“У юз ёшга яқинлашганида, ўзининг бадани мажолсизлашганини ва Соро бибининг пуштдан қолганини била туриб, имонда заифлашмади. Худонинг ваъдасидан имонсизлик қилиб шубхаланмади, балки Худога хамду санно айтиб, имонда махкам турди.” Рим 4:19-21
Азизлар Худованд бизни Ўз Ўғлининг суратига айлантиришда давом этар экан, бизни рухан ўстиради, характеримизни ўзгартиради. Бирор ишга тайинлашдан олдин бизни узоқ вақт шу ишга тайёрлайди. Бизга бирор нарсани ёки вазифани беришдан олдин, биз шу учун муносиб бўлишимиз керак. Агар Иброхим пайғамбарнинг хаётига назар ташлайдиган бўлсак, Худованд унга Исхоқни бериши учун йигирма беш йил кутди. Аммо Иброхим бу вақт давомида Худонинг йўлларини ва Унинг характерини ўрганиб олди. Худонинг хаётимизда қандай ишлашини ва Унга яқинроқ бўлиб характерини ўрганиш учун эса йиллар керак бўлади. Худо бир инсонинг хаётида Ўз ишларини қилар экан, уни мукаммал қилиб адо этади. Чунки гап абадийликка тегишли. Агарда одамлар орасидан бир одам хақида гапирганимизда: “у жуда ақлли узоқни кўзлаб иш қилади”, дейишади.
Аммо Худованд хақида гапирадиган бўлсак, У абадиятни кўзлаб иш қилади. Иброхимга Исхоқни ваъда қилганида, Исхоқни бериш учун Иброхим ва Сорони узоқ йиллар тайёрлаганида хам абадийликка таъсир этадиган режасини амалга ошираётган эди. Чунки Худо Ўз халқини Иброхим орқали яратмоқчи эди. Инсоннинг хаётидаги ишончсизлик бошқаларнинг хаётига хам таъсир этиши билан бирга Худонинг мақсадларига хам тўғри келмайди. Бир чақалоқ дунёга келиб, катта бўлгунча неча бор қоқилади, хатоларидан ўрганади. Имонли киши хам Худога келганидан кейин, Унинг йўлида юришни ўрганади. Бу йўл давомида неча бор қоқилади, хато қилади, аммо шу қийинчиликлар, хатолар орқали Худо билан муносабатда бўлишни ўрганади ва художўй характери шаклланади. Бу эса бир пасда бўладиган иш эмас. Худованд учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. У қудратли хар қандай қудратли ишларни қила олади, аммо инсоннинг характери хали бу нарсага тайёр бўлмаганида, У ўша ишларни қилмасликни маъқул кўради холос.
Ишаё пайғамбар Худонинг халқи учун Худодан шундай сўзларни олган эди: «Шуни билингки, Худованднинг қўллари сизни қутқаришга калталик қилмайди ёки Унинг қулоқлари кар эмас, У сизни эшитади. Аммо сизларнинг гунохларингиз сизни Худодан ажратиб қўйди. Сизнинг гунохларингиз туфайли, У юзини сизлардан ўгирган. Шунинг учун У сизларни эшитмайди.” Инсоннинг характери тўғри бўлмас экан, Худованд юракни ўзгартиришда давом этаверади. Муқаддас Каломда Исо Масих хақида шундай деб ёзилган: «Уларнинг эътиқодсизлиги сабабли у ерда кўп мўъжизалар кўрсатмади”.
Шогирдлар бир боладан жинни қувиб чиқаролмагани учун Исо Масихдан, — Нега биз жинни қувиб чиқаролмадик, деб сўрашганида, Исо Масих: “Эътиқодсизлигингиз учун. Чиндан сизларга айтаманки, агар бир хантал донидай ишончингиз бўлса-ю, бу тоққа «бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз у кўчади. Ќеч нарса имконсиз бўлмайди.” – деган эди.
Агар Худованднинг фарзанди Худога ишонса, Худо Иброхимнинг хаётида қудратли ишларни қилганидай, унинг хам хаётида шундай ишларни қилади. Иброхимнинг узоқ кутган фарзанди туғилди. Энди Худонинг берган ваъдаси амалга ошаётган эди. Агар Иброхим 25 йил ўтгач хам Худонинг йўлида ишончсизлик қилганида, Худованд унга Исхоқни берармиди? Асло йўқ. Ундай холатда Иброхим фарзанд учун хали тайёр бўлмасди. Ахир Худо нима учун уни йигирма беш йил кутишга мажбур қилди? Ўзининг қудратини одамзодга кўрсатиш ва Иброхимни ўзгартириш учун. Шунинг учун Худованд хаётимизга қандай холатларни олиб келишидан қатъий назар, биз Унга ишонишимиз ва бўйсунишимиз керак. Бу иккаласи Худованднинг йўлида юриш учун энг мухим хислатлар. Ишонч ва итоаткорлик сизга барака келтиради. Хар қандай холатда хам Худованднинг қудратига шубха қилманг. Унинг хаётингиз учун ғамхўрлиги, мухаббатини қабул қилинг. Худованднинг Рухи сизга ёр бўлсин!