Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз муаммога ечим топишда зарур бўлган босқич ҳақида бўлади. Эр-хотин ўртасидаги муаммолар ҳар доим ҳам яхшилик ва тинчлик билан ҳал қилинавермайди. Кўпгина оилаларда бу борада катта жанжаллар бўлади. Бироқ муаммони жанжаллашмасдан ҳам ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун эр-хотиндан катта сабр ва босиқлик талаб этилади. Сиз муаммони қандай ҳал қилишни билмасангиз ҳам ўзаро суҳбат ва муаммонинг келиб чиқиш сабабини ўрганиш давомида унга ечим топа оласиз. Муаммонинг катта кичиклигига қарамай ҳар икки томон ҳам ўз фикрларини тўлиқ баён эта олиши керак. Эр хотиннинг ҳолатини ва ичидан кечаётган нарсаларни тушунишга ҳаракат қилса, хотин эрнинг ҳолатини ва унинг ҳис-туйғуларини тушуниши керак бўлади.
Эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат бу муаммога осонгина ечим топишга ёрдам беради.
Агар эр-хотин муаммога ечим топишда бир-бири билан гаплашмаса, муаммонинг асосий сабабини билишга ҳаракат қилмаса, оддийгина бошланган суҳбат, катта жанжалга айланиб кетади ва ҳар иккисининг ҳам дили оғрийди. Муаммога ечим топишни истасангиз ҳар иккингиз ҳам хонтахта ёки стол атрофига ўтиринг. Навбати билан ўз ҳис туйғуларингизни стол ёки хонтахта устига қўйинг. Яъни ичингиздагиларни тўлиқ айтиб олинг. Шунда ҳар икки томон нимани ҳис қилаётгани аён бўлади. Оилада аёл киши ўз ҳис туйғуларини тўғри айта олишни ўрганиши лозим. Чунки аёллар табиатан ҳис-туйғуга бой бўлиб, баъзи ҳолларда ўйламасдан эрини қаттиқ хафа қилиб қўйиши мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳис-туйғуларини жиловлаган ҳолда ақл билан, эрининг шахсиятига тегмайдиган қилиб гапиришни ўрганишлари керак. Эр эса ичидагиларни айтишни ўрганиши керак. Баъзан эркаклар аёлларининг бирор бир ҳаракатидан ёки гапларидан аччиқланадилар. Аёл эса нима учун эри ундан аччиқланаётганини билмайди. Бундай ҳолатда эр нима учун аччиқланаётганини айтиб бериши керак. Муаммони ҳал қилиш босқичига шундай формула яратамиз. «Мана бундай ҳолатда сен шундай ҳаракат қилганингда ёки гапирганингда мен ўзимни шундай ҳис қиламан». Масалан бир оиладан мисол келтираман. Аёлнинг характери мустақил ва бироз шошқалоқроқ. У баъзи ҳолатларда ўзи билмаган ҳолда эридан олдин ҳаракат қилади. Бу билан у эрининг шахсиятига тегаётганини, бу нарса эрига ёқмаётганини билмайди.
Масалан бозорда бирор нарсанинг нархини сўрашда, эр такси тўхтатиб, у билан нархини келишаётганда. Аёл ўзи билмаган ҳолда эри билан таксичи ўртасидаги суҳбатга аралашади. Бу уни табиий деб билади. Ўзича яна ҳам арзонроқ нархга кўндирмоқчи бўлади. Бу билан оиламизга фойда бўлади, деб ўйлайди. Эрнинг эса ҳар сафар бундан жахли чиқади. Аёл қилаётган ишимнинг нимаси ёмон, нега унга ёқмайди, деб ўйлайди. Чунки эр нима учун жахли чиқишини айтмаган. Охири бир кун эр ҳам портлайди. Аёл учун эса бу кутилмаган ҳолат. Эр сабр-косаси тўлишини кутмай, биринчи ҳолатдаёқ нега жахли чиқаётганини айтиши керак. Чунки эр ва хотин бутунлай бошқа дунё. Улар бир-бирларини тушунишлари учун, нимани ҳис қилаётганларини бир-бирларига айтиши ва бир-бирларини эшитишни ўрганишлари керак.