3:26

Кечирим бериш

MP3

Ассалому алайкум. Инсоннинг бир-биридан ҳафа бўлиши жуда осон. Бегона кишининг берган озори тезда унут бўлиб кетади. Чунки у инсонни яна кўрамизми йўқми. Аммо яқин инсоннинг берган озорини унутиш қийин. Ҳар сафар учрашганда ундан тортган озорингиз юрагингизни тирнайди. Ота-онамиз, опа-сингил ёки ака-укаларимиз томонидан етказилган жароҳат узоқ вақтгача, юрагимизда қолади. Сиз-у бизни билган инсонлар билиб туриб, озор етказишса, қаттиқ алам қилади. Ота-онадан ташқари ҳаёт йўли бир бўлган яна бир инсон бор. У бизнинг турмуш ўртоғимиз. У ҳам сизни билади. Эр-хотиннинг биргаликдаги ҳаёт давомида, турли хил катта ва кичик жанжаллар дилларини хира қилиши билан бирга бир-бирини яхшироқ билиб олишларига имкон яратади.

Бундай пайтларда ҳар икки киши ҳам кечиримли бўлишларига тўғри келади. Жанжаллар тўғри ҳал қилинсагина эр-хотиннинг фойдасига хизмат қилади. Эр-хотин бир-бирининг хатоларини кечирмаса, унинг устига бир-биридан аччиқланса юраклардаги ғазаб ва нафрат аланга олади, бу аланга эса ҳар иккиси орасидаги яқинликни куйдириб кул қилади. Бу турмушнинг даҳшатли фалокатидир. Жанжаллар пайтида ҳеч қачон: «Энди бошқа йўл йўқ, ажрашамиз», деманг. Жанжалларингиз қанчалик катта бўлмасин, кечирим билан вазиятни юмшатиш мумкин. Энг асосийси кечирим беришга тайёр бўлишдир. Суҳбатимиздан мақсад жанжалларга қарамай орқага эмас олға юришингизга кўмак беришдир.

Деярли ҳамма жуфтлар ҳам жанжаллашганларида, қанчадир вақт олдин бир-бирига етказган озорларини яна юзага чиқаришади. Бу эса ҳар икки томонни яна ҳам қаттиқроқ қизишишига сабаб бўлади. Кўпгина ҳолларда эр-хотин ўртасида асосан бир нечта мавзулар бўйича жанжаллар кўтарилиб туради. Бундай пайтларда аввалги дилхираликларни иложи борича эсламасликка ҳаракат қилинг. Эрингиз ёки хотинингиз сизга бугун озор етказдими, уни кечириб юборинг, токи бирон кун жанжаллашганингизда уни қайта эсламанг. Бир оиладан мисол келтирамиз. Темур ва Малика. Улар турмуш қурганларига анча бўлган. Бугун Темур дўстлари билан уйга тушлик қилиш учун келаяптди. Бу ҳақида хотини Маликага икки кун олдин айтиб қўйган эди. Малика эса докторга кетган. Темур дўстлари билан ҳотиржам тушлик қилиш учун уйга келса, хотини уйда йўқ.

Тушлик ҳам тайёр эмас. «Нега уйда эмас. Мен унга бу ҳақида айтган эдим-ку!» Дўстлари олдидан жуда ҳижолат бўлди. На илож? Дўстлари олдида ўзини ва хотинини оқлашга ҳаракат қилиб кўчада овқатланишга тўғри келди. Куннинг қолган яримини қандай ўтказганини билмайди. Хотинидан жуда жахли чиққан. Малика эса бугунги тушлик ҳақида унутган. Кечки пайт, эри эшикдан важоҳат билан кириб келди. Жанжал бошланди. Малика эри ҳеч нарсани тушунтирмай туриб, бақириб кетганига жахли чиқди, Темур эса хотини унинг айтганини қилмай, дўстлари олдида уятга қўйгани учун бақирди. Хуллас яна бир жанжал келиб чиқди. Бундай пайтда жахлга ва ҳис туйғуларга эрк бермай, босиқлик билан нега бундай бўлгани аниқлаб олинса ва айбдор одам кечирим сўраса, ҳаммаси жойида бўлади. Ҳеч қандай асабийлашишлар-у, бақир-чақирлар ҳам бўлмайди. Азизлар кейинги суҳбатимизда кечирим бериш ҳақида чуқурроқ тўхталиб ўтамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top