3:37

Оилада ибодатнинг кучи 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Бугун ҳам сизлар билан ўтган сафарги мавзумизни давом эттирамиз. Ўтган сафар бу мавзунинг кириш қисмини кўриб чиққандик ҳолос. Энди эса оилада ибодатнинг ўрни нечоғлик муҳим экани ҳақида сухбатлашамиз. Аввал айтиб ўтганимиздек, ҳеч бир ота-она мукаммал эмас. Ҳамма ҳам адашади, хато қилади, ҳатто Муқаддас Руҳга тўлган имонли ҳам. Ҳеч ким хатолардан кафолатланмаган. Бироқ хато қилгандан сўнг уни тузатиш ҳақида ҳам ўйлаш лозим. Умидсизликка тушишнинг кераги йўқ. Бир куни фарзанд тарбияси ҳақида бўлган суҳбатдан сўнг бир аёл кўзларида ёш, қалбида афсус билан ёнимга келди. У менга: «Мен жуда кўп хатолар қилдим. Фарзанд тарбиялашда жуда кўп хатолар қилдим. Энди фарзандимнинг тарбиясини ўзгартиришим учун ҳеч қандай умид йўқ. Энди кеч”, деб афсус билан кўз ёши қилди.

Ўшанда мен унга ҳеч нима деёлмадим. Чунки ўзим ҳали фарзанд тарбияси ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Бироқ бир неча йил ўтиб, қўлимга бир китоб тушиб қолди. Унда худди шу аёлнинг қисматига ўхшаш бир мисол келтирилганди. Ўша мисолдан кейин эса Муқаддас Каломдан оятлар берилганди. Уларни ўқиб, бир неча йиллар олдин биродаримга айтолмаган сўзларимни топдим. Ҳозир бу сўзларни сизга айтаман. Агар кимдир фарзанд тарбиясини ўзгартиришга энди кеч, нотўғри тарбия қилибман, деб ўйлаётган бўлса, бундан ташвишда ва тушкунликда бўлса асло ғам чекманг, дейман. Ҳали умидингиз бор. Ибодатнинг кучи орқали ҳали умидимиз бор. Келинг яхшиси Муқаддас Каломда Худованд сиз-у, бизга бу ҳақида нима деганини ўқиймиз. “Сўраб туринг, сизга берилади. Излаб туринг, топасизлар. Тақиллатиб туринг, сизга очилади. Чунки ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар.”

Матто 21:22 оят: «Сизлар ибодат қилиб, ишонч билан нимаики сўрасангиз, эришасизлар.” Юҳанно 16:24 «Ҳозиргача Менинг номим билан Отадан бирон нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, эришасизлар ва қувончингиз камол топади.” Лука 18:1 “Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш кераклиги ҳақида масал айтиб берди.” Маталлар китобида эса шундай оят бор: «Солиҳнинг ибодати эса унинг қувончи”. Инжилга киритилган мактублардан эса «Тинмасдан ибодат қилиш” ҳақида кўп ўқиймиз. Филлипликлар 4 боб 6 оят эса ҳамма имонлиларга маълум: “Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар.” Ёқуб 5 боб 16 оятда эса солиҳ кишининг ибодати қанчалик кучга эга эканлиги ҳақида ёзилган: «…Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир.”

Масиҳий сифатида ҳаммамиз қудратли Худовандимизга «Осмондаги Отамиз”, деб мурожаат қилиш имтиёзига эгамиз. Чунки биз Худонинг оиласига қабул қилинганмиз. Унинг Ўзи бизни Ўзининг фарзандлари қилиб яратди. Раббимиз Исо Масиҳ Осмондаги Отамиз илтижо қилганимизда албатта эшитиши ҳақида шундай деган эди: “Сизлар ёвуз бўла туриб, болаларингизга яхши ҳадялар беришни билсангиз, боз устига осмондаги Отангиз Ундан сўраганларга мўл-кўл неъматини беради!”. Ҳамма ота-оналар шу оятга асосланган ҳолда фарзандлари учун ибодат қилишлари мумкин. Деярли ҳар бир оилада фарзандларига таалуқли энг қийин ҳолат бўлади. Бундай пайтда Масиҳий бўлиб яшашнинг энг яхши томони, юқорида сени эшитадиган Зотнинг борлигидир. Бироқ Самовий Отамизни билмайдиганлар бу ҳолатда нима қилишади? Азизлар бизнинг сухбатларимизни тинглаб боринг. Кейинги сафар ибодатнинг оиладаги аҳамияти ҳақида суҳбатлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top