Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафар сизлар билан Худо каломига итоат қилиш ва итоатсизликнинг натижалари хақида сухбатлашган эдик. Худога итоатсизлик бизни қийноқларга дучор қилади. Агар оилали бўлсангиз, фарзандларингиз бўлса, Худонинг холатини тушуна оласиз. Чунки хар бир оилада биттагина бўлса хам қайсар фарзанд топилади. Уларга яхши бўлиши учун қайсарликларини ташлашини истайсиз, сизга бўйсиниши учун турли хил йўллар билан мурожаат қиласиз, бироқ шунда хам у сизга қулоқ солмаса, уни жазолашингизга тўғри келади. Сиз уни севасиз бироқ шунда хам қилган итоатсизлиги, қайсарлиги учун уни қаттиқ жазолашингиз керак. Жазолашингиз оқибатида эса у қийналади. Боринг-ки жазоламадингиз, бироқ у ўз айтганидан қолмай ўз билганича иш тутди. Натижаси қандай бўлади? Албатта боланинг ўйламай ўз билганича қилган иши қандай хам бўларди? Оқибатда барибир ўзи қийналади. Бу холат биз билан Худованд ўртасидаги муносабатга хам тўғри келади. Агар биз хам қайсар бўлсак қийналганимиз қолади холос. Ўтган галги сухбатимизга кўра биз озодликка эриша оламиз, аммо бунинг учун Худо каломига итоат қилишимиз керак.
Хар куни калом ўқияпман-ку, деб ўзимизни овутсак, аслида унга амал қилмасак, Муқаддас Рух бизга берадиган озодликдан махрум бўламиз. Агар Худо каломига итоат қилсак, Масихдаги озодликда яшашимиз мумкин. Биз ўтган сафар қайсар фарзанд Худо фарзандидай харакат қила олмаслигини, Худонинг кўрсатмаларини эшитишни истамаслигини, хақиқатдан кўра ёлғон ва ёқимли сўзларни хохлашини ва нихоят азоб чекишини айтиб ўтдик. Хозир айтганларимиздан ташқари қайсар фарзанд ёлғонга қул бўлиб қолади. Шайтон турли хил йўллар билан бундай одамларни ўзига қайсидир томондан боғлиқ қилиб қўяди. Баъзи рухан қийналаётган имонлилар эътиқодлари ва имонларидан қўлтиқтаёқдай фойдаланишади. Бу мутлақо нотўғри. Эслаб кўринг-а, Исо чўлоқ одамга қўлтиқтаёқ ёки хасса бердими? Чўлоқ хар иккала оёғида бемалол юра олиши учун уни шифолади. Хаётимиздаги энг катта қўлтиқтаёқ бу ЁЛҒОН. Шайтоннинг ёлғонлари эса бизни занжирлар билан юришимизга сабаб бўлади. Худога итоатсиз фарзанд хақиқатни айтишдан қочади. Балки сизда хам шундай холатлар бўлгандир?!
Ишаё 30:15 оятда Худо шундай дейди: “Сенинг нажотинг, тавба қилишда”. Бу ерда нажот сўзи абадий нажот топиш хақида эмас, шайтоннинг хужумидан ва хийлаларидан нажот топиш хақидадир. Биз Исо Масизни юрагимизга қабул қилганимиздаёқ нажот топганмиз. Бироқ озод бўлиш хали нихоясига етмаган. Биз Исо Масихга имон келтирган эканмиз абадий нажотга эгамиз. Шундай бўлса хам, ердаги саёхатимиз давомида шайтоннинг ёлғонларидан қутулиш учун ёрдамга мухтожмиз. Муқаддас каломда учрайдиган «тавба қилиш” сўзи аслида “гунохдан юз ўгириш” маъносини беради. Биз эса бунинг аксини қиламиз. Тавба қилиш бу қилган гунохимиз учун кечирим сўраш деб ўйлаймиз. Ва яна имкони бўлганда ўша гунохга қайтамиз. Аслида тавба қилиш ўша тавба қилган гунохимиздан бутунлай юз ўгириш, қайтиб унга юз бурмаслик деганидир. Хаворийлар китобида эса бундай ёзилган: «Шундай қилиб, гунохларингизнинг ўчирилиши учун тавба қилинглар ва Худога илтижо этинглар, токи Худо сизларга фароғат кунларини бахш этсин ва азалдан тайинлаган Исо Масихни олдингизга юборсин.”
Бу оятнинг маъноси шундай, тавба қилинглар ва Худога юз буринглар. Агар биз тавба қилсак-у, Худога юз бурмасак, шайтоннинг хийлаларига дош бериш учун кучимиз етмайди. Худога ишониш эса бизнинг кучимиздир. Биз Худо айтган пайтда Худога бўйсунайлик, шунинг ўзи етарли, Кейин эса Худо Ўзи бизга ғалаба олиб келгунча кутайлик. Бўйсунишимизнинг натижаси Унинг иши, бизники эмас. Биздан талаб қилинадигани фақат бўйсуниш. Муқаддас Каломда ёзилишича Худонинг нажотидан қочиш, итоатсизлик экан. Худонинг кучидан қочиш ғалабадан қочиш экан. Ишаё 30:18: « Бироқ Худованд сизга иноятли бўлишни истайди, сизга тасалли бериш учун ўрнидан қўзғолади. Чунки Худованд адолатлидир. Уни кутганлар бахтлидир”. Каломда ёзилганидай Худованд бизга иноятли бўлишни хохлайди бироқ бунинг учун биз Унга бўйсунишимиз керак. Акс холда синган кўзадан фарқимиз қолмайди.