3:26

Ҳар бир дақиқани қадрлаб…

MP3

Бу 1527 йиллар гувоҳлиги. Шотландия. «Мен нима ҳам азоб кўрдим, дўстим. Бироқ ёдингда бўлсин, ҳеч нарса абадий ҳаёт ҳадя этадиган Раббимизни инкор этишга сабаб бўлолмайди», — дерди ёшгина йигит хизматкорига. Ëш Патрик Гамилтон тенгқурлари хавас қиладиган ҳамма нарсага эга эди. Бой-бадавлат хонадонда дунёга келган, қобилиятли, келишган, ақлли ва тарбияли йигит эди. Мактаб чоғларидаёқ Мартин Лютер таълимотини яхши ўзлаштириб олган эди. У бутунлай Лютернинг фикрига қўшиларди. Ўша пайтларда черков Муқаддас Каломга асосланмаган ҳолда бошқариларди. Черковдаги диний шахслар ҳам унга қатнайдиганлар ҳам Муқаддас Калом таълимотидан оғишган ҳолда ҳаёт кечиришарди. У ўз фикрини очиқ-ойдин изҳор қилар, оқибатда эса диний шахсларнинг дўқ-пўписаларини эшитарди.

Тез орада унинг очиқ фикрлашлари, Шотландиядан чиқиб кетишга сабаб бўлди. Уни Шотландияда сиғдиришмади. Патрик Германияга йўл олди. Германиянинг Марбург университетида ўқиб билимини оширди. Авваллари ўзига ишончи кам бўлган Патрик вақт ўтган сари фикрларининг тўғрилигига амин бўлди. Ҳар куни билимини ошириб, руҳий баркамол шахсга айланиб борди. Ниҳоят ўз ватандошларига Худонинг Каломини борича тушунтириб беришга қарор қилди. Шотландияга қайтгач, Муқаддас Каломдан ўрганган ҳақиқатларни ватадошларига гапириб берди. Бир оз муддатдан сўнг уни Архиепископ ҳузурига чақиртиришди. Унинг ўрганганлари ичини ўт бўлиб куйдирарди-ки, оқибатда айтилган вақтни кутиб ўтирмасдан, Архиепископ ҳузурига эрта тонгданоқ етиб борди.

У Архиепископ билан зўр шижоат ва ғайрат билан баҳслашди. Унинг билимлари олдида Архиепископ дош беролмади. Баҳслашувдан сўнг уни бетгачопар ва шаккок дея ҳибсга олишди. Гамилтонга ичи ачийдиганларнинг кўпчилиги фикрини ўзгартиришга уриниб кўришди. Баъзилар агар ўз қарашлари ҳақида гапиришни бас қилса, қамоқда озод қилишлари мумкинлиги ҳақида ҳам шама қилиб ўтишди. Аммо у ўз ишончи ва қарашларидан воз кечмади. Уни ўлимга ҳукм қилдилар. Унинг имони шу қадар кучли эдики, унинг олдига келган руҳоний ҳам ҳақиқатдан имонга келди. Қатл куни ҳам етиб келди. Уни тушдан сўнг гулҳанда ёқишмоқчи эди. Уни ходага боғлаб, оёқлари остига шох-шаббаларни қалаб ташлашди.

Уни оловда куйдириб ўлдирмоқчи бўлганлар, қийинчилик билан ёқишга ҳаракат қилаётганларида, Патрик ўша лаҳзаларни ҳам бекор кетказмаслик учун унинг ўлимини томоша қилишга келган оломонга Хушхабар айтди. Сўзининг ниҳоясида: «Қачонгача Худовандим», деди кўзида ёш билан, «қачонгача бу шоҳлик қоронғуликда юради. Қачонгача бу одамларнинг золимлигига чидайсан?». Олов тепага ўрлаб уни куйдира бошлади. Ниҳоят: «Раббим руҳимни қабул қил», деб жон берди. Гамилтонни гулханда ёқишгач, оломон орасидан кимдир, Патрикни ёққанларга қараб шундай деди: «Агар яна бирор кимни шундай ёқмоқчи бўлсангиз, яхшиси ичкарида ёқинглар, чунки Гамилтонни куйдирган олов, юзлаб кишиларнинг кўзларини очди.» Масиҳнинг шаҳидлари ҳар бир лаҳзани хушхабар айтиш учун имконият деб ҳисоблайди. Патрик Гамилтон, озодликда ҳам, қамоқхонада ҳам, гулҳанда ёнаётиб ҳам имкониятни қўлдан бой бермади. Сизчи?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top