Ассалому алайкум қадрли ота-оналар. Атрофингиздаги танишларингизнинг ёки қўшниларингизни болаларининг гапларини эшитганмисиз? Уларнинг баъзилари худди катталардан гапиришади. Бундай болаларнинг гапларини эшитиб беихтиёр: «Худди катта одамни кичкина қилиб қўйгандай!”, деб хайрон бўласиз. Боланинг ўзини бундай тутиши табиий. Хар қандай бола ота-онасининг хатти-харакатини, ўзини тутиши-ю, сўзлашишини кузатади. Улардан андоза олади. Хеч қачон улар сизнинг айтганларингизни тўла-тўкис бажармайди. Кўпроқ таъқиқланган нарсаларни қилишга харакат қилишади. Чунки улар қизиқувчан-да. Мехрли, ғамхўр фарзандлар халимдек юмшоқтабиат, хокисор оналардан туғилади. Гохида тили аччиқ мехрсиз оналар, фарзандларига қараб: “Кимга ўхшаган экансан-а? Бирам қайсар, бирам захар!”, дейишади. Аслида буғдойдан буғдой, курмакдан курмак унади-да! Баъзида қизчаларнинг “холакам-холакам” ўйнаётганларининг гувохи бўламиз. Уларнинг гапларига диққат билан қулоқ солсангиз, гапларидан хайратган тушасиз.
“ ― Вой қўшнижон, кечқурунда уй супуриб бўлмайди. Бехосият бўлади-я. ― Жуда расво-да, болаларим. Бир кунда ўн марта уй супурсам хам хамма ёқни тўзитиб ташлашади, эшшаклар! ― Ха, сизники халиям юввош. Мана мени Хасаним ғирт дадасига тортган. Атайлаб жиғимга тегади. Умуман гапимга кирмайди! Отасидан хам безор бўлдим, қачон қараманг ичиб келади.” Қизчалар қўғирчоқларини у ёқдан-бу ёққа харакатлантирганча, ўйинларини давом эттирадилар. Улар бунақа гапларни қаердан топишаркин? Ёшлигимизда оналар бошқа бир аёл билан гаплашаётганларида атрофидаги болаларини ташқарига чиқариб юборишарди. Катталарнинг гапига қулоқ солиш яхши эмас, дейишарди. Хозирги болалар эса онаси ким билан нимани гаплашаётганини кузатиб, айтганларини ёдлаб олишади. Баъзида ширингина болажонларнинг дадасига ёки онасига тақлид қилганларини кўриб, қувонамиз ва улардан бу қилиқларини яна қилиб беришларини қайта-қайта сўраймиз. Мехмонлар келганида уларнинг қанчалик зукко эканликлари билан мақтаниб, болажонларнинг қилиқларини кулиб томоша қиламиз.
Аммо бунинг ортида ўзимизнинг ноўрин харакатларимиз ётганини кўрмаймиз. Хар бир бола ўз уйида ота-онасининг хатти-харакатини, гапирган гапларини такрорлар экан. Айрим эркаклар болаларининг олдида уятсиз гаплар гапириб, ўз ахлоқсизликларини болаларига намойиш қиладилар. Бола хали ёш, хеч нарсани билмайди, деб ўйлашади. Мана шу ёш болакай, онгига ота-онасидан хам яхши хам ёмон маълумотларни сингдиради. Айниқса ёмон гаплар, қилиқлар боланинг онгига кўпроқ ўрнашади. Ахир инсон табиатан ёмонликка мойилроқ-да. Ундан хам ёмонроғи, агар эркак оилада хотинига қўпол муносабатда бўлса, хотинини бўлар-бўлмасга дўппослайверса, оилада ўсаётган ўғиллар хам оталаридан андоза олиб келажакда худди отасидай бўлиб етишади. Оналар қарғайдиган, тили захар ва шаллақи бўлса, оилада ўсаётган қизлар хам онасидан ўрнак олади. Улар хам келажакда худди шундай захар ва шаллақи бўлиб ўсадилар. Баъзи қизлар онасидек бўлишни истамаса хам онаси қилганларини ўз болаларига қайтаради.
Чунки у бошқача тарбия кўрмаган. Болаларига хам бошқача тарбия беролмайди. Яна бир гурух ота-оналар борки, улар бир-бирларидан аразлашиб қолсалар болалар орқали гаплашади. Донишмандларимиз бежизга «Бола эр-хотин тилмочидир”, — дейишмаган. Ота онага зарур бир гапни айтиши лозим бўлса бола орқали айттиради. Она хам худди шундай. Бу холат болага ёмон таъсир қилишини ўйлаб хам ўтиришмайди. Оилада жанжал тўпалон қанча кўп бўлса, болалар хам серзарда бўлиб ўсади. Тенгдошларининг оилаларига хаваси келади. Қуш уясида кўрганини қилади, дейишади. Гохида кўпгина ота-оналар ёнимизда боламиз эшитяпти ёки биздан ўрнак олиши мумкин, деб ўйламасдан хар нарсани гапираверишади. Ўз сирларини ўзлари очишади. «Болага айтилаган сир – бойланмаган сигир” – дейишади. Чунки боланинг олдида оиладан ташқарига чиқиши лозим бўлмаган гапларни гапирсангиз, бола ўзи билмаган холда буни кўчага олиб чиқади. Шунинг учун қадрли ота-оналар болаларингизга яхши ўрнак бўлинг.