Ассалому алайкум қадрдон тингловчилар. Хўш, бизнинг массаж ҳақидаги суҳбатимизни соғиниб қолдингизми? Массаж ҳақида кўпроқ билгингиз келяптими? Сизни ишонтириб айтаман-ки, бизнинг суҳбатимизни эшитгач, массаж олишни хоҳлаб қоласиз. Унгача эса бизни эшитинг. Негадир қўлингиз суяги оғриётгандек… шунда беихтиёр қўлингизни уқалай бошлайсиз. У-бу ерингизни уриб олсангиз ҳам оғриган жойни ишқалаб қўясиз. Кўпчилигимиз массаж қилишга уқувимиз бўлмаса-да, беихтиёр қўл-оёқларимизни массаж қиламиз. Негаки айнан силаш ёки ишқалаш билан оғриқни олиб, енгил тортамиз. Бунинг сири нимада экан?
Шаҳарнинг ифлосланган ҳавоси, экологик тоза бўлмаган маҳсулотлар, қуёш нурларининг етишмаслиги жўр бўлиб, организм фаолиятини сусайиб, издан чиқишига сабаб бўлади. доимий хавотир ва стресслар йиғилиб, организмда зарарли моддаларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлади. бундай ҳолатларни бартараф этиш учун энг самарали ҳамда зиёнсиз бўлган массаждан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик массаж бутун организмга ижобий таъсир этади. У организмга тоза кислороднинг киришини жадаллаштириб, фойдали моддаларнинг тарқалишига ва куч беришига ёрдам беради. Натижада, бутун танангиз кундалик қувват олиб, тетиклашади.
Шу билан бирга танадаги зарарли моддаларни чиқариб юборади. Уқалаш таъсирида организмдаги гормонлар, фермент ва витаминлар фаоллашади, танадаги касалланган ички аъзоларга қон югуради, алмашинув жараёнлари тезлашиб, тўқималар тозаланади. Массаж туфайли организмнинг атмосфера босимига, ҳароратнинг ўзгаришларига ва умуман, ташқи муҳитнинг салбий таъсирларига бардошлилиги ошади. Албатта, массаж қилишни ҳамма ҳам билавермайди. Бунинг учун махсус курсларда ўқиб, уқалаш “санъати”нинг сир-асрорларини ўрганиб эмас, уқиб олиш жоиз. Малакали қилинган массаж касалликларни даволайди.
Массаж кишининг иш фаолиятини яхшилайди, чарчоқни бартараф этиб, танани тетиклаштиради, соғлиғимизнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради, касалликларнинг олдини олади. Аммо бу билан ўз-ўзини массаж қилиш ҳеч қандай фойда бермайди демоқчи эмасмиз. Киши ўзини массаж қилса ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришиш мумкин. Мутаҳассис массаж қилганидек натижага эришмасангиз ҳам, ўз-ўзингизни массаж қилишни ўрганиб олсангиз, ҳам пулингиз тежалади, ҳам соғлигингизни мустаҳкамлайсиз. Массажни ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Баъзиларга массаж даводан кўра кўпроқ, соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган муаммо бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақида сизлар билан кейинги суҳбатларимизда кенгроқ кўриб чиқамиз.