Ассалому алайкум азиз биродарлар. Биродарлар сизлар аллақачон жамоат хақида анча-мунча маълумотларга эгасиз. У хақида жуда сизлар билан бирга жуда кўп суќбатлар олиб борганмиз. Бугун эса сизлар билан жамоат ва Худони улуғлаш ҳақида суҳбатлашамиз. Жамоат билан Худони улуғлаш ўртасида деярли фарқ йўқ. Чунки Масиҳ жамоатининг вазифаси Худони улуғлашдир. Масиҳ Юҳанно 17 боб 1 оятда шундай деган эди: «Эй Ота! Вақти соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун, Сен ҳам Ўз Ўғлингни улуғлагин.” Ёки бўлмаса, “Сен Менга топширган вазифани Мен адо этиб, ер юзида Сени улуғладим.”, деган эди. Масиҳ Ўзидан кейин Худони улуғлаши учун, Худо ва Унинг хоҳишларини билдирган эди. Худони улуғлаш жамоатнинг энг асосий вазифаси. Хўш, Худони қандай улуғлаш мумкин деб сўрарсиз?
Худони улуғлашнинг йўллари жуда кўп. Агар биз эски ўзлигимизни бир четга улоқтириб, Раббимиз Масиҳга ўхашаш бўлсак, Худони улуғлаган бўламиз. Масиҳга ўхшаш бўлиш, биз ўз кучимиз билан содир бўладиган жараён эмас.
Бунда бизга ХУдонинг чексиз қудрати, марҳамати ва инояти керак бўлади. Биз Худога бўйсунишни ўрганганимизда, Унинг бизнинг ҳаётимизда, юрагимизда ишлашига йўл қўйганимиздагина, ҳақиқий ўзгариш содир бўлади. Бизнинг ҳаётимизда Худонинг нури кўринса, одамлар орасида Масиҳ айтганидай, нур ва туз бўлсак, Худо биз орқали улуғланади. Бизнинг ҳаёт тарзимиз бошқаларникидан тубдан фарқ қилиши лозим. Биз бошқаларга севги кўрсатиш, ҳайриҳоҳлик қилиш, ҳамдардлик қилиш, тинчлик ўрнатиш, ва ёрдам бериш орқали Худони улуғлашимиз мумкин. Аммо бу ишларни ўз кучимиз билан узоқ давом эттира олмаймиз.
Агар бизда ҳақиқатда камтарлик, бўйсунувчанлик, муҳаббат ва имон бўлса бу ишлар ХУдонинг қудрати билан амалга ошади. Чунки инсон ўз кучи билан Худо буюрган нарсаларни қила олмайди. Тинчлик ўрнатувчи бўлиш, Худо фарзандларининг характери бўлиши керак. Исо: «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки Улар Худо ўғиллари дейилур.”, деганини эсланг. Агар биз ҳақиқатда бахтли бўлишни истасак, тинчлик ўрнатувчи бўлишимиз лозим. Жамоатдаги ҳар бир киши шу ҳислатга эга бўлмоғи керак. Фақат жамоатдаги етакчилар ёки чўпонлар эмас, ҳар бир аъзо тинчлик ўрнатишни ўзининг вазифаси деб билиши керак. Агар жамоатдаан ташқаридаги кишилар, жамоатдагиларнинг ҳайрли ишларини кўрса, Худо улуғланади. Аммо жамоатдагилар бошқалардан фарқ қилмаган ҳолда гуноҳ қилаётганини кўрсалар, Худонинг номига доғ тушади.
Биз Худонинг улуғворлигига улуғворлик қўшолмаймиз, аммо Худонинг қанчалик яхшилигини бошқаларга кўрсата оламиз. Агар одамлар Худонинг яхшилигини биз орқали кўришса, Худони улуғлайдилар. Ҳар бир жамоатда, ҳар бир оилада Худонинг номи улуғлансин. Биродарлар, шайтонга фурсат берманглар. Акс ҳолда Худони улуғлаш ўрнига Унинг номига доғ тушириб қўйганингизни билмай қоласиз. Бу руҳий жангда Худонинг қудрати билан Шайтонга қарши чиқайлик. Шунда Худо улуғланади. Агар чин дилдан Худони улуғлашни истасангиз, кимнингдир кайфиятини кўтаришингиз орқали ҳам бу ишни бажаришингиз мумкин.