3:18

Завқланишга тўсиқлар

MP3

Ассалому алайкум, қадрли турмуш ўртоқлар. Завқланиш эр-хотин ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлайди. Бироқ ҳамма оилаларда ҳам завқланиш етарлича эмас. Аввалги суҳбатимизда айтиб ўтганимиздек, эр-хотинлар турмуши давомида завқланишлари учун маълум бир тўсиқлар мавжуд. Улардан биринчиси эр-хотинларнинг жуда бандлиги ва завқланишга етарлича аҳамият бермасликларидадир. Уларнинг фикрича бу нарса турмушда муҳим аҳамият касб этмайди. Айнан шундай фикр қилганлари учун ҳам ҳаётларида завқланиш йўқ. Иккинчи тўсиқ бу уларнинг биз турмуш қурдик, энди завқланишлар бўлмайди. Ўйинлар ва бошқа нарсалар катта одамларга ярашмайди, деб ўйлашади. Айнан шундай ўйлаганлари учун ҳам, ҳаётлари зерикарли ва бир хил бўлиб қолган. Завқланишга тўсиқлар фақат шулардан иборат эмас.

Учинчи тўсиқ бу эр-хотинларнинг «Ўйинлар фақат болалар учун» деб ҳисоблашдир. Биз биламизки, болалар онги ўйинлар орқали ривожланади. Ўйинлар орқали улар дунёни танийдилар, ҳаётга тайёрланадилар. Бироқ сизга бир нарсани маълум қиламиз-ки, инсоннинг ривожланиш даври катта бўлгач, ниҳоясига етиб қолмайди. Ривожланиш фақат болаликда бўлади, деб ўйлаганлар янглишадилар. Инсон катта бўлганидан сўнг ҳам ривожланиш давом этади. Инсон энди сал бошқачароқ йўналишда ривожланади. Ўқиб-изланишлар, тажриба орттириш ва ён-атрофдагилар орқали инсон ривожланиб боради. Авваллари болаликда, ривожланиш учун ўйинлар ўйнаган бўлсангиз, энди миянгизга дам бериш ва организмни бўшаштириш учун ўйинлар ўйнайсиз.

Бу нарса ҳақиқатда мияга дам беради. Кишининг ҳафта ёки кун давомида йиғилиб қолган стресслардан озод қилади. Кейинги иш кунига бардам ва стресслардан ҳоли бўлиб, иш бошлашга тайёрлайди. Табиийки, бу нарса кишининг иш фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Эр-хотинларнинг биргаликда бирор бир ўйин ўйнаши ораларидаги дилхираликларни йўқотади. Ҳаётларини яна ҳам бойитади. Бир-бирини севадиган йигит-қиз кўпроқ вақтларини бирга ўтказгилари келади. Бирга ўтказган вақтлари мароқли ва завқли бўлади. Турмуш қургач эса, бу нарса аста-секин ёдларидан кўтарилади. Болалар, иш, кундалик юмушлар билан банд бўлган эр-хотинлар бирга яшайдилар-у, бирга вақт ўтказолмайдилар. Шунинг учун ҳам турмуш қурган инсонлар тез-тез бирга вақт ўтказишлари шарт.

Баъзи оилалаларда эр жуда банд, ва хотини билан бирор нарса қилиб завқланишга вақти йўқ. Бошқа оилаларда эса хотин жуда банд, эри билан бирга вақт ўтказиб завқланиш у ёқда турсин, болаларига зўрға вақт ажратади. Хуллас завқланиш учун тўсиқлар етарли. Бироқ оилавий ҳаётнинг тиғизлиги, эр-хотинларнинг бир-бирига вақт ажратмасликлари вақти келиб, келишмовчиликларга сабаб бўлади. Авваллари эрнинг ёки хотиннинг фазилат бўлиб кўринган ҳислатлари энди, камчиликка айланиб қолади. Келишмовчиликнинг олдини олиш ва эр-хотин ўзаро яқинликни мустаҳкамлаш учун турли хил усуллар билан завқланиб туриш лозим. Завқланиш учун қайси усулни танлаш сизнинг ихтиёрингизга ҳавола. Ҳоҳланг биргаликда шахмат ўйнанг, хоҳланг бирга сайр қилиб суҳбатлашинг, хоҳланг кафе ёки паркларга боринг. Бу сизнинг истакларингизга боғлиқ. Муҳими биргаликда завқланишни унутмасангиз бас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top