4:35

Жамоатни ҳимоя қилиш

MP3

“Ўзаро тинч-тотув яшаб, Руҳнинг бирлигини сақлашга жон куйдиринглар” Эфесликлар 4:3 оят.“Яна буларнинг устига камолот чўққиси бўлган муҳаббат тожини кийинглар”Колосаликларга 3:14.

Мавзумизни эшитганингиз ҳамоно, бу сизнинг ҳам вазифангиз эканини англаган бўлсангиз керак. Ҳа, жамоатни ва ундаги бирликни сақлаш ҳар бир имонлининг вазифаси ва бурчи. Жамоатда бирликни сақлаш мавзуси шунчалик муҳим экан-ки, бу мавзу ҳақида жаннат ёки дўзаҳ мавзусидан ҳам кўпроқ ёзилган. Худо жамоатимиздаги ҳар бир имонли бирликда, уйғунликда яшашимизни жуда ҳам хоҳлайди. Бирлик бу биродарликнинг энг асосий қисми. Агар сиз бирликни бузсангиз Масиҳ танасининг юрагини парчалаган бўласиз. Бу Худованд ҳар биримиз учун ҳоҳлаган, унинг ичида биргаликда яшашимизни буюрган, жамоатнинг ҳушбўй ҳиди ва негизидир. Бирлик учун бизнинг энг юқори намунамиз бу Уч бирлик. Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ бир Худода мужассам. Худованднинг Ўзи қурбонли, камтар, бошқаларни ўйлайдиган ва мукаммал уйғунликка эга бўлган севгига энг юксак намуна бўла олади. Худи ердаги оталаримиз каби Самовий Отамиз ҳам фарзандларининг бир-бирлари билан иноқ ҳаёт кечиришини кўриб қувонади.

Исо Масиҳ ҳибсга олинган кечада, бизнинг бирлигимиз учун жон куйдириб ибодат қилган эди. Ҳатто У учун энг азобли вақтлар бошланаётганда ҳам У бизнинг бирлигимиз ҳақида ўйлади. Бу мисолнинг ўзи бирлигимизнинг қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Ердаги бошқа ҳеч нарса Жамоатнинг бирлигидай Худовандга қадрли эмас. Агар сиз Худо оиласининг аъзоси бўлсангиз, жамоатингиздаги биродарларнинг бирлигини сақлаш сизнинг бурчингиз. Ҳар бир имонли бу фикрни онгига муҳрлаб олиши керак. Жамоат имонлиларнинг оиласи – оила эса парчаланмаслиги керак. Сиз Исо Масиҳ орқали, жамоатингизда биродарлик муносабатларининг уйғунлигини яратиш, бирликни ҳимоя қилиш, бирликни яратиш ҳуқуқи берилган. “Ўзаро тинч-тотув яшаб, Руҳнинг бирлигини сақлашга жон куйдиринглар”. Хўш буни қандай амалга оширамиз? Бу саволимизга Муқаддас Калом жавоб беради.Муқаддас Китобда ёзилишича биз орамиздаги фарқларга эмас, биздаги умумийликка кўпроқ қарашимиз керак. ПАвлус: “Шунинг учун ўзаро тинч-тотув яшайлик, бир-биримизни руҳан ривожлантириш учун жон куйдирайлик”, деб ёзган эди.

Имонлилар сифатида бизнинг Раббимиз бир, тана бир, мақсадимиз бир, сувдаги иқрор бир ва бита севгига эгамиз. Бу мавзулар бизнинг шахсий турли хиллигимиз ҳақида эмас, булар бизни бирлаштириб турадиган ва биз диққатимизни қаратишимиз керак бўлган мавзулар.Биз ҳар биримиздаги турли хилликни кўрганимизда, ҳар биримизга турли хил шахсият, ирқ, ва келиб чиқишларни берган ўша Худо эканини эслашимиз керак. Биз бу турли ҳилликларга зўрға чидашимиз эмас, булардан завқланишимиз керак. Шунинг учун ҳам бирликни сақлаш ниятида биздаги турли хилликлар бизни ажратиб юборишига йўл қўймаслигимиз керак. Биз Масиҳ бизни севганидай, бир – биримизни севишни ўрганишимиз лозим. Худонинг биз ва жамоат учун мақсадини амалга оширишимиз керак. Худонинг бу мақсади бешта босқичдан иборат.

Агар бир биродаримизнинг шахсига, афзалликларига, хизмат қилиш услубига қарайдиган бўлсак, орамизда бўлиниш юзага келади. Аммо биз фақат бир-биримизни севишга ва Худонинг мақсадларини бажаришга диққатимизни қаратсак, орамизда келишув юзага келади. Павлус шундай деган эди: «Эй биродарларим, РАббимиз Исо номи билан сизлардан ёлвориб сўрайманки, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-ҳаёлда якдил бўлинглар”. Бу сўзлар айнан ҳар биримизга тегишли. Бўлиши кутилаётган ҳар қандай низоларнинг олдини олиш, тинчлик ўрнатувчи бўлиш, ҳар бир имонлининг вазифаси важавобгарлиги бўлиши керак. Бугунги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз шу бугундан бошлаб орангизда бирликни сақлашга ва барпо қилишга бел боғланг. Худонинг биз учун берган бешта мақсадини эса кейинги суҳбатимизда давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top