3:09

Кечирим бериш учун нималар қилиш керак?

MP3

Кечирим. Инсон ҳаёти давомида неча марта ва неча кишига кечирим бериши керак. Бир куни Исо Масиҳ шогирдлари билан кетаётганди. Шунда шогирдларидан бири ундан сўради: «Раббий менга қарши гуноҳ қилганни неча марта кечирай, етти марта кечирсам етарми?» У ўз ҳаёлида етти марта кечириш билан катта бағрикенглик кўрсатмоқда эди. Аммо Исо Масиҳ унга: «Етти марта эмас етмиш карра етти марта кечиринглар», — деди. Бу — кимдир сенга қарши қайта-қайта гуноҳ қилса, уни ҳар сафар кечириб юбор, дегани. Худованд биздан ўзимизга ўхшаган инсонларни кечиришни талаб қилади. Агар яқинимизнинг хатосини, айбини кечира олмасак, бундан фақат ўзимизга қийин бўлади.

Кечира олмаганимиз учун Худо билан муносабатимиз ҳам тўғри бўлмайди. Чунки Худованд кечиримли бўлинглар, деган. Биз эса Унинг амрларидан бирини буздик. Ундан ташқари кечирим беролмаслигимиз бизнинг руҳий ва жисмоний соғлиғимизга ҳам салбий таъсир қилади. Асабийлашишдан, доимо сиқилиб юришлардан ўзимизга, ошқозон яраси, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, юрак фаолиятининг бузилиши, уйқусизлик каби ҳасталикларни орттириб оламиз. Кечирим беришингизга ёрдам берадиган бир нечта босқичларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Энг аввало сизга қаттиқ озор етказган мавзу ҳақида турмуш ўртоғингиз билан гаплашиб олинг. Нима учун шунчалик хафа бўлганингизни унга айтинг. У ҳам нима учун шундай иш қилгани ҳақида гапириб берсин. Бу суҳбат вазиятни ойдинлаштиришга ёрдам беради.

Бу ҳолат ҳар иккингизга ҳам қандай таъсир қилганини гаплашиб олинг. Бу ҳолатда аввалги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиз Гапирувчи-Тингловчи усулидан фойдаланинг. Ўз фикрларингизни навбатма-навбат билдиринг.

Турмуш ўртоғини хафа қилган одам ўз айбини тан олиб кечирим сўрасин. Агар сиз турмуш ўртоғингизни қаттиқ хафа қилиб қўйган бўлсангиз, ундан кечирим сўранг. Бу нарса қилган ишингизни ёпиб кетмаса ҳам, ўртадаги вазиятни юмшатишга ёрдам беради. Чин дилдан сўралган кечирим, муносабатларнинг тикланишига қўйилган катта қадамдир. Агар қилган ишингиз учун ҳақиқатда афсусланаётган бўлсангиз, бу кейинги сафар шу хатони такрорламаслигингизга ёрдам беради.

Баъзилар қилган хатолари учун ўзларини узоқ вақтгача кечира олмай юрадилар. Турмуш ўртоғингиз сизни кечирдими, сиз ҳам ўз- ўзингизни кечиришингиз керак. Акс ҳолда бу ҳаётингизга ўз таъсирини ўтказа бошлайди.

Хафа бўлган киши ҳам кечиришга тайёр бўлиши керак. Кечирим бериш осон иш эмас, бироқ оилани мустаҳкам сақлаб қолиш учун кечирим бериш керак. Бунинг учун инсондан катта жасорат талаб этилади. Кечирим берадиган одам, ўзига етказилган озордан воз кечиб, айбдорни кечириши лозим. Бу эса осон бўлмайди. Кечирим бериш билан Худонинг амрига итоат этган бўласиз. Ундан ташқари бу дунёда мукаммал инсон бормикан? Хато қилган одамга яна бир имконият бериш катта йўқотиш эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top