3:04

Ваъз 145

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Кунларнинг бирида Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдлари орасида улардан қайси бири Осмон Шоҳлигида энг буюк эканлиги тўғрисида баҳс пайдо бўлди.

Улар Раббимиздан шу саволларига ечим сўраб мурожаат қилдилар. Нима деб ўйлайсиз, азиз радио тингловчи, Раббимиз уларнинг саволига қандай жавоб берди? У айтмади, энг буюк бу Бутрус ёки Юҳанно ёки яна бошқа кимдир деб. Исо Масиҳ ҳаммасини ҳайрон қолдирадиган даражада бир иш қилди.

У, мени олдимга кел, деб бир болани ёнига чорлади. Бола эса келиб Раббимизнинг ёнига турди. Сизлар барчангиз ўзгаришингиз керак ва шу боладек бўлишингиз лозим, деб айтди Раббимиз Ўз шогирдларига қарата. Шундан сўнг Исо Масиҳ болалар ҳақида жуда муҳим нарсаларни гапира бошлади.

Раббимиз шундай деди, агар кимдир болаларнинг нажот олишига ва Худо билан бирга бўлишига қаршилик қилса, гуноҳ қилган бўлади деб айтди. Ҳа, азиз радио тингловчи биродарлар, кўпинча катта ёшдаги биродарларимиз болаларга унчалик эътибор бермайдилар. Ҳатто болаларнинг Масиҳга ишонишларини эшитиб уларнинг устидан кулишлари ҳам мумкин.

Чунки кўпчилик катта ёшдаги биродарларимиз болаларнинг нажот олишига ишонмайдилар. Бъази пайтларда эса катталар ёш болаларни гуноҳ қилишга мажбурлайдилар. Раббимиз Исо Масиҳ айтадики, Худованд ёш болаларнинг ҳалок бўлишларини истамайди. Албатта Раббимизнинг шогирдлари ушбу гапларни диққат билан тинглашди.

Улар Худованд болаларни қанчалик севишларини яхши эслаб қолган бўлсалар ажаб эмас. Сиз-чи азиз тингловчи? Болаларнинг нажот олишига ишона оласизми? Улар ҳам нажот олишлари учун барчамиз биргаликда болаларнинг ёнига боришимиз ва уларга Худованднинг нажот йўлини кўрсатишимиз зарур. Доимо ёдимизда бўлсин, азизлар.

Худованд болалар учун ҳам Ўз Ўғлини қурбонликка бағишлади. Болалар учун ҳам Исо Масиҳнинг муқаддас қони тўкилди. Болаларга Раббимиз ҳақида гапириш ҳар бир имонли кишининг вазифасидир. Чунки уларниг келажакда ким билан бўлиши олдиндан ҳеч кимга маълум эмас. Шундай экан, бор кучимиз билан болаларга Худованднинг ажойиб ишлари ва мўъжизалари ҳақида гапирайлик.

Ҳар биримизнинг асосий мақсадимиз ва ибодатимиз, болаларни Раббимизга яқинлаштириш бўлсин, токи улар келажакда ҳам имонда кучли ва мустаҳкам тура олсинлар. Азиз биродар, агар кимдир айнан шу хизмат ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлса, шу ҳақида ибодат қилинг. Балки Худованд сизга болалар хизматини бермоқчидир. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди. Сизлар билан хайрлашар эканмиз, соғ-омон бўлинглар деб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top