Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Худовандимиз шунчалик адолатли ва мехрибон-ки! Нега ундай деяпсиз, буни шундоқ хам биламиз, деяпсизми? Албатта биласиз. Бироқ мен Унинг адолатли ва мехрибон эканини фактлар билан кўрсатиб бермоқчиман. Ўтган сафар Худо дунёни яратгани ва Момо Хавонинг гунох қилишига нима сабаб бўлгани хақида сухбатлашдик. Одам Ато билан Момо Хавонинг гунохи туфайли, Худо уларни лаънатлади. Худо биринчи бўлиб шайтонни лаънатлади. Уни хамма яратилганлардан хам кўпроқ лаънати қилди. Хотин зотидан келиб чиққан Зот унинг бошини эзиб ташлашини айтди. Кейин эса хотинни лаънатлади. Фарзандларни дунёга келтиришда дард ва машаққат берди. Хотиндан сўнг эрни лаънатлади. У туфайли ерни лаънатлади. У қийналиб, тер тўкиб мехнат қилади. Кейин эса ер ундирган хосилни ейди. Худо уларни гунохларига яраша лаънатлаб, жазо берган бўлса хам, инсон зотига Худонинг олдига қайтиб келиши учун дарча очди.
Бу дарча Худонинг Одам Атога берган ваъдаси эди. Бу бобда Худо ваъдани тўғридан тўғри Одам Атога бергани йўқ. Агар шайтонга айтилган лаънатни яхшилаб ўқисангиз у ердан одамзодга берилган ваъдани кўрасиз. “Сен билан Хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан.” Худонинг ваъдасига кўра ўша Зот шайтоннинг душмани бўлиши ва унинг бошини эзиб ташлаши керак эди. Шайтон эса ўша Зотнинг товонини чақиши керак эди. Ўша зот Исо Масих. Масих инсоният билан Худо ўртасидаги муносабатни тиклади. Агар Худонинг ваъдаси бўлмаганида Муқаддас Китоб 3 бобдаёқ тугаган бўларди. Муқаддас Каломнинг кейинги китоблари қандай қилиб Худо Ўз ваъдасини бажариши хақида ёзилган. Ўша Зот инсоният билан Худо ўртасидаги муносабатни тиклаши ва шайтонинг бошини эзиш учун баъзи нарсаларни қилиши керак эди. Исо Масих хочда бизнинг гунохларимиз ўрнига ўлганида шайтоннинг бошини эзди. Худо берган ваъда хотиндан келиб чиқадиган Зот хақида эди.
Бу ваъда эса Муқаддас Китоб тарихи давомида қайта-қайта такрорланади. Адан боғида яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтидан ташқари хаёт дарахти хам бор эди. Одам Ато билан Момо Хаво Адан боғидан чиқариб юборилгач, Худо шундай деди: «Мана, одамзод яхши ва ёмонни фарқлашда худди биздай бўлиб қолди. Энди, тағин қўлини чўзиб, хаёт дарахти мевасидан хам олмасин, уни еб абадий яшамасин.” Агар инсон гунохкор бўла туриб хаёт дарахти мевасидан ейдиган бўлса, Худо ваъда қилган нажотга умид қилмасдан абадий яшайдиган бўлиб қоларди. Шунинг учун Худо уларни боғдан чиқариб юборди. У хаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Карубларни ва айланадиган алангали қилични қўйди. Худо уларни чиқариб юборишдан олдин, уларнинг устиларидаги барглардан қилинган ёпинчиқ ўрнини хайвон терисидан қилинган кийим билан алмаштирди. Уларнинг яланғоч таналарини бекитиш учун Худо бир хайвонни қурбон қилди. Бу нарса кейинчалик Эски Ахд қонунига асос бўлди. Ибронийларга ва Левилар китобининг муаллифлари бизга шундай дейди: «қон тўкмай туриб гунохни ювиб бўлмайди”.
Шунинг учун Худо Одам Ато билан Момо Хавонинг гунохи учун қон чиқариб қурбонлик қилди. Бу қурбонлик то хақиқий нажот келмагунча инсониятнинг гунохини ёпиб туриши мумкин эди. Инсониятнинг кўпайиши ибтидо китобининг 4 бобидан бошланган. Одам Ато билан Момо Хаво икки ўғил кўришди. Уларнинг исми Қобил ва Хобил эди. Улар Худога қурбонлик келтиришди. Қобил дехқон эди. У ўзи етиштирганлардан Худога қурбонлик олиб келди. Агар эсингизда бўлса Худо ерни лаънатлаган эди. Қобил етиштирган махсулотлар эса ўша ернинг махсули эди. Худо унинг қурбонлигини қабул қилмади. Хобил эса чўпон эди. У қон чиқариб қурбонлик қилди. Худо эса унинг қурбонлигини қабул қилди. Жахл ва хасаддан Қобил ўз укасини ўлдириб қўйди. Худо Одам Ато билан Момо Хавога бошқа ўғил берди. Унинг исми Шит эди. Одам Атонинг шажаравий дарахти мана шу Шитдан давом этарди. Шитдан Нухгача бўлган Одам Атонинг авлодларини санаб ўтамиз. Шит, Энўш, Қенан, Махолалил, Ёред, Ханўх, Матушаллох, Ламак ва Нух. Бу пайтга келиб ер юзида одамлар анча кўпайиб қолган эди.