3:56

Яқин бўлишдан қўрқиш

MP3

Ассалому алайкум. Биродарлар агар ёдингизда бўлса ўтган сафарги суҳбатимизда катта кишиларнинг дўстона муносабатни бошлаши ёш йигит ёки болаларникидан қийинроқ кечади, деган эдик. Бу ҳақиқатда шундай. Катта одамнинг дўст орттириши ва дўстлик муносабатларини сақлаб қолиши қийин. Баъзида эркаклар бирор бир киши билан яқин дўстона муносабатда бўлишдан қўрқишади. Бундайлар агар яқин бўлсам, у менинг аслида қандай одам эканимни билиб қолади ва мендан узоқлашади, деган фикрда дўсти билан масофа сақлашни маъқул кўради. Мабодо дўстлари улардан ичларида нималар кечаётганини сўраб қолишса, бундай суҳбатлардан қочишга ҳаракат қиладилар. Биз эркаклар аслида яқин дўстимиз бўлишини истаймиз, бироқ ичимиздаги дўстни йўқотиш қўрқуви ким биландир яқин дўст бўлишга ҳалал беради.

Бирор бир танишимиз биз билан яқиндан дўстлашишни истаса, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Кимдир бизнинг ҳаракатларимиз ва фикрларимизни маъқуллашини, қабул қилишини истаймиз-у, аксинча рад этилишидан қўрқиб, ўзимизни шундай одамдан олиб қочамиз. Агар кимдир бизга озор етказмаса, рад этилиш хавфи ҳам бўлмайди. Жуда камдан кам кишиларнинг яқин дўстлари ҳақиқатда дўстининг ички дунёсини билади. Дўстларнинг одатдаги суҳбатлари масалан, янгиликлар, спорт, ва об ҳаво ҳақидаги суҳбатлари уларни ички заифликларини кўрсатиб қўймасликдан сақлайди. Дўстлик муносабатининг биринчи муаммоси ҳам ана шунда. Чунки ким биландир ҳақиқатда яқин бўла борсак, улар билан ички сирларимизни, қўрқувларимиз ва заифликларимизни бўлишишга тўғри келади.

Бироқ ичимизда бошқа бир куч ўша нарсаларни юзага чиқармасликка ундайди. Акс ҳолда куйиб қолишдан қўрқамиз. Хўш эркак киши дўстлик муносабатида қандай қилиб куйиб қолиши мумкин? Шу ерда бир мисол келтирсам. Юлий Цезарь ҳақида эшитганмисиз? Юлий Цезарь эрамиздан аввалги 44 аср Март ойининг илиқ бир кунида одатдагидай Сенат биносига кириб келди. Кирибоқ Брутусни кўрди. Бошқа сенат аъзолари билан саломлашди. Бироқ ўша куни у ерга кирганидан афсусланди. Унинг орқасига пичоқ санчишди. Брутус ҳам ўша ерда қотиллар билан бирга эди. Хиёнатга учраганини кеч билган Юлий Цезарь Брутусга қараб: “Сен ҳамми Брутус?”, дея олди ҳолос. Чунки Юлий Цезарь Брутусни ўзининг дўсти деб билар, ҳамма сиёсий ишларни биргаликда муҳокама қилишар, бир-биридан сир яширишмасди. Албатта шундай дўстинг бўлса-ю, у ҳам сенга хиёнат қилса, буни кечириб бўлмайди.

Балки орамиздаги яқин муносабатдан сақланадиган кишилар айнан шу хиёнатга учрашдан қўрқишар. Бирорта яқин дўстингизга, ичингиздаги энг яширин сирларингизни ишониб айтсангиз-у, бу хабардан тез орада яқин атрофдагиларнинг ҳаммаси хабардор бўлса, бундан ортиқ дахшат борми? Бир нақл бор. Уч киши сир сақлаши мумкин, қачонки улардан иккитаси ўлган бўлса. Бундан келиб чиқади-ки, учинчи киши билган сирни ҳамма билади. Шунинг учун ҳам дўст танлашда жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Аммо албатта яқин ва ишонган дўстингиз бўлсин. Суҳбатимизни Шоҳ Довуднинг бир ояти билан якунлаймиз: «Мени ҳақорат қилаётган душман эмас, акс ҳолда чидар эдим. Менга ағёрлик қилаётган ёв эмас, акс ҳолда ундан қочар эдим. Аммо ўзингсан, менинг тенгқурим, Ўртоғим, менинг жон дўстим! Биз қандай бирга ширин суҳбатлар қилиб, оломон билан Худо уйига кириб чиқар эдик…”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top