Ассалому алайкум азиз тингловчилар. Сухбатимиз мавзусидан ёш-келин куёвлар хақида гап кетса керак, деган тахминга боргандирсиз? Ундай эмас. Сухбатимиз оила ва ундаги муаммоларнинг келиб чиқиши хақида. Бундан 20-30 йиллар олдан жамиятда оилаларнинг бузилиб кетиши сони хозиргидан анча кам эди. 70 йиллар олдинги холатни-ку, гапирмаса хам бўлади. Ғарб оммавий воситаларининг олимлар фикрига таяниб ёзишича, 19 аср оиласини кенгроқ маънода иқтисодий бир бутунлик дея тушуниш лозим. Дехқон оиласида фарзанд қанчалик кўп бўлса, у шунчалик мустахкам ва бадавлат бўлган. Ва, аксинча, фарзандлари камроғи хаётда қийналиброқ яшаган. Дехқон оиласида фарзандга биринчи навбатда ишчи қўл сифатида қарашган. Эр-хотин ота-онанинг райига қараб қовушган. Улар бу никох бизнинг оиламизга фойда келтирадими-йўқми, деган нуқтаи назарга амал қилишган. Умуман олганда европада хусусий мулкка алохида эътибор қаратишгани учун хам оила мулки отанинг мулки хисобланган.
Отанинг гапи фарзандлар учун қонун бўлган. Оила ишларига давлатнинг аралашиши мутлақо таъқиқланган. 20 асрда пайдо бўлган шўро оиласи эса жамият тарихида кўрилмаган янги бир бирликни юзага келтирди. Шўролар хукумати оилада эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқлилигини таъминлаш бахонасида хотиннинг қўлига айрим қўшимча хуқуқлар берди ва бу хуқуқларнинг таъминланишини давлат ва партия назоратига олди. Хотин эридан норози бўлиб, партия ва шўро идорасига шикоят қилса бас, эрининг ишини пачава деяверинг. У камида амалидан ажралиш билан қутулган. Бу хол хақиқатда оиланинг мустахкамлигини таъминлаган, деб айтиш қийин. Чунки аёл ўзининг шахсий фазилатлари билан эмас, давлатнинг ёрдами билан тенг хуқуққа эришгани боис, оила деган мустахкам қўрғонга учинчи бир шахс кириб олишига имкон яратилди. Бу эса оиланинг табиий мустахкамлигини ич-ичидан емирган. Албатта оилага хукуматнинг аралашиши оила мустахкамлигини сақлаб қололмайди. Оила мустахкам бўлиши учун оиладаги эр ва Хотин биргаликда харакат қилиши, бир-бирларини тушунишни ўрганиши, энг мухими бир-бирини севишлари лозим.
Қолаверса шўролар даврида оиласини бемалол боқолмаган шахс, хотини олдида тили қисиқ бўлиб қолаверарди. Агар бундан 100 йиллар ортга қайтсак, оилада ота топиб келоладими, йўқми, отанинг ўрни йўқолмаган. Эр хар доим иззат ва хурматда бўлган. Оналар болаларига доимо оталарини хурмат қилишда энг яхши намуна бўлганлар. Аммо оилада аёлнинг хуқуқини эркакникига нисбатан мустахкамлаш охир-оқибатда табиий танланиш йўли билан юзага келган патриархат ўрнига матриархат юзага келишига замин яратди. Бироқ тарихни орқага қайтаришга бўлган бу уриниш ўзининг самарасини бермагани маълум. Ажралсанг, ишингдан, амалингдан айриласан, деган қўрқув устига қурилган шўролар оиласи ич-ичидан зил кетишда давом этди. Оилада эр-хотиннинг вафодорлиги ўрнига чексиз жанжаллар мухити пайдо бўлди. Партия идоралари тугатилгач, аёл эридан шикоят қилиб борадиган жойнинг ўзи қолмади. Натижада оилаларнинг бузилиши, ёш оилаларнинг ажралиб кетиши холлари кўпайди. Отасиз туғилган болалар жамиятнинг тузалмас жарохатига айланиб бормоқда.
Бугунги кундаги социологларнинг тахлиллари кўрсатишича, фарзанд кўриш учун оила қуриш, деган тушунча кўпгина эркак ва аёллар учун иккинчи даражали ишга айланиб бормоқда экан. Аёл киши битта фарзандни ўзим хам боқиб ололаман, деган фикрга келмоқда. Натижада никохсиз туғилган болалар сони кескин ортиб бораётир. Одамлар кўзига ёмон кўринмаслик учун вақтинчалик никохдан ўтиб, фарзанд туғилиши билан эридан айрилиб кетаётганлар хам кўпаймоқда. Бунинг устига фарзанд кўришни эмас, эмин эркин маза қилиб яшашни истаётган, фарзанд кўришни ўзларига ортиқча ташвиш деб билаётган оилалар сони хам ортиб бормоқда. Юқоридаги гаплар билан аёл киши тенг хуқуқли бўлишга хақли эмас демоқчи эмасмиз. Қайсидир маънода у албатта тенг хуқуқли бўлиши керак. Бироқ бу тенг хуқуқлиликни зўравонлик орқали эмас, ўзидаги бетакрор хислатлари, эрига бўлган хурмати орқали эришиши керак. Аёл кишининг дунёга келишидан мақсад, эрига ёрдамчи бўлишдир. Азизлар никох ва оила хақида бизнинг сайтимизда серияли программа бор. Бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб бу мавзу хақида кўпроқ билиб олишингиз мумкин.