбатан шубха уйғотгач эса, ХУдонинг каломини бутунлай рад этишини билиб олдик. Киши гунох қилишидан олдин шайтон унга саволлар бериб, унда Худонинг каломига нисбатан шубха уйғотади. Шубха эса – ишончсизлик дегани. Худо каломига ишонмаслик эса албатта гунох қилишга сабаб бўлади. Шунинг учун хам Хотин таъқиқланган дарахт мевасидан еди, кейин ёнида турган эрига хам берди. Биз шайтоннинг ёлғонларига алданиб гунох қилганимиздан сўнг бу гунохимизга бошқаларни хам тортишга харакат қиламиз. Бошқаларни хам ўз фикрларимиз билан шу гунохга бошлаймиз.

Хўш, Момо Хаво ва Одам ато мевани еганларидан сўнг нима бўлди? Каломда шундай ёзилган: «Ўша захоти икковининг хам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англаб етдилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.” Улар мевадан еб, Худонинг амрини бузди, натижада эса гунох қилдилар. Уларнинг бу гунохи катта хато эди. Шу туфайли улар заиф бўлиб қолдилар. Инсон гунох қилгач, бу гунохда ёлғиз бўлишни истамай, бунга бошқаларни хам тортади. Бизнинг ота-оналаримиз гунох қилишади ва бу гунохга бизни хам тортишади. Буни аждодлардан ўтган гунохлар десак хам бўлади. Бу гунох занжири давом этаверади. Масалан оилада она фолчига ишонса, бу ишончни болаларига хам ўтказади. Натижада эса болаларига хам шу гунохини ўтказади. Авлоддан авлодга ўтадиган гунохлар хақида соатлаб гаплашиш мумкин. Аммо бизнинг хозирги асосий мавзумиз, шайтоннинг инсонни гунохга бошловчи усули хақида.

Одам Ато билан Момо Хаво мевадан олиб едилар, сўнг эса ўзларининг яланғоч эканликларини англаб етдилар. Улар аввал хам яланғоч эди, аммо буни улар пайқамасди. Чунки у пайтда хали уят деган тушунча йўқ эди. “Оқшом пайти шабада эсиб турганда, иккови боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билди. Одам ва хотини Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар.” Гунох қилгандан сўнг улар Худодан яширинди. Уларнинг қилган гунохи натижасида Худо билан улар орасидаги мукаммал муносабат бузилди. Гунохкорликлари учун Худонинг кўзига қарашга ботинолмадилар. Биз хам гунох қилгач, энг аввало Худонинг назаридан яширинишга уринамиз. Мумкин қадар Ундан қочамиз. Худо Одамни чақирганида у қандай жавоб берди? “― Мен боғда юрганингни билдим-у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб яшириндим, — деди. ― Яланғоч эканингни сенга ким айтди? – деб сўради Худо. ― Мен еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?” Улар гунох туфайли аввал хеч қачон хис қилмаган нарсаларини хис қилишди.

Улар яланғочлигидан Худованддан уялишди. Қилган ишлари учун Худованд олдида хижолатлик, қўрқув ва вахимани хис қилишди. Вахолангки аввал уларда бундай хислар йўқ эди.Гуннох туфайли уларда уят, хижолатлик, қўрқув, айбдорлик ва вахима хисси пайдо бўлди. Худованд нима учун маън этилган мевадан еганлигини сўраганида Одам қандай жавоб берди. “Ўзинг менга берган Хотин ўша дарахтнинг мевасидан олиб келган эди, мен хам едим.” Гунох учун жавоб бериш пайти келганида Одам аёлни айблади. Аёл эса илонни айблади. Гунох туфайли бошқаларни айблаш каби ёмон сифат хам кириб келди. Киши гунох қилганини тан олгиси келмайди. Чунки уят бунга йўл қўймайди. Гунохнинг натижасида уят, қўрқув, айбдорлик ва вахима хиссидан ташқари жахл, алам, нафрат ва инкор этиш каби хислар хам кириб келди. Биз гунох қилсак, гунохимиз фош бўлишидан қўрқамиз. Шу қўрқув сабаб бошқалар айбдор дея бор айбни бошқаларга қўямиз. Бу мавзудаги сухбатимиз хаётингизга асқотсин. Доимо хушёр бўлинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top