Ассалому алайкум азизлар. Ўтган суҳбатларимизда ҳам биз сизлар билан оила мавзуси ҳақида гаплашган эдик. Радиоэшиттиришимиз оилавий ҳаёт рукни остида экан, жамиятимизнинг кичик бўлаги бўлган оилалар ҳақида суҳбатлашишни давом эттирамиз. Оила қанча кўп бўлса, улар орасидаги фарқ ҳам шунча кўп. Бироқ баъзи масалаларда кўпгина оилалар бир-бирига ўхшаш бўлишади. Масалан, муаммолар айнан бир хил бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бугунги суҳбатимиз мавзусини муаммоларни ҳал қилиш деб атадик. Ҳар бир оилада учрайдиган муносабат муаммосини эр ёки хотин яхшилик билан ҳал қилишни истайди. Одатда оилада аёл киши эри билан суҳбатлашишни, муносабатларини яна ҳам яқинроқ қилишни истаса, эркаклар табиатан муносабат қуришга ва суҳбатлашишга нўноқроқ қилиб яратилган.
Айнан шу нарса кўпгина оилаларнинг нозик муаммосидир. Оилада эр-хотиннинг муносабатини ёмонлаштирадиган муаммоларни тезроқ ҳал қилишни истаймиз. Муаммони ҳал қилишдан олдин муаммонинг нимада эканини яхшилаб тушуниб олиш зарур. Оилада нафақат муносабат муаммоси балки ҳар қандай муаммоларни ечишингизга ёрдам берадиган баъзи босқичларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Муаммосиз оила йўқ.
Муаммоларини ҳал қилишни истаган эр-хотин бир-бирига қарши ҳаракат қилмай, олдида турган муаммони биргаликда ҳал қилишни исташи керак.
Кўпгина оилалар муаммоларни тезроқ ҳал қилишни истаб, тезроқ шу мавзуни ёпишга ҳаракат қилишади. Натижада эса муаммони келтириб чиқарган асл сабабни билолмайди. Сабаби аниқланмай қолса, бу муаммо бир куни яна пайдо бўлиши аниқ.
Энди эса ҳозиргина айтиб ўтган босқичларни кўриб чиқсак. Ҳаёти силлиқ кетаётган оилаларни кўрганмисиз? Кўриб, нега менинг ҳаётим ҳам шундай эмас деб ўкингандирсиз? Асло ўкинманг. Чунки муаммоси бўлмаган оиланинг ўзи йўқ. Эр-хотин турмуш қурганининг дастлабки йилларида муносабат ва жисмоний яқинлик томондан кўплаб муаммоларга дуч келади. Бироқ турмуш қурганларига бир неча йиллар бўлган эр-хотинларда ҳам суҳбатлашиш борасида тез-тез муаммолар юзага келади. Муносабат бўйича бир муаммони ҳал қилишса бир оз вақтдан кейин яна бошқа муаммо юзага келади. Эр-хотин турмуши давомида кўплаб муаммоларни биргаликда бошларидан кечиришларига тўғри келади.
Юқорида айтганимиздек, муаммолар бўлиши аниқ, бироқ бу муаммога эр-хотин қандай муносабатда бўлиши муҳимроқ. Улар турмушидаги муаммони ҳал қилишда биргаликда ҳаракат қиладиларми ёки бир – бирига қарши ҳаракат қиладиларми? Агар эр-хотинлар муаммони ҳал қилишда биргаликда бир-бирини тушунишга ҳаракат қилган ҳолда иш тутсалар, муаммо тез ва тинчлик билан ҳал қилинади. Бироқ акси бўлса, оиладаги жанжаллар сони кўпаяди ва эр-хотиннинг орасига совуқчилик тушади. Қандай қилиб биргаликда ҳаракат қилиш мумкин? Бу саволга эса кейинги суҳбатларимиздан жавоб топасиз. Кейинги суҳбатимизни ўтказиб юборманг. Чунки унда қандай қилиб муаммоларга биргаликда жавоб топиш мавзусидан ташқари, муаммоларни ҳал қилишда шошилмаслик кераклиги ҳақида ҳам маълумотлар берамиз. Кейинги суҳбатларгача саломат бўлинг.