4:32

Жамоатда биродарларнинг ўрни

MP3

Ассалому алайкум, азиз биродарлар. Бизларнинг ҳар биримиз бир биримиз учун Худованднинг эҳсонларимиз. Албатта жамоат яъни биродарларнинг бирга бўлиши, бир-бирларига ҳамдардлиги қандай яхши! Бугун биз сизлар билан доимий, ҳаётимиз учун муҳим бўлган бир мавзу ҳақида гаплашмоқчимиз. Сиз учун ҳам фойдали ҳам қизиқарли бўлса ажаб эмас.

Раббимиз Исо Масиҳ осмонга кўтарилганидан кейин, шогирдлар ва бошқа имонлилар қандай ҳаёт кечиргани эсингиздами? Келинг шу ҳақида бир эслайлик. Ҳаворийлар 2:44-47 оятларда: “Бутун имон топганлар ҳамжиҳат бўлиб ҳамма нарсалари муштарак эди.Мол-мулкларини сотиб ҳаммага, ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлаб, ёрдамлашар эдилар. Ҳар куни якдиллик билан маъбадда йиғлиб туришар, уйларида эса нон синдириб, шодлик ва соддадиллик билан овқатланишарди. Худонинг ҳамду-саноси уларнинг тилидан тушмас, бутун халқнинг кўнглини хушлардилар. Худо эса кун сайин нажот топганларни имонлилар жамоатига қўшиб қўяр эди”.

Бу оятларни келтириб биз биродарларнинг бир-бирига моддий томондан ёрдамлашиши ҳақида гаплашмоқчи эмасмиз. Аслида шундай қилинса жуда ҳайрли ва Раббимизга ёқадиган иш бўларди. Аммо бугун биз жамоатда ҳар бир имонлининг ўрни ҳақида сўз юритмоқчимиз. Жамоатнинг оқсоқоли бўлиши тайин, чунки имонлиларни бошқарадиган, уларга ғамхўрлик қиладиган оқсоқол бўлиши керак. Аммо бошқа ишларда имонлиларнинг ҳаммаси тенг ва фаол ҳаракат қилиши шарт. Жамоатда энг муҳим ўринни аввал оқсоқол кейин эса унинг ёрдамчилар бўлган етакчилар тутади, деган фикр мутлақо нотўғри. Агар жамоатнинг оқсоқоли ўз маъсулиятини яхши ҳис қиладиган, Худонинг назарида ўзининг мавқеини яхши биладиган бўлса, у жамоатдаги ҳамма биродарларга жамоатда фаол иштирок этишига имконият яратиб беради. Чунки Етакчилар ёки оқсоқол жамоатни бошқарса, таълим берса ва бошқа ишларда фаол қатнашсса-ю, бошқа имонлилар эса уларнинг гапларига қулоқ соладиган оддий тингловчилар бўлиб қолишса, бу ҳолат жамоатни маълум бир қолипга солиб қўйиши ва ҳамма имонлиларнинг Худонинг йўлида фаол ҳаракат қилишларини сусайтириб ёки мутлақо тўхтатиб қўйиши мумкин. Жамоатда ҳамма етакчи бўлиши керак. Ҳамма жамоатнинг фойдаси, ривожланиши ва имонлиларнинг кўпайиши учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилиши лозим.

Ҳеч бир аъзо ўзини оддий, фойдасиз имонли деб ҳисобламаслиги керак. Жамоатда шунчаки тингловчи бўлиш етарли эмас. Жамоат-бу имонлилар оиласи, оилада эса ҳамма шу оиланинг гуллаб-яшнаши учун ҳаракат қилади. Худованд имонлилар жамоатини яратар экан, уларнинг ҳар бирига ўзига яраша қобилиятлар ва инъомлар ато этади. Бири жамоатда таълим берса, иккинчиси улуғлайди, учинчиси эса ёрдам беради. Ҳар бир имонли нима қилса ҳам фақат жамоат учун унинг ўсиши учун, ҳеч қандай ғараз мақсадларсиз қилиши керак. Ҳар бир аъзо астойдил, жамоатдагиларнинг муҳтожлигига ёрдамлашиши, уларнинг дард-аламларига ҳамдард бўлиши, ва мумкин қадар бир-бирларига эътиборлироқ бўлиши лозим. Ҳеч бир аъзо эътибордан четда қолмаслиги керак. Бу ҳолатни вужудга келтиришда эса энг асосий маъсулият яна оқсоқолнинг зиммасига тушади.

Жамоатда муҳим бир топшириққа эга бўлган бирорта етакчи, мағрурланиб кетмасин. Юқорида айтиб ўтганимиздай ҳар бир киши ўзини Худонинг оиласида етакчи деб билсин ва шунга кўра ҳаёт кечирсин. Ҳаворий Павлус айтганидай, мусобақада жуда кўпчилик чопади-ю, фақат бир киши соврин олади. Биз биродарлар, жамоатнинг ҳар бир аъзоси ҳаётимиздаги бу мусобақада бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қилиб, Худованд биз учун тайёрлаган совринга эга бўлайлик. Орамизда рашк-ҳасад, иккиюзламачилик, манманлик шуҳратпарастлик бўлмасин. Ҳар Ким бошқа биродарини ўзидан кўра кўпроқ ҳурматга сазовор деб билса, жамоатда камтарлик ва бирдамлик ҳукмрон бўлади. Ҳар бир биродар Худовандимиз учун азиз, ва уларнинг ҳаётида Унинг махсус режаси бор. Худи шу қаторда сизнинг ҳам ҳаётингизда ҳам. Бу режани эса У Исо Масиҳ келгунига қадар якунлайди. Шунинг учун олға интилишда давом этинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top