2:47

Болаларнинг отаси ҳақидаги фикри

MP3

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз жуда антиқа. Одатда биз катталар болаларни шахс сифатида қабул қилмаймиз. Уларга шунчаки бола деб қараймиз. Ота-она бўлганимиз ҳолда, болаларнинг дунёқараши, фикрлари ва ҳис-туйғуларини эътиборга олмаймиз. Баъзида уларда ҳам фикрлар ва ҳис-туйғулар борлигини унутамиз. Улар ҳам сиз-у биздек шахс, бироқ ҳали кичкина. Уларнинг атрофдагилар ҳақида ўз фикрлари ва воқеа-ҳолатларга ўз қарашлари бор. Улар ҳам ўз фикрларини билдиришни исташади. Уларнинг фикри бизнингча жуда жўн ва болаларча эшитилгани учун ҳам, эътибор қилишимизга арзимайди, деб адашамиз.

Ҳар бир бола оилада ўз ўрнига эга бўлишни истайди. Бир боланинг ўрнини бошқаси эгалламаслиги керак. Агар оилада бола қадрланса, қандай бўлса шундайлигича қабул қилинса ва етарлича муҳаббатга эга бўлса бундай бола ўзини тўлақонли ҳис қилади. Келажакда кўнгилсизликлар ҳам бўлмайди. Америкалик оилавий мутаҳассислар болалардан сўровнома олишган. Бу сўровноманинг шартига кўра болалар оталари ҳақида фикр билдиришлари керак эди. Ҳар бир бола отасининг ўзига бўлган муносабати ҳақида гапирган. Болалардан баъзилари, отаси ҳақида: «У меҳрибон ва яхши одам”, деса бошқалари “Отам ҳақида яхши билмайман”, деб жавоб берган.

Меҳрибон ва яхши дадалар билан боласига номаълум бўлган дадалар ўртасида қандай фарқ бор? Меҳрибон ва яхши дадалар болаларига бўлган муҳаббатларини турли хил йўллар билан кўрсатадилар. Улар билан бирга ўйнайди, дарсларига ёрдам беради, муаммоларига кўмаклашади, фикрларини тинглайди, маслаҳат беради. Хулласки фарзанд истаган вақтида отасидан кераклича эътибор ва муҳаббат ола олади. Оталарнинг «меҳрибон ва яхши” деган номга сазовор бўлиши осон иш эмас. Бунинг учун кўпинча ўз ҳузуридан ва истакларидан воз кечишларига тўғри келади. Ишдан чарчаб келиб, диванда маза қилиб чўзилиб ётиш ўрнига, фарзандига ёрдам бериши керак. Кўчада қиладиган унчалик аҳамиятсиз ишини ташлаб, фарзанди билан бирга вақт ўтказиши лозим.

Баъзида эса бирор бир иш қилаётганида фарзандини ҳам ёнига чақириб, сабр-тоқат билан унга ҳам ўргатиши керак бўлади. Бунинг учун оталардан сабр-тоқат ва чидам талаб этилади. Номаълум бўлган отани тасвирлаб бериш қийин эмас. Бундай оталар одатда уззу-кун ишда бўладилар. Эрта кетиб кеч қайтади. Дам олиш кунлари ҳам фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлайди. Боласи ҳақида бош қотирмайди. Боласининг тарбияси ва унга ғамхўрлик қилишни бутунлай аёлига ташлаб қўйган. У: «Менинг вазифам пул топиб оиламни таъминлаш”, деб ўйлайди. Бундай отанинг фарзанди келажакда отасининг қандайлигини билолмай қийналади. У билан қандай муносабатда бўлишни ҳам билмайди. Чунки отаси у билан вақт ўтказмаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top