Ассалому алайкум. Худованд Мусога Ўзи истиқомат қилиши учун маъбад қуришларига кўрсатма берган экан, маъбаднинг ҳар бир қисми Худо айтганига кўра қурилиши лозим эди. Маъбад ичидаги ашёларнинг шакли, ҳажми ҳам Худо айтганидек қилиб ясалган. Ўтган сафар сизлар билан ахд сандиғи жойлашган хона ҳақида суҳбатлашдик. Ахд сандиғининг ўзи нимадан ясалганини биласизми? Ахд сандиғи акас ёғочи ва олтиндан ясалган. Хўш, унинг ҳажми қандай бўлган экан? У қанчалик катталикда бўлганини тасаввур қила оласизми? Каломда ёзилишича унинг бўйи 2,5 тирсак, эни 1,5 тирсак, баландлиги ҳам 1,5 тирсак бўлган. Бу ўлчовларни замонавий ўлчов бирлигига ўгирсак, ахд сандиғининг бўйи 110 см, эни ва баландлиги 70 см бўлган бўлади.
Ахд сандиғининг тўртала оёқларига халқалар бўлиб, ходалар халқалар орасидан ўтказилган ва руҳонийлар ахд сандиғини хода билан кўтариб юришган. Бу нарса ахд сандиғини кўтариб юришга қулай бўлиши учун ясалган. Бироқ қизиғи шундаки, Худованд халқалардан ўтказилган ходалар, халқалардан чиқариб олинмасин, доимо шундай ҳолатда турсин, деб буюрган. Гуноҳдан поклаш жойи, яъни сандиқнинг қопқоғи ҳам сандиқ размери билан бир хилда бўлган. Қопқоқнинг икки четида эса самовий махлуқлар – карублар шакли бўлган. Карубларнинг қанотлари гуноҳдан поклаш жойини ўраб турган. Биз ахд сандиғининг шакли ва нималардан ясалгани ҳақида маълумот бердик. Булар бежизга эмас. Энди уларнинг рамзий маъноларини ҳам тинлганг. Акас ёғочи Масиҳнинг чиримас инсонийлигининг рамзи эди. Олтин эса Унинг илоҳийлиги рамзи бўлган.
Бу икки нарса Худо ва абадий ҳаёт инсоннинг бирлигини билдиради. Фақат биргина Зот шундай имконга эга – бу Раббимиз Масиҳдир. Муқаддас Каломда ёзилишича ахд сандиғи уч қаватли бўлган. Биринчи ташқи қатлами олтин, ички қавати акас ёғочи ва яна ички қавати ҳам олтиндан ясалган. Ташқи қатламидаги олтин Ота Худонинг рамзи, ички чиримайдиган ёғоч қисми эса ўлмайдиган нажоткоримиз Масиҳнинг рамзи, ички олтиндан қилинган қатлам эса Муқаддас Руҳнинг рамзидир. Каломда шундай ёзилган: «…чунончи улуғвор умидимизнинг мағзи – сизнинг ичингиздаги Масиҳ». Ахд сандиғининг тўрт томонидаги халқалар унинг аниқ услубда кўтарилиши шартлигини билдиради. Ахд сандиғи олиб юришга қулай бўлиши учун от-араваларда эмас, инсон елкасида олиб юрилиши шарт эди.
Худованд ахд сандиғини кимлар кўтариб юришлари кераклигини ҳам аниқ айтган эди. Унинг буйруғига кўра бу иш Левий қабиласига топширилган. Ахд сандиғига нопок қўл билан тегиб бўлмасди. Шоҳ Довуд ўзи учун сарой қурдирди. Бироқ Худованднинг ахд сандиғи ҳали ҳам чодирда эди. У Худованд учун ҳам маъбад қурдирмоқчи эди. Бироқ Худованд Натан пайғамбар орқали, бу фикрга рози эмаслигини билдирди. Агар Худованд маъбадда яшашни истаганида буни аллақачон Довудгача қурдирган бўларди. Худованд маъбадда эмас халқи билан бирга кўчиб юришни истарди. Халқи қаерда бўлса У ҳам ўша ерда бўлишни маъқул кўрган. Худо нима учун чодирда бўлишни танлаганини англадингизми? Худованд Ўз халқига ҳамроҳ бўлишни истаган. Ҳозир ҳам шундай. Биз қаерда, қандай ҳолатда бўлмайлик доимо У биз билан бирга.