3:33

Ўзим эплайман

MP3

Ҳар бир болакай бирон юмушни бажаришдан олдин эртами-кечми, «Мен ўзим!» деб хитоб қилиши табиий. Сизнинг вазифангиз шу дамдан бошлаб унга мустақил бўлиши учун ёрдам беришдир. Фарзандингиз уятчан, бировнинг кўмагисиз бир қадам босолмайдиган ожиз шахс бўлиб вояга етишини истамасангиз керак, албатта?

Қадим ривоятларнинг бирида айтилишича ҳомиладор аёл донишманд ҳузурига келибди ва «Яқинда фарзанд кўраман. Боламни қандай тарбиялаш ҳақида маслаҳат беринг» — дебди. Шунда донишманд «Болани тарбиялаш учун роппа-роса тўққиз ойга кечикибсиз», — деган экан. Мустақиллик борасида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Агар бу ишни у кузатувчиларсиз мактабга олган ёки бошқа шаҳарга ўқишга кетган пайтдан бошламоқчи бўлсангиз, катта хато қиласиз.

Бола маъсулиятни ўз бўйнига олиши ва ўз ихтиёрига кўра бирор иш қилиши учун туғилган заҳотиёқ ўргата бошлаш лозим. Бола дунёга келганида онасига буткул боғлиқ бўлади. У бизга шунақанги митти, ожиз ва ҳимоясиз туюладики! Болалардаги жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланиш суръатлари ҳар кимда хар ҳил кечиши сабаб, ота-онасидан ажралиши ва оддий ҳаёт кўникмаларига эга бўлиши учун камида 3-5 йил керак бўлади. Парвона бўлиб, овқат едираётган онадининг қўлида қошиқни тортиб олган уч ёшли болакай кутилмаганда «Йўқ, ўзим!» деган гапни айтади. Илк бора ўз эркинлигини намоён этишида унга тўсқинлик қилманг. Дилбандингиз мустақил бажара оладиган ишларни ўзи қилишига йўл қўйиб беринг. Масалан, уч ойлик миттивой жажжи қўлчаларини ўйинчоққа узатяпти.

Унга ёрдам беришни истайсиз, ўйинчоқни унга яқинроқ суриб қўймоқчисиз. Тўхтанг! Яхшиси, миттивой унинг учун жуда қийин бўлган ишни ўзи бажарсин. Эҳтимол, бу сизга икир-чикир бўлиб туюлиши мумкин, аммо айнан шу икир-чикирлардан боланинг феъл – атвори шаклланади. Айтайлик, болакай юришни ўрганяпти. Онаси унинг атрофида парвона: тўсаттан йиқилиб тушса-я? Майли, йиқилсин! Бу йиқилиш шикаст етказадиган даражада қаттиқ бўлмайди. Чунки у барибир ҳеч қаери кўкармай, шишмай, тирналмай юришни ўргана олмайди. Бу том маънодаги юришга ҳам, кўчма маънодати ҳаётда қадам ташлашга ҳам таалуқлидир. Ахир келажакда нуридийдангизни ҳар доим, ҳамма жойда етаклаб юролмайсиз-ку: майли биринчи қадамлариданоқ йиқилишни, ўрнидан туришни ва яна олға юришни ўргансин!

Биз ота-оналар доим ҳамма юмушни тезроқ бажаргимиз келади. Болакайнинг эпсиз бармоқчалари билан ярим соат давомида тугмасини қадаши ёки қўлини кийими енгига тиқишга уринишини кузатиш биз учун азобга айланади. «Кела қол, ўзим тезроқ кийинтираман!» — дейди чидолмаган она ва боласини худди қўғирчоқ сингари тез-тез ўзи кийинтира бошлайди: ахир дадаси машинада кутяпти ва асабийлашяпти-да! Ўқувчи бола уч соатдан бери биттагина масалани ечолмаяпти ва онанинг сабр-тоқати тугаб, уни кўз очиб юмгунча ишлаб ташлайди: бу аҳволда уйдан кўчага чиқиб бўладими, ҳали бассейндаги машғулотларига бориш, йўл-йўлакай харид учун дўконга киришга ҳам улгуриш керак… Биз ота-оналар ҳар доим шошганимиз учун ҳам болаларимиз узоқ вақтгача мусақил бўлолмай юришади. Холбуки, уларнинг мустақил бўлишларига сабр-тоқатимиз ва кўрсатмаларимиз билан ёрдам беришимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top