«Исо Масиҳ қандай фикрга эга бўлса, сизлар ҳам ўзаро худди шу фикрга эга бўлинглар» Филлипликларга 2:5
Кунингизни қандай бошладингиз? Худо сиздан истаган ишларни қилдингизми? Энди яшаётган биз эмас Масиҳ экан, Унга кўра фикрлашимиз лозим эмасми? Худонинг севгиси ҳақидаги буюк ҳақиқатни бир икки оғиз сўз билан ифодалаб бериш қийин. Бироқ шундай бўлса ҳам уриниб кўрамиз. Худонинг бизга бўлган муҳаббатини қуйидаги икки гап билан изоҳлашимиз мумкин:
«Худо қандай бўлсангиз шундайлигингизча севади, бироқ шундайлигингизча қолишингизни истамайди.
У сизни Исо Масиҳга ўхшаб ўзгартиришни истайди.»
Худо сизни қандай бўлсангиз шундайлигингизча севади. Агар Худо мени қаттиқроқ севганида имоним ҳам мустаҳкамроқ бўларди, деб ўйласангиз адашасиз. Агар Худованднинг менга бўлган муҳаббати чуқурроқ бўлганида, У ҳақида кўпроқ билимга эга бўлардим, деб ўйласангиз яна адашасиз. Худованднинг муҳаббати билан инсон муҳаббатини адаштириб юборманг. Биз инсонларнинг қилган ишига қараб, севамиз. Агар биз ёқтирган одам, биз учун яхшироқ бир иш қилса, унга бўлган муҳаббатимиз ҳам ортади. Бироқ бизга нисбатан ёмон иш қилса, унга бўлган муҳаббатимиз камаяди. Худонинг бизга бўлган муҳаббати камаймайди ҳам кўпаймайди ҳам.
У бизни чексиз севади, бундай ортиғи бўлмайди. Орамизда баъзилар Худога кўпроқ маъқул келиш учун қаттиқ ҳаракат қиладилар. Бу билан Худо севгисини қозонмоқчи бўладилар. Бироқ шуни билингки Худо аллақачон бизни севади. У бизни кўпроқ севиши учун бирор нарса қилишимизга ҳожат йўқ. Аммо Унга маъқул бўлган ишларни қилсак, Уни мамнун қилган бўламиз. Суҳбатимиз бошидан бери, Худо бизни қандай бўлсак, шундайлигимизча севади, дея бир неча марта такрорладик. Худо мени шу ҳолимча севар экан, дея Унинг муҳаббати ва сабр-тоқатини суитеъмол қилмасликни маслаҳат берардим. Худо бизни шундайлигимизча севса ҳам, шундайлигимизча қолиб, шундайлигимизча осмон шоҳлигига киришимизни истамайди.
У бизни гуноҳ аталмиш балчиқлардан тозалаб, ҳаётбаҳш сувида ювинтириб, олтин каби тоблаб, сўнгра Осмон Шоҳлигига олиб кирмоқни мақсад этган. Худо бизни шундайлигимизча севса ҳам, Масиҳга ўхшаш бўлишни чин дилдан исташимиз ва шунга кўра ҳаракат қилмоғимиз лозим. Суҳбатимиз бошида айтиб ўтган оятни яна бир такрорласак: « Исо Масиҳ қандай фикрга эга бўлса, сизлар ҳам ўзаро худди шу фикрга эга бўлинглар ». Исо Масиҳ қийин пайтда ҳам ўз хоҳишини эмас, Худонинг хоҳишини биринчи ўринга қўйди. Биз ҳам Унга кўра фикрлайдиган бўлсак, танамизнинг ёки эски табиатимизнинг истакларига қарамай, Худонинг иродасига қарашимиз ва уни амалга оширишимиз керак. Худо сизни ҳаммадан ҳатто ўзингиздан ҳам яхшироқ билади. У сизни шундайлигингизча севади, бироқ ҳозир ҳаётингизда учраётган қийинчиликлар сизни Масиҳга ўхшаш қилиш учун. Бу қийинчиликлардан тушкунликка тушманг.