Ассалому алайкум. Бир оила бўлиб яшаш Худонинг инсонлар учун берган туҳфаси. Ҳар доим қайси замонда, қайси миллатда бўлмасин, оила бўлиб яшаш қадрланади. Ҳатто қадимги аждодларимиз ҳам қабила-қабила бўлиб ҳаёт кечиришган. Оилада эр-хотиннинг муносабатлари мустаҳкам бўлса, бунинг болалар тарбиясига ҳам ижобий таъсири бўлади. Аксинча эр-хотиннинг совуқ муносабати шу оилада яшаётган болаларнинг тарбиясига ва ҳиссий ҳолатларига ёмон таъсир беради. Демак эр-хотин муносабатларни яхшилаш, мустаҳкамлаш ҳақида енгил фикр юритмасликлари лозим экан. Аввалги суҳбатларимизда эр-хотинларнинг бир-бирлари учун энг яқин дўст бўлишлари, оилада биргаликда вақт ўтказиб завқланиб туришлари ва бир-бирларига тез-тез хушомад қилиб туришлари кераклиги ҳақида гаплашгандик.
Бу мавзуларда ёритилган маълумотларга қўшилмайдиган эр ёки хотинлар бўлса, бу нарса фақат иккаласи учун эмас, фарзандлари учун ҳам фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришларини маслаҳат берган бўлардик. Оилада тез-тез жанжал тўпалонлар бўлиб турса, бу оилада ўсаётган болалар қўрқоқ, ўзига ишонмайдиган, шахси кемтик бўлиб шаклланади. Аксинча ота-онаси бир – бирига меҳрибон, аҳил бўлган болалар, хурсанд, ўзига ишонадиган, қалби бутун болалар бўлиб улғайишади. Кўпинча бахтсиз оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди. Уларнинг муаммолари, дардлари ва қийинчиликлари бир хил бўлади. Бахтли оилалар эса мутлақо бир-бирига ўхшамаган ҳолда ўзича бахтли бўлишади.
Оилада эр-хотин муносабатларининг ёмонлашувига одатда бир-бирини тушунмаслик, ўз муаммолари оқибатида бир-бирига заҳрини сочиш, бир-биридан узоқлашиш каби ҳолатлар сабаб бўлади. Аввалги суҳбатларимизда бу масалаларда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида гаплашиб ўтган эдик. Агар сизнинг ҳам оилангизда шундай ҳолатлар бўлса, асло қайғурманг, сиз ёлғиз эмассиз. Бу каби муаммолар билан кўпчилик оилалар қийналишади. Турмуш қурганингизга бир неча йиллар бўлган бўлса сиз қуйидаги босқичлардан биридасиз:
Бир-бирига анчагина мослашиб олган эр-хотинларнинг муносабатлари яхши, ва шу таҳлитда ушлаб туришга ҳаракат қилишади.
Баъзан-баъзан жанжаллар бўлиб турадиган оилаларда эр-хотинлар бир-бирларини тушунишлари ва муаммолар устида биргаликда ишлашлари лозим.
Оилада каттагина муаммоларга эга бўлган эр-хотинлар ўша муаммони биргаликда ҳал қилишлари ва катта ўзгаришлар киритишлари лозим.
Сизнинг ҳолатингиз қайси босқичда бўлмасин, астойдил турмуш ўртоғингиз билан муносабатни мустаҳкамлашни истасангиз, бизнинг маслаҳатларимиз асосида бунга эришишингиз мумкин. Турмуш ўртоғингиз билан муносабатни мустаҳкамлаш учун биринчи ўринда ўзингиз устингизда ишлашингиз керак бўлади. Келишмовчиликлар пайтида ўзингизни қандай тутишингизга диққат қилинг. Агар ўзингиздаги баъзи одатларни ўзгартирмасангиз, муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида ўйламасангиз ҳам бўлади. Кейинги суҳбатимизда шу ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.