3:20

Маккажўхорининг фойдалари

MP3

Ассалому алайкум. Ўтган сафар маккажўхоридан саноатда қандай маҳсулотлар олиши-ю, тиббиётда қандай ишлатилиши ҳақида маълумотларга эга бўлдингиз. Бугун ҳам бу ўсимликнинг инсон ҳаётидаги фойдалари ҳақида суҳбатлашамиз. Маккажўхоридан пархез таомлар тайёрланади. Озиқ-овқат саноатида маккажўхори ёғи ҳам ишлатилади. Бу ўсимлик донидан тайёрланган пюре – шўрва, гастрит билан касалланган беморлар учун пархез таом сифатида қўлланилади. Жигар, подагра, нефрит касалликлари ва қабзиятда маккажўхори думбули сўтаси билан қайнатилиб, ёғ билан истеъмол қилинади. Сабзили маккажўхори консерваси эса семириб кетишни истамайдиганлар учун айни муддао. Қатор касалликларни даволашда қўлланиладиган глюкоза эса шифобахш маҳсулот сифатида қимматлидир.

Киши организмида А витаминига айланиш хусусиятига эга бўлган каротин моддаси сариқ донли маккажўхорида бошқа навларга қараганда кўпроқ бўлади. Каротинга бой бўлган бундай маккажўхори айниқса болалар ва катта ёшдаги кишилар учун жуда фойдали. Руминиялик шифокор Сержин Жоржуже маккажўхорининг нафас олиш йўллари аллергияси ҳасталигига ҳам даво эканини аниқлади. Шу тариқа аллергияга қарши маккажўхори дони экстрактидан фойдаланиш фикри пайдо бўлди. Аниқланишича маккажўхори таркибида аллергияга қарши курашувчи моддалар мавжуд. Ундан тайёрланган препаратлар узоқ муддат қўлланилганда ҳам беморларга ҳеч қаднай зарар келтирмаган. Маккажўхори ҳар томонлама фойдаланиш мумкин бўлган энг юқори сифатларга бой ўсимлик.

Унинг донидан олинадиган ёғ химик составига кўра кунгабоқар ёғига тенг бўлиб, Е витаминларига жуда бой. Унинг таркибида стеррин, арахин, олеин, ликолин, ва бошқа кислоталар мавжуд. Бундан ташқари бу ўсимликда эфир мойи, санонин моддаси, С ва К витаминлари бор. Унинг қайнатилган настойкаси холецистит, холангит, гепатит каби хасталикларда сийдик ва сафро ҳайдовчи, шунингдек қон тўхтатувчи восита сифатида ҳам қўлланилади. 100 грамм маккажўхори ёғи таркибида 95 миллиграмм Е витаними бўлади. Тозаланганда эса 75 миллиграммга тушиб қолади. Юқори сифатли озиқ-овқат махсулоти ҳисобланган бу ёғ турли салатлар, майонезлар тайёрлашда, балиқ ва гўшт қовуришда ишлатилади. Аммо маккажўхори ёғини билиб ишлатиш лозим. Бирор бир хасталик пайтида шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.

Чунки маккажўхори ёғини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш жигар ҳасталигига мубтало қилиши ва семиртириб юбориши мумкин. Киши организми хилма-хил ёғларга муҳтож, шунинг учун ҳам овқатланиш рационида турли хил ёғлар бўлиши лозим. Олимларнинг таъкидлашича, маккажўхори ёғи айниқса атеросклероз касаллиги билан оғриган беморлар учун фойдалидир. Кўп-кишилар хилма-хил чонқовбосди ичимликлар маккажўхори маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида тайёрланишини билишмас, балким. Маккажўхоридан тайёрланган сироплар ширинликлар тайёрлашда ишлатилади, ҳамда газли сувга қўшиб ичилганда чанқоқни босади. Бугунча мана шу маълумотлар сизни қониқтирди деган умиддамиз. Кейинги сафар маккажўхоридан ишлаб чиқариладиган бошқа маҳсулотлар ва уларнинг фойдаси ҳақида суҳбатлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top