MP3

«Оддий руҳонийларнинг сони кўп эди, чунки ўлим уларнинг боқий қолишларига монелик қилар эди. Аммо Исо боқий қолгани учун, ўтиб кетмайдиган руҳонийликка моликдир» Ибронийларга 7:23-24

Ўтган сафар биз сизлар билан руҳонийлар учун белгиланган тартиблар ва уларнинг муқаддаслиги ҳақида гаплашган эдик. Худо учун танланган руҳонийлар дунёдан танлаб олинган бўлсада, дунёда хизмат қилишлари лозим. Худо руҳонийларни танлаб олди, энди руҳонийлар ўз хизматларини бажаришга тайёрлар. Исроил халқи орасидан танлаб олинган левий ҳалқи Худонинг ахд сандиғини қўриқлаши, Худонинг иродасига диққат қилиши, Исроилликларни баракалаши, уларга Худонинг қунунлари ва йўл-йўриқларини ўргатиши, Каломга қатъий амал қилиши ва ниҳоят маъбадда хизмат қилиши керак эди.

Демак улар биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ банд бўлган эканлар-да! Муқаддас Каломда эса Худонинг махсус бир одами ҳақида шундай сифатлар бор. Қани эшитайлик-чи, У қандай ишлар қилган экан. Марк китобида ёзилишича, У марҳаматлаган, таълим берган. Лука китобида эса Унинг маъбадда, яъни Отасининг уйида хизмат қилгани ёзилган. Юҳанно китоби, Унинг Худо иродасига бўйсунганини ёзади. Энг таъсирлиси, У бизлар учун ибодат қилган ва биз учун Ўзини қурбон қилди. Исо Масиҳнинг ердаги хизмати Қадимги Аҳдда хизмат қилган руҳонийларникига ўхшаб кетади. У ҳам маъбадда Худовандга хизмат қилди, одамларга Худонинг амрларини ўргатди, халқни марҳаматлади, Худонинг иродасини бажарди, халқ учун шафоат қилди, ва ниҳоят қурбонлик қилди.

Бу ишларни юзаки қарагандагина солиштириш мумкин, аммо Масиҳнинг вазифаси оддий руҳонийларникидан ҳам мураккаброқ ва илоҳий эди. Унинг қиладиган хизмати осон эмасди. Бу хизматни бошқа ҳеч бир инсон қила олмаган бўларди. Бироқ У бу ишни қилди. Исо Масиҳ Худо белгилаган энг олий ишни бажардими? Ҳа, бизга бўлган муҳаббати туфайли бу ишни қилди. Ибронийлар китобида Масиҳ Малкисидиқ мартабаси бўйича руҳоний деб аталган. Хўш, Малкисидиқ ким эди? У Салим шоҳи бўлган. Шоҳ бўлса ҳам у руҳоний эди. У Қудратли Худонинг руҳонийси эди. Муқаддас Каломда нон Исо Масиҳнинг рамзий маъноси қилиб келтирилган. Шароб эса Унинг қони рамзи эди. Малкисидиқ Иброҳим билан кўришганида уни марҳаматлади. Иброҳим эса бунга жавобан ҳар бир нарсасидан ушр берди.

Худо Забурда Исо Масиҳнинг руҳонийлиги ҳақида шундай ваъда берган эди: «Худованд онт ичган ва сўзидан қайтмас: Малкисидқ мартабаси бўйича Сен абадий руҳонийсан.» Закариё китоби 6 боб 12-13 оятлар Масиҳни тасвирлайди. Бу оятларда Исроил халқининг нажоткори ва айни дамда шоҳ ва руҳоний бўлган Масиҳ ҳақида ёзилган. Ибронийлар китобида эса Малкисидққа шундай сифат берилган: «У солиҳлик ва тинчлик шоҳи эди». Салим бу Қуддуснинг яна бир номи бўлган. Қуддус-тинчлик келадиган шаҳар. Фақат Масиҳгина Малкисидқ мартабаси бўйича абадий олийруҳоний бўлишга лойиқ. Суҳбатимизни яна бир оят билан якунлаймиз: «Биринчи қиёматда иштирок этадиганлар бахтиёр ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил ҳукм сурадилар.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top