MP3

Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда бир йигит Исо Масиҳдан: «Устоз, Таврот амрларининг энг буюги қайси”, деб сўраган эди. Амрларнинг энг буюгини сиз биласиз: «― Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин.” Аммо қандай севамиз? Худони севишимизни қандай кўрсатамиз? Худони севишимизни кўрсатишнинг энг тўғри йўли бу Унга бўйсунишдир. Агар сиз охирги кун яшаётганингизни билсангиз, яқинларингизга қандай муносабатда бўлган бўлардингиз? Албатта биз улар билан ўзимиз учун қимматли бўлган нарсаларни бўлишардик, энг ички сирларимизни бўлишган бўлардик. Юҳанно китобининг 13-17 бобларида Исо Масиҳ охирги кунини шогирдлари билан ўтказади.

Ўшанда Ўзининг энг муҳим фикрларини шогирдларига айтади. Юҳанно 14:15 оятда Исо шундай дейди: “Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар.” 21 оятда эса: “Ким Менинг амрларимни билса-ю, уларга амал қилса, у Мени севади. Ким Мени севса, Отам ҳам уни севади. Мен ҳам уни севаман ва Ўзимни унга кўрсатаман.”- деб ёзилган. 23 оят эса шундай дейди: “Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратамиз.” Худога бўйсуниш бу Уни севишдир. Нима қилсак Худога бўйсунган бўламиз? Муқаддас Калом ўқиш орқали. Биз ҳар куни Унинг Каломини ўқиш орқали Унга бўлган муҳаббатимизни кўрсатамиз. Куннинг аниқ бир пайтини белгилаб Худога вақт ажратинг.

Мен Худога вақт ажратиш учун маълум бир вақтни ва жойни белгиладим. Бошида 15 минут вақт етарли деб ўйладим. Аста секин 30 минутга 45 минутга чўзилди. Худога қанча яқин бўлсангиз, Ундан ажралиш ҳам шунча қийин бўлади.

Ибодат орқали. Муқаддас Калом бизга тинмасдан ибодат қилишни буюради. Тинмай ибодат қилиш нима дегани? Биз кун давомида кимларгадир гапирамиз. Кимга гапирамиз, ўзимизгами ёки Худогами? Муқаддас Калом ўқир экансиз, ўқиб бўлгач, қанчадир вақтингизни ибодат учун ажратинг. Ҳафта давомида ҳисоблаб кўринг-чи, ибодат қилиш ва Муқаддас Калом ўқишга қанча вақт сарфлар экансиз?

Улуғлаш орқали. Жамоатга бориб Худони улуғламайдиган одам Худони севмайди деёлмаймиз.

Имонли ўз уйида ҳам доимий тарзда Худони улуғлаши мумкин. Ҳали жамоат учун бинолар қурилмаган пайтда имонлилар уйларда тўпланишар эди. Сиз ҳам биродарларингиз билан уйингизда учрашишингиз мумкин.

Бўлишиш орқали. Ҳамма нарса пул туради. Бу ҳаётнинг қонуни. Биз ҳам Худога пул ажратишимиз керак. Худо бизга берган пулдан 10дан бирини Унга қайтариб беришни буюрган. Одамлар Худога муҳтож. Хушхабар айтиш эса жамоатнинг энг муҳим иши. Шу иш учун биз Худога ушр беришимиз керак. Одамлар хушхабар эшитишлари учун жамоатдагилар хушхабарчиларни юбориши керак. Агар биз Худога ушр бермасак, улар одамлар олдига қандай борадилар? Худо Каломини ўқинг ва у ҳақида ўйланг. Доимо У билан суҳбатлашинг. Ҳар куни вақтингиз, пулингиз ва кучингиз билан Уни улуғланг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top