«Худованднинг тоғига ким чиқиб боради? Унинг муқаддас маконида ким тура олади? Кимки қўли ҳалол, кўнгли пок, Ëлғон-яшиқ гапга кўнгил боғламас, Маккорона қасамёд қилмас экан, У Худованддан барака топар. Халоскор Худосидан нажот топар» Забур 23:3-5
Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз Маъбад ҳовлисида турадиган қўлювгич ҳақида бўлади. Чиқиш 30:17-21 оятларда шундай ёзилган: «Эгамиз Мусога яна гапирди: «Ювиниш учун бронзадан қўлювгич ясат. Қўлювгичнинг таглиги ҳам бронзадан бўлсин. Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнатиб, унга сув қуй. Хорун билан унинг ўғиллари қўлювгичдаги сув билан қўлларини ва оёқларини ювишсин.
Улар Учрашув чодирига кираётганларида, сувда ювинишсин. Шунда улар нобуд бўлмайди.»»
Бу қўлювгич ювиниш учун эди. Агар Хорун билан унинг ўғиллари Худованд айтганидек қилмасалар ўлардилар. Қўлювгич бронзадан ясалган эди. Қўлювгичнинг нима мақсадда ишлатилишини билдик, аммо нима учун ювиниш лозим эди? Бу билан улар ўзларини поклар эдилар. Покланмасдан туриб Худонинг хузурига киролмасдилар. Чиқиш китобида руҳонийлар бу ишни доимо қилиб туришлари кераклиги ёзилган. Биринчи покланиш яъни қурбонлик қилиш улар учун бажарилган эди, кейинги покланиш эса улардан талаб этиларди. Қурбонлик қилмай туриб, гуноҳдан озод бўлишнинг имкони йўқ. Айнан шунинг учун ҳам Худованд ҳузурига кирадиган руҳонийлар қўлювгич олдига келишдан олдин, қурбонгоҳ олдига бориб, гуноҳлари учун қурбонлик келтиришлари шарт эди.
Биринчи марта Мусо Худовандни кўрганида Худованд унга шунда буйруқ берган эди: «…Оёғингдаги чориғингни еч…Сен турган жой муқаддас ердир.» Забур китобида эса шундай ёзилган: «Худованднинг тоғига ким чиқиб боради? Унинг муқаддас маконида ким тура олади? Кимки қўли ҳалол, кўнгли пок, Ëлғон-яшиқ гапга кўнгил боғламас, Маккорона қасамёд қилмас экан, У Худованддан барака топар. Халоскор Худосидан нажот топар» Бу бронза қўлювгич нимадан ясалганини биласизми? Албатта бронзадан, бироқ мисрлик зодагон аёлларнинг кўзгусидан ясалган. Чунки исроилликлар мисрдан чиқиб кетаётганларида уларнинг ҳамма бойликларини олиб кетган эдилар, шу жумладан аёлларининг бронза кўзгуларини ҳам. Руҳонийлар қўл ёки оёқларини юваётганларида бронзада ўз аксини кўрардилар.
Бунинг маъноси шуки, биз Худованднинг олдига боришимиздан олдин ўз-ўзимизни текширишимиз керак. Бир неча йил олдин мен тавба қилиб Худовандга илтижо қилдим: «Худойим менинг ҳамма гуноҳларимни кечир», чунки билардим, гуноҳларимдан юз ўгирмай туриб ундан қутула олмасдим. Муқаддас Каломда эса шундай ёзилган: «Азбаройи Худо келадиган хафагарчиликлар ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради.» Ўйлаб кўрингчи бизнинг кўзгумиз нима. Бизнинг қандай ҳаракатларимиз қўлювгич ўрнини босиши мумкин? Суҳбатимизни бир оят билан якунласак. Шундан сўнг ўз хулосангизни чиқариб оларсиз. «Шунинг учун инсон ўз-ўзини имтиҳот қилсин…»