3:29

Бир-бирингизга либосдирсиз…

MP3

Маълумки, инсон ҳаёти жуфтликда мукаммал бўлади, кўркам либосга бурканади, камол топади. Шу боис ҳам келин билан куёв бирга аҳду паймон қилишиб бир ёстиққа бошларини, бир тўшакка танларини қўйиб, бир кўрпага устиларини ёпадилар. Демакки, улар ўз умргузаронларини бирга ҳамроз, ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлиб ўтказишни мақсад қилиб оладилар. Эр-хотинликнинг вазифаси эса ўз авлоди-аждодларининг шажарасини давом эттиришдир. Булар қўшилиб бир бутун ҳолда башариятнинг давомчиси, дунёни тебратувчиси бўладилар. Бу ўз навбатида, ўзларидан зурриётлар қолдириш, насл бериш, авлод яратиш билан бўлади. Яратувчилик эса эр-хотин бирлашиб оила қурганидан кейин бошланади. Хўш, оила нима! Оила – бу икки жинс вакилларининг ўзаро келишиб қурган битимларидир.

Шундай бўлгач, ҳар иккала жинс вакиллари битимда кўрсатилган, жамият тақдим этган, дин ва кишлик тасдиқлаган қонун қоидаларга риоя этиб яшашлари ҳам қарз, ҳам фарздир. Оила бу – бир кунлик эмас, бир йиллик ҳам эмас, балки бир умрга макондирки, бу маконда ҳар кун, ҳар соатда ёки ҳар йил, ҳар ойда қанчадан – қанча воқеа-ҳодисалар, янгидан-янги ташвишу қувончлар содир бўлиб туради. Бир томонда маъмурчилик бўлса, иккинчи томонда етишмовчилик бўлади. Бир пайт яхшилик кетма-кет келса, бошқа пайт нохушлик устма-уст келади. Бир замон хатога йўл қўйилса, бошқа замон ютуқлар қўлга киритилади. Булар орасида баъзан ҳамма билса, эшитса бўладиган нарса ҳодисалар юз бериб қолса, баъзан муайян қариндошларгина билса, эшитса бўладиган кўнгилсизликлар содир бўлиб қолади.

Айрим ҳолларда эса фақат ва фақат эр билан хотиннинг ўзларигина биладиган кўнгил хираликлар юзага келадики, мана шу нарса оила сири деб аталиб, у уйдан ташқарига чиқмаслиги лозим. Лозим бўладигина эмас, талаб этилади. Бу инсонлар жамиятида ҳам, имонли кишилар ҳаётида ҳам вожиб саналади. Эр ўз умр йўлдошининг айбини, камчиликларини, хотин ўз танмаҳрамининг нуқсонини, дағаллигини кўчага олиб чиқмаслиги бу ҳам қарз, ҳам фарздир. Биз суҳбатимиз мавзусини «бир бирингизга либосдирсиз», деб атадик. Буни қуйидагича тушунмоқ керак: «Эр-хотин бир-бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар.»

Буни биз яна ҳам очиқроқ тушунтирадиган бўлсак, эр завжасининг, хотин ёстиқдошининг айбини, камчилигини бировларга айтмаслиги, ошкор қилиб қўймаслиги лозимдир. Аммо бунга қайси эр-хотинлар риоя қиладилар-у, қайсилари риоя этмайдилар. Риоя этмаганларида буни ҳамма билиб кетади. Риоя этганларида фақат ўзлари билади. Воқеа. Бир эр билан хотинни билардим. Улар уйли-жойли, бола-чақали. Эри хотинини чақмаган кўча қолмаган бўлса, хотини эри устидан шикоят қилмаган қўшнилари қолмаганди. Униси ўзича, буниси ўзича арз-додини айтавериб ота-оналарининг тинкасини қуритган эдилар. Энди айтинг-чи, бу эр-хотинлар бир бирига қандай либос бўлсинлар. Суҳбатимиз охирида Муқаддас Калом эр-хотинлар ҳақида нима дейишига қулоқ солайлик: «Эй эрлар….сиз…хотинларингизни …севинглар…. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин». (Эф5:25, 33)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top