Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Соғлик инсон ҳаётидаги энг катта бойлигидир. Биз соғлом эканмиз, бошқалар ҳақида қайғура оламиз, ёрдам бера оламиз. Соғлигимиз борида ишлаймиз, уни асраш ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ёшликда киши ҳар доим шундай соғлом бўламан, деб ўйлайди. Организмини суистемол қилади. Биз эса сизга суҳбатларимиз давомида соғлом юришингизга ёрдам берадиган маълумотларни беришга ҳаракат қиламиз. Бугунги суҳбатимиз ёруғликларнинг кўзларимизга таъсири ҳақида бўлади. Сунъий ёруғликлар ҳам кўзларга таъсир кўрсатади. Уйда ҳамда ишхоналарда биз сунъий ёруғлик манбаидан, яъни чироқлардан фойдаланамиз. Шуни айтиб ўтиш жоизки, сунъий ёруғлик кўз учун зиёндир. Бундай ёруғликнинг яна бир нозик томони борки, агар у нотўғри тушаётган бўлса, кўриш қобилиятининг йўқолишига, хира бўлса, кўзларни зўриқишига сабаб бўлади. Сунъий ёруғликда китоб ўқиш қуйидаги сабаблар туфайли қийин бўлади:
ёруғлик етарлича тушмаслиги;
чироқ нотўғри жойлашганлиги учун ўқиётган нарсага соя тушиши;
усти ёпилмаган чироқлардан кўзнинг қамашиши;
мос бўлмаган ёки артилмаган кўзойнаклар.
Айтиб ўтганимиздек, кўз фаолияти ёш ўтгани сари ёмонлашиб боради. Китоб ўқиш учун 60 ёшли кишига 20 ёшдагига нисбатан кўпроқ ёруғлик керак. Шуни унутмангки, ҳаддан зиёд ёрқин чироқ кўриш қобилиятининг душманидир. Кўз қамашиши уларни зўриқтиради. Бундан ташқари, майда нарсалар билан ишлаш, майда ҳарфларни ўқиш нафақат кўзларни, балки бутун танани чарчатади. Сунъий ёруғлик зиён келтирмасин десангиз:
Ёруғлик қулайлик туғдириши лозим.
Ишлаш учун чироқ ёруғроқ, дам олиш учун эса хирароқ бўлиши керак.
Ёш ўтгани сари ёруғлик миқдорини ошириб бориш лозим.
Телевизорни қоронғи хонада кўрмаслик, хонадаги чироқ акси телевизорда бўлмаслиги зарур.
Бевосита чироққа қараш ярамайди.
Уч турдаги ёруғлик тавсия этилади: ― Ўқиш, ёзиш, тикиш учун стол лампаси 100 Вт.дан, торшер эса 150 Вт.дан кичик бўлмаслиги керак.
― Дам олиш жойларида: кичик хоналарда портатив чироқларнинг ўзи кифоя. Катта хоналарда бра, усти ёпиқ чироқлар зарур бўлади.
― Хонага ўзгача чирой бериш мақсадида «чақмоқ” сингари ёниб ўчадиган чироқлар биллур идишлар, кумуш қошиқлар ва аксини қайтарувчи бошқа уй анжомларида берадиган акси кўзларга салбий таъсир этади. Сунъий ёруғликдан ташқари телевизорни нотўғри кўриш ҳам кўзларга таъсир катта. Ҳеч ким кўзини қимирлатмасдан кино ёки кўрсатувни кўра олмайди. Телевизор кўрганда ўтиришингизга аҳамият беринг. Тўғри ўтиринг, бош умуртқа билан бир текисликда бўлиши керак. Кўпчилик телевизор экранигача бўлган масофага эътибор бермайди. Телевизорни ётиб олиб кўрманг. Кўриш қобилиятингизга мос бўлган масофада ўтиринг. Экранга бошингизни олдинга чўзиб қараманг. Камроқ кўзни юмиб, чуқур нафас олинг. Кўзлар экраннинг ҳамма жойида “юриши” керак. Иложи борича, экраннинг рўпарасига ўтиришга ҳаракат қилинг. Кўзларимиз тоза ҳавога ҳам мухтож бўлади. Кўзларга кислород зарур. Квартираларда яшайдиганлар хоналарни тез-тез шамоллатиб туришга аҳамият бермайдилар. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг, айниқса қиш кунларида. Телевизор кўрганда ҳам хонада ҳаво айланиб туриши керак.