Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугун хам сизлар билан ўтган сафарги мавзумизни чуқурроқ давом эттирамиз. Ўтган сафар Муқаддас Каломдаги қайси китоблар ҳикоя жанрида экани, ва уларнинг мақсадлари ҳақида суҳбатлашдик. Бутун эса Худонинг ҳикояси қанақа экани ҳақида сухбатлашамиз. Эски Аҳдга киритилган ҳикоя жанридаги китоблар бу фақат ўша замонда яшаб ўтган кишилар ҳақидаги ҳикоя эмас. Бу ҳикояларнинг бош қахрамони Худо. Хар бир ҳикояда Худованд Ўз халқи учун ва улар орқали қандай ишлар қилгани ҳақида ёзилган. Бу ҳикоялар инсонлар ўзлари тўқиб чиқарадиган оддий ва дунёвий ҳикоялардан мутлақо фарқ қилади. Бу ҳикоялар илоҳий хикоялардир. Худо эса бу илоҳий ҳикояларнинг бош қахрамони. Эски Аҳддаги ҳикоялар аллегория ёки яширин маъноларга тўла ҳикоя эмас. Албатта Муқаддас Каломдаги айрим ҳикояларни тўғридан тўғри тушуниш қийин.
Булар Худонинг тарих давомида тутган йўли, инсонларнинг қилган ишларига жавоби, инсон хоҳишига қарши қилган ишлари буларнинг ҳаммасини бир ўқишдаёқ тушуниб олиш қийин. Баъзан эса Худонинг қилган ишлари тўлиқ баён этилмаган, баъзан эса Унинг ишлари тўлиқ баён этилган тақдирда ҳам, қандай ва нима учун шундай қилгани ёзилмаган. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳикоялар бизнинг ҳамма саволларимизга ҳам жавоб беравермайди. Ҳикоялар орқали нима айтилмоқчи бўлган бўлса, фақат ўша нарса ёритиб берилган холос. Биз эса бизга берилган маълумотга қаноат қилишни ўрганишимиз керак. Баъзан ўқиётган нарсаларимиз инсон онгига сиғмайди. Худонинг қилган мўъжизалари. Мўъжизаларнинг қандай қилингани ҳақида айтилмайди. Баъзилар Худованд мўжизасининг қандай содир бўлганини билишга бўлган интилиши туфайли нотўғри тасаввур ва тахминга бориб қоладилар. Худо эса бизга Муқаддас Каломда Ўзининг ишларини оддийгина қилиб айтиб ўтган.
Муқаддас каломдаги ҳикоялар бизга ўргатмоқчи бўлган нарсани тўғридан-тўғри айтиб қўя қолмайди. Каломдаги ҳикоялар бизни Худонинг табиати билан таништиради. Одатда бирор нарсани ўрганиш учун ўша нарсани бошдан кечириш керак бўлади. Бироқ Муқаддас Каломга киритилган ҳикояларни чин дилдан, Муқаддас Руҳга қалбингизни очган ҳолда ўқисангиз, бу ҳикоялар ичида ўзингиз ҳам қатнашгандай, ёки бунга ўзингиз гувох бўлгандай ҳис қиласиз. Чунки бу илоҳий ҳикоялар сизга Худонинг ишлари ҳақида билимни қўлингизга тутқазади. Бу ҳикоялар инсоний ҳикоялардан мутлақо фарқ қилади. Уларни тирик ҳикоялар дейиш ҳам мумкин. Чунки ҳикояни ўқиш давомида Худо ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўласиз. Сизнинг хулқингиз ҳам ўзгаради. Агар ҳақиқий Масиҳий бўлсангиз, Эски Аҳд сизнинг руҳий ҳикоянгиз хисобланади. Худонинг Эски Аҳд давомида Исроил халқини чақиргани ва уларга берган ваъдалари сизга ҳам тегишлидир.
Энг қизиғи Худо шу билимлар орқали сизнинг ҳаётингизда ишлайди. Ўрганганларингизни ҳаётингизда бошингиздан кечирасиз. У билан мулоқотга киришишингиз ҳам осонлашади. Чунки ҳикояларни синчиклаб ўрганиш жараёнида Худо ҳақида кўпроқ билиб олдингиз. Гарчи Муқаддас Каломдаги ҳикоялар маънони тўғридан тўғри бермаса ҳам, нима демоқчи эканини сизга тушунтириб беради. Муқаддас Каломда маъно баъзи воқеалар тагига яширинган ҳикоялар ҳам, маъносини тўғридан – тўғри бердиган Каломлар ҳам бор. Каломни ўқир экансиз Муқаддас Руҳ сизга маъносини тушунтириб беради. Масалан Довуднинг Батешва билан қилган гуноҳи ҳақида ўқисангиз, у ерда Довуднинг бу иши гуноҳ эди, деб ёзилган оятни топмайсиз. Бироқ бунинг гуноҳ эканини ҳикоядан тушуниб олишингиз мумкин. Каломнинг бошқа жойида эса: «Зино қилма”, деб аниқ ёзиб қўйилган. Азизлар Муқаддас Каломни чуқурроқ ўрганиш хоҳиши сўнмаган бўлса бизнинг кейинги суҳбатларимизни кутинг.