3:22

Саломинг бўлмаса…

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Сломлашиш одоби турлича. Кўришганда саломлашиш одоби, болаларга ҳос ва катталарга ҳос саломлашиш одоби, аёлларнинг ўзларига ҳос саломлашиш одоби ва ҳокозо. Бироқ ҳозир телефонда саломлашиш одоби ҳақида гаплашмоқни ихтиёр этдик. Бу мавзу мени жуда ўйлантиради. Бир неча марта уйимизга қаердандир қўнғироқ бўлди. «Алло фалончи борми?» «Ҳа, бор. Кимсиз?» «Мен қариндошиман?» Бу бир оилага бўлаётган қўнғироқ. Қўнғироқ қилаётган одам, аввал салом бериб, ўзини таништириб, сўнгра гаплашиши керак бўлган одамни сўрамайдими? Телефон орқали саломлашиш ҳам ўзига яраша одобни талаб қилади. Телефон жиринглаганда гўшакни кўтарган одам «Ассалому алайкум, лаббай», деса, гўзал хулқ соҳиби эканини намоён этган бўлади.

Ҳеч бўлмаса «лаббай», деса ҳам чиройли бўлади. Баъзан эшитиб, кўнгилни хира қиладиган жавобларга диққат қилайлик: «Ҳа, ким керак?» ёки «Алло, кимсиз, сизга ким керак?» . Баъзилар эса русларга тақлид қилиб «Да!», деб қўйишади. Шундайлардан бири гўшакни кўтариб «Да, да!», деса қўнғироқ қилган киши «Мен дадангиз эмас, поччангизман», деган экан. Ҳар ҳолда инглизча «Алло», русча «Да»нинг ўрнига ўзимизнинг «Лаббай» яхшироқ эшитилади. Дейлик гўшакни кўтариб «Лаббай!» дейилди. Шунда қўнғироқ қилувчи албатта салом бериши, бу томон алик олгач, мулоқот бошланиши керак. Баъзан бунинг аксига гувоҳ бўламиз: «Алло, Гули борми?» ёки «Алло, Гулини чақириб беринг…» Баъзан эса ҳе йўқ — бе йўқ сўралади: «Бу ер қаердан?» ёки «Ким бу?» шундай дейилгач, шубҳасиз «Сизга ким керак эди?» деган савол берилади.

Ëки «Аввал қаерга қўнғироқ қилаётганингизни билиб сўнг рақам теринг», деб жеркиб берилиши ҳам эҳтимол. Гўшак кўтарган кишининг кайфияти яхши, ҳазилга мойил бўлиб турган бўлса «Бу ер қаердан?», деган саволга «Ҳаммомдан» ёки «Ўликхонадан», деб майна қилиши ҳам мумкин. Телефон ҳақида гап кетганда мавзудан салгина четга чиқсак-да, қўл телефонларидан фойдаланиш одобига ўтсак. Ҳозир катта-ю кичикнинг қўлида телефон кўрамиз. Қаерда бўлса ҳам баралла овозда гаплашаверадилар. Бир куни ҳорижлик меҳмон билан ошхонада тамадди қилиб ўтирган эдик, ёнимиздаги сўрида ўтирган йигитлардан бири телефонда гаплаша бошлади. Меҳмон унга ажабланиб қараб-қараб қўйди. Йигит гапни мухтасар қилмади.

Бундан ғашланган меҳмон ошхона ходимини чорлаб: «Бу укамизга айтинг, биз бу ерга таомланиб, ҳузурланиш учун келганмиз, гаплари бўлса, идораларидан гаплашсинлар», деди. Ошхона ходими мижозни бездириб қўйишдан чўчиб, уни инсофга чақирмади. Шунда меҳмоннинг ўзи танбеҳ берди. Ҳайриятки йигит инсофли экан, айбини тушуниб, дарров узр сўради. Бир куни тонг саҳардаги тўй ошида телефон жиринглади. Йигит бемалол гаплашаверди. Ҳатто «Ҳозир ошдаман», деб кекириб ҳам қўйди. Таассуф шундаки, йигит ўша гапларини уч соат кейин, ҳатто кечки пайт ҳам гаплашса бўлаверарди… Ана шундай ҳолларда беодом укаларимизга қўнғироқ қилиб: «Фаросат борми?», дегимиз келади. Яна саломлашиш мавзусига қайтсак. Саломлашиш қоидасида улуғлар кичикка салом беришса, етук иш бўлади. Кичиклар камтарлик йўлини тутиб, улуғлар сўзини олса, ўзини улуғлик сари элтади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top