3:28

Кичкина қуёш

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Кунгабоқарни билмаган, писта чақмаган инсон бўлмаса керак. Қолаверса, ҳозирги кунда кундалик истеъмол қиладиган озиқ овқатларимизни тайёрлашда ҳам кўпчилигимиз кунгабоқар ёғидан фойдаланамиз. Қадимда кунгабоқарни айрим халқлар «Кичкина қуёш» деб аташган. Аввалига фақат пистани чақиб истеъмол қилишган бўлса, кейинчалик ундан ёғ олишни ўрганишди. Кунгабоқар ёғи ҳозирги кунда кўп тарқалган ёғлардан бири ҳисобланади ва кўпчилик уни севиб истеъмол қилади. Бунга сабаб энг аввало унинг ажойиб таъми, инсон танасида тез ҳазм бўлиш хусусияти. Бундан ташқари, ҳар хил витаминларга, фойдали моддаларга бой. Кунгабоқар таркибида А, Д ва Е дармондорилар мавжуд. У айниқса Е витаминига бой. Кунгабоқар таркибида, шунингдек тўйинмаган ёғ кислотаси бўлиб, у инсон танаси ва соғлиғи учун ниҳоятда фойдали ва ҳеч қандай зарари, асорати йўқ.

Бу кислота хусусан асаб тизими учун фойдали ҳисобланади. Юрак-қон томири тизими фаолиятини бир меъёрда сақланиб туришида ёрдам беради, қон таркибидаги холестеринни оширмайди. Ана шундай хусусиятлари сабабли кунгабоқар ёғидан табобатда, айниқса, ҳар хил сурункали касалликларни даволашда кенг қўлланилади. Масалан, тиш оғриғи, ошқозон-ичак фаолиятини, ўпка касалликларини даволашда, организмдан сафро ва сийдикни ҳайдашда кенг қўлланилади. Бунинг учун кунгабоқар ёғидан кунига 3-4 марта 1-2 ошқошиқдан ичилади. Ҳар куни эрталаб овқатдан олдин бир ош қошиқда ёғда 20-30 дақиқа давомида оғиз обдон чайилиб, сўнг туфлаб ташланса, оғиз бўшлиғидаги микроблардан ҳалос бўласиз. Шунда кўпгина касалликларнинг олди олинади ва овқат ҳазм қилиш аъзоларининг фаолияти яхшиланади.

Пистани кўпчилик севиб истеъмол қилади. Баъзилар унчалик хуш кўрмаслиги ва бекорчиларнинг эрмаги деб ҳисоблашлари мумкин. Аммо кунгабоқар пистаси севимли озуқа сифатида ҳам машҳур. Уни яхшилаб қовуриб, сўнг чақиб истеъмол қилинса, тана учун жуда фойдали. Таркибининг 20 фоизи оқсиллардан иборат. Магний моддаси бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидагига қараганда 6 марта кўп. Айнан шу модда юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди. Иложи бўлса кунига 50 граммдан писта чақсангиз организм ўзига керакли моддаларга тўйинади. Кунгабоқардан тайёрланган холва ҳам жуда фойдали. Кунгабоқарнинг нафақат ёғи ва пистаси унинг барглари ҳам фойдали. Халқ табобатида кунгабоқар баргларидан безгакни даволашда дори тайёрлашган.

Ундан ташқари иштаҳани очиш, ошқозон ичак фаолиятини яхшилаш, асаб тизими ва астма касалликларини даволашда ҳам фойдаланишган. Баргларидан тайёрланган дамлама ошқозон-ичакда бўладиган ҳар хил оғриқларни қолдиради, астма хуружида фойдали ҳисобланади. Бундан ташқари кунгабоқар гуллари ва баргидан бир ошқошиқдан олиниб, устидан бир стакан қайноқ сув қуйиб дамлаб қўйилса, сўнг кунига чорак стакандан ичилса, бўғиндаги оғриқларни олади, бод касаллигига шифо бўлади. Қуритилган баргларидан тайёрланган дамлама эса иситмани туширади. Бунинг учун бир қошиқ кунгабоқар барги олиниб, устидан бир стакан қайноқ сув қуйилади. Ўн дақиқадан сўнг асал билан истеъмол қилинади. Бугунги маълумотларимиз сиз учун фойдали бўлди деган умиддамиз. Кейинги суҳбатларимизда ҳам саломатлигингизга оид мавзулар билан танишасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top