4:33

Иброхимнинг итоаткорлиги

MP3

Азизлар биз анчадан бери Иброхим пайғамбарнинг хаётидан мисоллар келтириб, сиз билан Худонинг йўллари ва Унинг сифатлари хақида ўрганяпмиз. Биз Иброхимнинг Худога бўйсуниб, ўз ота-онаси яшаб турган ердан Худо кўрсатадиган ерга кетганини, Худованднинг танлангани бўлсада, гунох ва хатолар қилганини, аммо шу хатолар чоғида хам Худованд унинг хаётида ишлаганини кўрдик. Бу воқеаларнинг хар бири бизга Худованд хақида ўргатади. Аммо бугун Иброхимнинг энг асосий сифати аниқроғи Худо шакллантирган сифати хақида сухбатлашамиз. Бу ундаги бўйсуниш сифати. Бўйсуниш бу нима? Бу хақида хаммамиз жуда яхши биламиз, аммо хозир чуқурроқ қараб кўрайлик-чи! Бўйсуниш бу ўз хохишларимиз ва холатларимизга қарамай, уларни қолдириб Худога қараш ва У айтганидай қилишдир. Биз кўп кунлардан бери Иброхимнинг хаёти, унинг ўғли Исхоқ хақида сухбатлашаяпмиз, аммо барибир бизнинг диққатимиз Худода бўлиши керак. Иброхимнинг хаёти хақида ўрганишимиздан мақсад, Худога диққатимизни қаратиш ва Унинг фарзандлари хаётида ишлайдиган усулларини ўрганишдир.

Худованд Иброхимга ягона ва севимли ўғлингни қурбон қил, деганида Иброхим нима қилди. Келинг унинг Худованд буйруғига қандай жавоб берганини Каломдан кўрамиз. “Иброхим эрта билан туриб” бу сўзларни фақат Ибтидо 22 боб 3 оятда эмас 21 боб 14 оятда хам ўқишимиз мумкин. Кейинги оятда у Худованд айтганидай чўриси ва ўғли Исмоилни жўнатаётган эди. У хар икала ўғлига тегишли бўлган буйруққа кечиктирмасдан амал қилди. У Худованднинг буйруғига қарши чиқмади, Худованднинг фикрини ўзгартириб кўришга харакат қилмади, фақат имон билан харакат қилди. Худованд хар доим Ўз хизматчиларини мана шунақа катта холатлар учун олдиндан тайёрлайди. Ундан ташқари Худованд Иброхим Унинг буйруғига тўлиқ итоат қилаётганини кўрди: “Иброхим эрта билан туриб, эшагини эгарлаб,қурбонлик куйдириш учун ўтин хам майдалади-да, қулваччаларидан иккитасини ва ўғли Исхоқни ўзи билан олди.”

У Худонинг буйруғига хеч иккиланмай амал қилаётган эди. У бу ишни кейинга хам қолдирмади. Биз-чи, биз хам худди Иброхим отамиздай иш тута оламизми? Агар тўғрисини айтадиган бўлсак, биз ундай қилмаймиз. Биз Худонинг буйруғини била туриб, кўпинча уни бажаришни кейинга қолдирамиз. Ёки Худованд бизга Муқаддас РУхи орқали бирор нарса деганида бунга шубха қиламиз. Ростдан хам Худо мендан шуни хохлаяптими? Деган ўй ўтади бошимиздан. БАъзиларимиз Худонинг буйруғига бўйсунамиз баъзиларимиз эса йўқ. Худога бўйсуниш осон иш эмас, аммо у бизни чақирган Худога бўлган соф имонни талаб этади. Бўйсуниш учун киши Худога тўлиқ ишончга эга бўлиши керак. Имон эса бизнинг Худо билан муносабатимиздан келиб чиқади. Сизнинг хаётда босадиган хар бир қадамингиз Худога бўлган ишончингизни ўстириши мумкин ёки аксинча. Балки бугун хозирнинг ўзидаёқ ўз хаётингиз хақида мушохада қилиб, ўз-ўзингиздан сўраб кўрарсиз?!

Сиз ўзингизга “Худо мени чақирганми?” Шу йиллар давомида мени шакллантириб келаяптими? Мен Унинг чақириқларига дархол жавоб бераяпманми? Мен Худовандга қандай ишонаяпман? Мен хар бир ишни Унга бўлган ишонч билан қилаяпманми? Каби саволларни бериб кўринг. Бу саволларни ўйлаб кўриб уларга жавоб топишингиз сизнинг рухий хаётингизга ва Худо билан муносабатингизга яхши таъсир беради. Биз хар куни ўз-ўзимизга шу каби саволларни бериб турсак ёмон бўлмайди. Иброхим қурбонлик қўзисини Худонинг ўзи етказишига ишонарди. БУндай кучли ишонч фақат Худо билан яқин муносабат орқалигина келиши мумкин. Яна у Худованд ўликларни хам тирилтиришга қодир деб ишонарди. Мен хам шундай кучли ва соф имонга эга бўлишни жуда хохлардим. Сиз-чи? Сиз хам хохлайсизми? Худованд билан хар кунги яқин муносабатлар, Унинг амрларига бўйсуниш, доимо Унинг хузурини қидириш сизга шундай кучли ва соф имонни бериши аниқ. Демак нима қилишни ўзингиз жуда яхши биласиз. Шундай экан бундай имонга эга бўлиш учун харакатни бошланг. Худованднинг Рухи сизга ёр бўлсин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top