Агар биз Масиҳий сифатида ўсишни ва муваффақиятларга эришишни истасак, ҳар бир имонлида икки хил табиат борлигини билиб олишимиз керак. Бизнинг эски табиатимиз биз туғилганимиздан бери бизда яшаб келмоқда. Иккинчи янги табиатимизни эса Исо Масиҳни ўз нажоткоримиз деб қабул қилган кунимизда қабул қилганмиз. Бизнинг Янги табиатимизни эса “руҳ” деб ҳам аташимиз мумкин. Раббимиз яҳудий бошлиқларидан бири бўлган Никодим исмли кишига: “Танадан туғилган танадир,Руҳдан туғилган эса Руҳдир”, деб айтган эди. Ҳа биз нимаики иш қилмайлик, ичимизда икки хил табиатимиз курашади. Бизнинг эски танавий табиатимиз, гуноҳли ва Худога маъқул келмайдиган йўлни танлашга ҳаракат қилади, янги табиатимиз эса Худони мамнун қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ичимизда доимо жанг бўлади. Муқаддас Каломда бу икки хил табиат ҳақида жуда кўп оятлар ёзилган. Муқаддас Каломда тана сўзи икки хил маънода келади. Бири жисмоний танамиз бўлса, иккинчиси эски табиатимиз.
Руҳ сўзи ҳам икки хил маънода келган. бири инсонга дунёга келганидан бериладиган руҳ маъносини англатса, иккинчиси янги табиатимизни англатади. 1 Салоникаликларга 5:23ни ўқийлик: “Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай муқаддас қилсин. Раббимиз Исо Масиҳ келгунча бутун руҳингиз, жонингиз ва танингизни бенуқсон сақласин.” Муқаддас Каломда эски ўзлигимизни бир четга олиб қўйиб, Янги табиатни ўзлаштиришимиз кераклиги уқтирилган. Худонинг қонунидан ички борлиғимиз завқ олади-ю, эски ўзлигимиз ўз ишини қилишни давом эттиради. Шундай бўлмаслиги учун ҳам Руҳ амри билан яшаш, янги табиатимизни озиқлантиришимиз керак. Римликлар 8 боб 7-8 оятларда ёзилганидек: «Башарий табиатнинг мурод-мақсади Худога душманликдир; чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди ҳамда қила олмайди. Ўз табиати амри билан яшайдиган одамлар Худога манзур бўла олмайдилар”. Биздаги икки хил табиат мутлақо бир-бирига қарши иш тутади.
Шунинг учун ҳам биз хоҳламаган нарсаларни қиламиз. Жуда кўп имонлилар тананинг, Янги ҳаётнинг нималигини ва қандай ғалаба қозониш мумкинлигини билмайди, шунинг учун ҳам ғалаба қила олмайдилар. Тана нима? Еремия пайғамбарнинг китобида ёзилганидай, юрак энг ёвуздир. Чунки ҳамма ёмон фикрлар инсоннинг юрагидан чиқади. Исо МАсиҳ ҳам ҳар қандай ёмонлик инсон юрагидан чиқади деган эди.Тана Худованднинг душмани шунинг учун ҳам у Худога бўйсунмайди. Эсингизда бўлсин тана деганда биз эски табиатимизни назарда тутаяпмиз. Баъзи имонлилар Худога манзур бўла олмайдилар, чунки улар тананинг хоҳишларини бажарадилар. Юҳанно 6 боб 63 оятда ёзилганидай: «Руҳ ҳаёт бахш этади, жисм эса ҳеч қандай фойда келтирмайди”. Янги табиатимиз нима? Янги табиатимиз Худодан келади. Биз Одам Атодан эски табиатимизни қабул қилган бўлсак, имонга келганимизда Янги табиатимиз Худованддан келади. Янги табиат гуноҳ қила олмайди. Бу ҳамма имонлиларга тегишли. Агар янги табиатимизга кўра яшасак, ҳеч қандай гуноҳга қўл урмаймиз.
Янги табиатимиз Худонинг ишларидан завқланади. Ҳаворий Павлуснинг айтишича Янги табиатимиз Худонинг қонунидан завқланади. Янги табиатимизга кўра биз Худовандга юз тутиб ибодат қиламиз, унинг озуқаси фақат Худонинг Каломидир. Янги табиатга эга бўлганлар биродарларини севади. Қандай қилиб эски табиатимизни енгамиз. Агар эски табиатимиз қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсак, биз руҳан яшаймиз. Руҳ Худованднинг фикр ҳаёлларини билади. Унинг иродасини бизга маълум қилади. Руҳ кучи билан яшасак, Худованд бизнинг руҳий кўзларимизни ва руҳий қулоқларимизни очади. Шунда Унинг овозини англай оладиган, Унинг иродасини кўра оладиган бўламиз. Шунинг учун ҳам бизга Муқаддас Руҳ берилган. Доимо Янги табиатимизни озиқлантириб яшайлик.