MP3

«Ўз ҳосилингни йиғиб-терадиган юмушчилар юбор, деб ҳосил эгасига илтижо қилинглар.» Матто 9:38.

Ассалому алайкум. Худо нима учун Базалилни маъбад қурилишига бош уста қилиб танлади. У ҳаммадан зўр бўлгани учун эмас, Худога бўйсунган ҳолда ўз ишини мамнуният билан қиладиган уста бўлгани учун. Худованд қадимда Ўзининг пайғамбарларига, халқни бошқарадиган йўлбошчиларга ва бир нечта шоҳга Ўзининг Муқаддас Руҳини берган. Ҳосил байрамида ҳам бир нечта танланганларгагина Муқаддас Руҳ насиб этди. Улар Масиҳнинг шогирдлари эди. Базалил эса на пайғамбар ва на шоҳ эди. У оддийгина хизматчи эди. Худо унга иш топширди.

У эса ўша ишни Худонинг бошқаруви остида бажонудил адо этди. Худога ана шундай хизматчилар керак. Биз ҳам Худонинг хизматчиларимиз. Бизлар бошлиқ ҳам эмас, пайғамбар ҳам эмасмиз. Шунчаки Худонинг хизматчиларимиз холос. Худонинг фойдали ишга ишлатадиган идишларимиз. Бизга берилган Муқаддас Руҳ эса кўпчиликнинг фойдаси учун хизмат қилиши керак. Ҳақиқатда Худога бўйсунадиган хизматчи Муқаддас Руҳнинг самараларига ва ҳар қандай ҳайрли ишларга бой бўлади. Яна Базалилга қайтадиган бўлсак, у Худонинг ҳокимияти остида, Унинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, ўзини бутунлай Худовандга топшириб ишлади. У ерлик бошлиғи бўлган Мусога бўйсунди. Биз кўпинча шу борада адашамиз. Мен фақат Худога бўйсунаман деймиз-у, бироқ Худованд қўйган ҳокимиятга бўйсунмаймиз.

Сиз қаерда бўлманг, ишдами, оиладами ёки жамоатдами сизнинг устингизда бошлиқ бор. Худо сиз орқали Ўз улуғворлигини кўрсатиш учун бу ҳокимиятга эга бўлган бошлиқларни берган. Худо эса биздан ана шу бошлиқларга бўйсунишимизни истайди. Римликлар 13:1-6 оятларга кўра Римдаги Масиҳийлар римлик бошлиқларга бўйсунишлари керак эди. 2 Коринфликлар 10:8 оятга кўра эса Коринфдаги масиҳийлар Павлусга бўйсунишлари керак эди. Эфесликларда 6:1- 3 оятларга кўра фарзандлар ота-оналарига бўйсуниши керак. Эфесликлар 6:5-8 оятларда қулларга ўз хўжайинларига бўйсуниш буюрилган. 1 Бутрус 3:1-2 оятларда эса аёллар ўз эрларига бўйсуниши керак, деб ёзилган. Базалил Худованд унга буюрган ишни бир ўзи қилолмаганидек, биз ҳам бир ўзимиз хизмат қилолмаймиз.

Биз жамоатдагилар билан ёки бошқа биродарлар билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб хизмат қиламиз. Жамоатда асосий ишни қилаётган бўлсак ҳам бошқаларнинг ёрдамига ва қўллаб-қувватлашига муҳтожмиз. Биродарларимиз бизнинг хизматимиз учун ва муаммоларимиз учун ибодат қилишади. Худованд бизни яратди, танлади ва муҳрлади. Муқаддас Руҳ эса Исо Масиҳ туфайли бизларга берилган. Шунга кўра ҳосилимизни Исо Масиҳ туфайли ўз вақтида йиғиб оламиз. Муқаддас Руҳга эга бўлиш учун эса Самовий Отадан сўрашимиз керак ҳолос. Авваллари мен бу оятни ўқиганимда: «Нега энди Муқаддас Руҳ, бошқа бирор яхши нарса эмас», — деб ўйлардим. Энди эса Муқаддас Руҳдан аълороқ нарса йўқлигига амин бўлдим. Муқаддас Руҳ сизда ишлаши, ҳосил бериши ва сизни Худога яқинлаштириши учун, ҳар куни Худодан сизни Муқаддас Руҳга тўлдиришини сўранг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top