3:54

Бошлиғимиз кимлигини аниқлаб олиш

MP3

Ассалому алайкум. Биз Худонинг фарзандларимиз. Муқаддас Руҳ бизга Исо Масиҳ айтган сўзларни эслатиб туради: «Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади.” Жуда ғайриоддий ва тушунтириб бўлмайдиган йўл билан қачон Худонинг иродаси бўйича юрибмиз, қачон Унинг иродасидан ташқарига чиқиб кетдик, айтиб туради. Баъзида ҳатто қийинчиликларни бошимиздан кечираётган бўлсак, ҳам Худонинг иродасида бўлишимиз мумкин. Сиз «ширин ғам-қайғу” ни биласизми? Муқаддас Руҳ мана шу ширин қайғунинг авторидир. Оғриқ, қийинчиликлар, қайғулар ичида Муқаддас Руҳ бизга ўргатади ва бошимизга келаётганлари ҳаётимиздаги Худо режасининг бир қисми эканини эслатади.

Худонинг бу режаси бизнинг ҳаётимизда ёмонликка эмас, яхшиликка хизмат қилади. Римликлар 8:28 оятда шундай ёзилган: «Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.” Ҳаворий Павлус бир ажойиб ҳақиқатни айтган эди: “Шу сабабдан Масиҳ учун заифликларга, озорларга, муҳтожликларга, таъқиб ва сиқувларга йўлиққанимда қаноат қиламан. Чунки заиф бўлсам, қудратим ошар экан.” Биз қийинчиликлар чоғида, худди туннелда кетаётган одамга ўхшаймиз. Туннелнинг охирида ёруғлик кўринмаса ҳам, шундай қийин ҳолатларда Муқаддас Руҳнинг ичимиздаги овози орқали шу шароитимизга қаноат қила оламиз. Масиҳнинг азобларига шерик бўлаётганимиздан, орамиздаги муносабатлардан роҳатланамиз.

Шундай Худо ҳаётимизнинг бошлиғи бўлишга арзимайдими? Ҳаётингизда ким бошлиқ? Сизнинг ўз ишингиз борми ёки бошқа бировнинг қўли остида ишлайсизми? Сиз қилаётган ишингизда ўз-ўзингизга бошлиқмисиз ёки бирор бир корхонада ишлайсизми, ўз ҳаётингизга ўзингиз бошлиқ бўлишни истайсиз. Ҳамма бошлиқ бўлишни истайди. Мустақил бўлиб ҳеч кимга ҳисоб бермасликни истайди. Иш бу ҳаётимиз учун Худо режасининг бир қисми ҳолос. Бизнинг мустақил бўлиш истагимиз ҳаётимиздаги Худо режаси билан тўқнаш келади. Истаган нарсамизга эришиш орқали қаноатли бўлиб қолмаймиз. Бизга нима кераклигини аниқлаштира олсаккина қаноатланишни ўрганамиз. Муқаддас Каломдаги Колоссаликларга мактубида шундай ёзилган: «Эй қуллар, (ёки бўлмаса ишчилар) дунёдаги хўжайинларингизга ҳар нарсада итоат этинглар. Буни инсонга ёқмоқ учун, хўжакўрсинга эмас, балки соддадиллик билан, Худодан қўрқиб қилинглар. Қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар.”

Худодан абадий мукофот олишингизни ўйлаб, Эгангиз Масиҳга хизмат қилинглар.” Қаноатли бўлиш учун энг аввало бошлиғимиз кимлигини аниқлашитириб олишимиз керак. Биз Раббимизга хизмат қиламиз. Албатта дунёвий бошлиғимиз ҳам бор. Бизнинг тепамизда ким турганидан қатъий назар энг катта бошлиғимиз бу – Худо. Биз дунёвий бошлиғимизга хизмат қиламиз, чунки Худованд уни бошлиқ қилиб тайинлаган. Бироқ Худованд ўша биз хизмат қилаётган корхонанинг эгаси. У дунёдаги ҳамма нарсанинг мутлақ эгаси. Биз қандай иш қиламиз. Магазинда ходиммизми ёки магазин эгасимизми, балки ошхонамиз бордир? Ёки бўлмаса бирорта корхонанинг бошлиғидирмиз? Ким бўлсак ҳам ўша ишимизни Худовандга топширишимиз керак. Қилаётган ишимизда Худованд бизнинг шеригимиз бўлса, ҳар бир қароримизни У билан маслаҳатлашган ҳолда қилсак, ишимиз гуллаб-яшнайди. У билан маслаҳатлашишдан ташқари албатта қаттиқ меҳнат қилиш ҳам талаб этилади. Қаноатли бўлиш учун бошлиғимиз кимлигини аниқлаб олишимиз зарур.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top