Ассалому алайкум, қадрли ота-оналар. Бугун ҳам болаларни ўстириш мавзусида суҳбатлашамиз. Болаларнинг яхши ўсишига овқатланишнинг аҳамияти қанчалик катта бўлса, уларни ўраб турган ташқи муҳитга тўғри ва соғлом фикрда бўлиши ҳам шунчалик муҳим. Биз ота-оналар болаларни ташқи муҳитга нисбатан тўғри муносабатда бўлишни ўргатишимиз лозим. Масалан у истеъмол қилиши мумкин бўлган нарсалар ҳақида тўғри маълумот бериш. Агар биз болаларимизга ҳамма нарсаларга нисбатан тўғри фикрлашни ўргата олсак, кейинчалик улардан кўнглимиз тўқ бўлади. бунда тарбия ҳам катта аҳамиятга эга. Болага атрофдаги қўни-қўшнилар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тўғри тушунча бериш лозим. Болалар катта бўлган сари, турли ҳил нарсаларга қизиқиши ошади, улар ҳақида сиздан тинмай сўрайверади. Шундай пайтларда у қизиққан нарсаларнинг қай бир яхши-ю, қай бири ёмонлигини яхшилаб тушунтиринг. Масалан сигарет, ароқ, пиво ва шунга ўхшаган нарсалар. Мумкин қадар уйда шу ҳақида сўз кетганда, унинг зарарлари ҳақида кўпроқ тушунтиринг, кўча куйда кетаётганингизда унинг натижаларини ҳам кўрсатинг. Болангиз тамаки, ва спиртли ичимликлар ҳақида етарлича маълумот олиб, ёшлигидан уларнинг зарари ҳақида билиб олсин. Шундагина улар катта бўлгач, бу нарсаларга яқинлашмаслиги мумкин. Уларга ХУдо танани фойдали нарсалар учун яратганлигини тушунтиринг. Агар танамизни юқоридаги нарсалар билан булғасак, Худо ҳафа бўлишини тушунтиринг.
Иложи бўлса болаларингиз билан бу мавзулар ҳақида ўйин ўйнашингиз мумкин. Масалан, болангиз ўша зарарли нарсалар ҳақида расмлар чизсин, ҳикоялар тўқисин. Сиз эса уларнинг ишларини рағбатлантиринг. Аста секин наркотиклар ҳақида ҳам тушунтириб боринг. Чунки бугунги кунда дунёда миллионлаб ёшлар наркотика таъсирига тушиб қолиб, ўзларини хароб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам болангиз ҳали ёшлигидаёқ наркотик моддаларнинг қанчалик даражада дахшатли эканини, уларга ўрганиб қолиб, сўнг ташлай олмаслигини, унинг оқибатлари ҳақида болангизга яхшилаб тушунтиринг. Наркотик моддалар кишини муқаррар ўлимга олиб келишини уқтиринг. АГар сиз болангизга ёшлигида юқоридаги зарарли нарсалар ҳақида тушунтирангиз, уларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўргатсангиз болангиз келажакда соғлом мустақил фикрлайдиган бола бўлади. аммо болангизни шу нарсалардан ҳимоя қилишнинг яна бир усули бор бу ҳам бўлса сизнинг тарбиянгиз. Болангизни шундай тарбия қилинг-ки у ўзи ҳақида тўғри фикрда бўлсин, ўзини-ўзи ҳурмат қиладиган, ўзини бошқара биладиган бола бўлсин. Хўп, дейишдан ташқари Йўқ, дейишни ҳам билсин. Болангиз улғайиб, бошқа болалар даврасига тушиб қолганида, ёмон болалар наркотик модда таклиф қилганида Йўқ, дея билсин ва ўша даврадан чиқиб кета олсин. Одатда ўзи ҳақида етарлича тўғри фикрлай олмайдиган болалар, бошқаларга ёқиш учун уларнинг таклифларини қабул қиладилар. Демак болаларимизнинг яхши ва соғлом ўсиши учун бизнинг тарбиямиз ҳам катта аҳамиятга эга экан. Шу йўлда сизга буюк сабр-тоқат тилайман. Омон бўлинг!