3:50

Бузилган муносабатларни тиклаш

MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Муносабатларнинг бузилиши, хар қандай кишининг кўнглини ғаш қилади. Муносабатларнинг бузилишида ўйламай қилинган хатолар сабаб бўлади. Аммо бу хатоларни тўғрилаш ва муносабатларни тиклаш мумкин. БИроқ муносабатларни бузишдан кўра уни тиклаш қийинроқ. Агар ким биландир муносабатингиз бирон сабабга кўра бузилган бўлса, уни тиклаш хақида ўйлаб ўтирмаймиз. Муқаддас Рух бу хақида эслатган тақдирда хам, ичимиздаги мағрурлик ва қайсарлик ўша биродарнинг олдига бориб, келишиб олишга йўл қўймайди. Муносабатларни бузиш Худонинг иродасига тўғри келмайди. Биз ўтган сафарги сухбатларимизда Худованд имонлиларнинг бир бўлишини исташи хақида тўхталиб ўтган Эдик. Хозир хам шуни таъкидламоқчимиз-ки, Худованд бизнинг биродарлар билан яқин ва ўзаро мухаббатли муносабатда бўлишимизни истайди. Хаворий Павлуснинг айтишича, бошқалар билан яхши муносабатда бўлиш ва муносабатларни тиклай олиш қобилияти, рухан етукликнинг белгиси бўлади.

Раббимиз Исо Масих, орангизда мухаббат хукмрон бўлса, атрофдагилар сизлар менинг шогирдларим эканлигингизни шундан билиб олади, деган эди. Биз орамиздаги келишмовчилик ёки жанжаллар билан эмас, бир-биримизга бўлган севгимиз билан донг таратишимиз керак. Жамоатдаги шармандали холатлар бутун имонлиларни уятга қўяди. Бу атрофдагилар учун жуда ёмон гувохлик бўлади. Бундай воқеалар хозир хам кўплаб учрайди. Хаворий Павлус даврида хам бундай воқеа содир бўлган ва Павлус бундан жуда хижолат бўлган эди. У Коринфдаги жамоатга шундай деб ёзганди: «Сизлар уялинг деб шуларни айтяпман. Нахотки орангизда ўз биродарлари орасида хакам бўладиган биронта хам доно одам йўқ?” У ўша жамоатда бу муаммоларни, келишмовчиликларни хал қила оладиган биронта хам етук имонли йўқлигидан асабийлашган эди. Агар сизнинг хаётингизда Худонинг баракаси ва мархамати бўлишини истасангиз, Худонинг фарзанди сифатида ном чиқаришни истасангиз, тинчлик ўрнатувчи бўлишни ўрганишингиз керак.

Раббимиз Исо Масих хам: «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур”, — деган эди. Агар бу оятга эътибор қилсангиз, У тинчликни севувчилар бахтлидир, демаган. ЧУнки тинчликни хамма севади, аммо тинчлик ўрнатиш камдан-кам одамнинг қўлидан келади. Сиз тинчлик ўрнатиш учун бирор кишига гапиришдан олдин Худога гапиринг. Каломда шундай деб ёзилган: «Худодан сўрамаганингиз учун сизларда йўқ”. Шу ёзувга асосланиб, биз хар қандай келишмовчилик, муаммоларни хал қилиш учун энг биринчи ўринда Худовандга мурожаат қилишимиз керак. Муаммони хал қилишда яна бир қадам, бу биринчи бўлиб гап бошлашдир. Сиз кимнидир хафа қилиб қўйдингизми ёки сизни хафа қилишдими бунинг фарқи йўқ. Мухими ХУдованд биринчи бўлиб сиз харакат қилишингизни хохлайди. Гап бошлаганингиздан сўнг эса уни эшитинг. Унинг хис туйғуларини билмай туриб, асосий гапга ўтманг. Биринчи ўринда фактларга эмас, унинг хис туйғуларига диққат қилинг.

Сиз уни эшитганингизда у ичидаги дардларини бўшатиб олади. Кейин эса келишмовчиликда ўзингизнинг хам айбингиз борлигини айтиб тан олинг. Агар сиз хақиқатда бузилган муносабатларни тиклашни истасангиз шундай қилишингиз керак. Ўз хатойингизни тан олишингиз уни юмшатади. Агар сухбатга хужум рухида келган бўлса, пасаяди. У хам ўз хатосини тан олиши осонлашади. Кейин эса сиз билан келишмовчиликка борган инсонга эмас, муаммога хужум қилиш керак. Инсонни айбламай, муаммонинг сабабини қидириш ва биргаликда хал қилиш лозим. Муаммоларни хал қилишда, нима айтиш эмас, айтмоқчи бўлганларни қандай айтиш мухим хисобланади. Агар сиз тўғри гапни нотўғри охангда айтсангиз, иккинчи одам ўзини химоя қилишга ўтади. Бундай йўл билан муаммони хал қилиш мумкин эмас. Азизлар ўйлаб кўринг-чи, ким билан муносабатингиз бузилган? Агар шундай одам бор бўлса, Худованд муносабатни тиклашингиз учун сизнинг бошлашингизни кутяпти.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top