3:20

Иш ниҳоясига етди

MP3

«Менинг овқатим – Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг юмушини бажо келтиришдан иборатдир.»

Ассалому алайкум, қадрли биродарлар. Худованд Мусога муқаддас чодир тиклашни буюргани ёдингиздами? Энди тасаввур қилинг. Сиз ҳам исроил халқининг орасидасиз. Мусо Худонинг буйруғига кўра чодирнинг ҳар бир жиҳозини ясайдиган усталар ва кийимларни тикиш учун тикувчиларни танлаган эди. Иш қизғин, бир неча кишилар олтин ва бронзаларни бир шаклга келтириш учун тарақ-туруқ қилиб ишлашмоқда, тикувчи аёллар эса чодир пардасини ва руҳонийларнинг кийимларини берилиб тикмоқдалар. Орадан анча вақт ўтди. Ишлар ниҳоясига етди. Ҳамма Мусо айтганидек ўз ишларини битирди.

Муқаддас Каломда бу ҳақида шундай ёзилган: «Шундай қилиб, Учрашув чодири – Муқаддас чодир ясалишига оид ҳамма ишлар ниҳоясига етди. Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этганидай қилдилар». Худованд Мусога ҳар бир жиҳознинг кўриниши, шакли, ҳажми ҳақида аниқ кўрсатмалар берганди. Мусо эса Худонинг кўрсатмаларини Исроил халқига оқизмай-томизмай етказган эди. 2 Тимўтий 3:17 оятда: «Шу йўсин Худонинг қули комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўлади», деб ёзилган. Муқаддас Чодир жиҳозларини ясаган, тиккан одамлар ҳеч нарсага муҳтож бўлишмади. Кўнгилдан чиқариб берилган назрлар мўл-кўл эди. Улар Худованднинг муқаддас чодири учун кераклича ишлатдилар, ва ошиб ҳам қолди.

Бу худди Исо Масиҳнинг ўнта нон ва иккита балиқ билан қилган мўъжизасига ўхшарди. Муқаддас Руҳ муқаддас чодирни қуришга танланган одамларни руҳлантирди. Ўша пайтда Мусо учун энг қийин пайт бўлган бўлса керак. Чунки Худованд унга ғоятда маъсулиятли иш буюрган эди. Мусонинг холатини тасаввур қилинг. Иш битган. Усталар ва ишчилар ҳаяжонда. Мусо улардан ўн баровар ҳаяжонда. Энг майда жиҳозлар ҳам кўрсатмага кўра ясалганмикан? Ҳеч бир иш чала қолмадимикан? Иш тугатилгунга қадар кўзларини бургутникидай қилган бўлса ажаб эмас. Ишчилар ясалган нарсаларни бирин-кетин Мусонинг олдига олиб келишди. Қизилга бўялган қўчқор терисидан ёпинчиқни, аҳд сандиғини, хонтахта ва унинг ҳамма буюмларини, олтин қурбонгоҳни, чироқпояни, бронзадан ясалган қурбонгоҳни хуллас ҳаммасини келтиришди. Мусо уларнинг итоаткорлигини муносиб тақдирлади.

Қилган ишларини кўздан кечириб, уларни дуо қилди. Ўша йил Мусо учун энг оғир ва энг шарафли йил бўлган бўлса керак. Дастлаб Худованд Мусони Исроил халқини Мисрдан қулликдан олиб чиқиш учун танлаганида, Мусо: «Мен яхши гапира олмайман», «Улар менга қулоқ солишмайди», деб баҳоналар қилган эди. Шу воқеаларга ҳам бир йилдан ошибди. Мусо халқ билан бирга Қизил денгизни кечиб ўтди, саҳрода кўп воқеаларни бошидан кечирди. Худонинг йўлида улғайди. Энди эса Худонинг кўрсатмасига биноан Учрашув чодири – Муқаддас чодирни ясаб битиришди. Унинг елкасидан тоғ ағдарилди. Исо Масиҳ ҳам Худо Унинг зиммасига юклаган вазифани адо этди. Сизчи, азиз тингловчи, Худо сизга берган вазифани бажараяпсизми? Бу ишда қанчалик садоқат кўрсатаяпсиз. Исо Масиҳ келгунига қадар, Унинг сизга берган топшириғини тугата оласизми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top