3:09

Саломинг бўлмаса…2 қисм

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ўтган сафар ёдингизда бўлса телефонда сўрашиш одоби ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун ҳам бу мавзуга чуқурроқ ёндошишни лозим кўрдик. «Салом» сўзининг маъносини ҳаммамиз биламиз. Бу сўз «тинчлик», демакдир. Саломлашиш ҳар бир кишининг эътиқоди билан боғлиқ. Биз ўтган сафарги суҳбатларимиздан бирида одоб ҳақида сўзлашган эдик. Одоб бу кишининг нафақат ташқи хулқ атвори балки, ички дунёсининг нақадар гўзаллиги ҳамдир. Тинчлик севар бўлиш бу одобнинг бир кўриниши. Саломни канда қилмайдиган одам, ҳар жойда тинчлик севар бўлиш билан бирга тинчлик ўрнатувчи ҳам бўлиши шарт. Муқаддас Китоблардан бири бўлмиш Инжилда ҳам шундай ёзилган: «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур». (Матто 5:9)

Тинчликни севиш билан тинчлик ўрнатиш орасида катта фарқ бор. Деярли ҳамма тинчликни севади, бироқ тинчлик ўрната оладиган кишилар камчиликни ташкил қилади. Биз «Ассалому алайкум», дейиш билан «Сизга тинчлик тилайман», деб тилак билдирамиз. Тилагимиз эса чин дилдан бўлиши учун ўзимиз ҳам тинчлик ўрнатувчи кишилар бўлмоғимиз даркор. Турклар «Гун айдин» айрим озарбайжон дўстларимизнинг «сабоҳингиз ҳайр» инлизларнинг «гуд монинг», русларнинг «доброе утро» си орасида катта фарқ бор. Буларнинг барчасига нисбатан «ассалому алайкум»нинг маъноси теранроқдир. Бу сўз «Бу дунёда ҳам охиратда ҳам саломат бўлинг! Дарду мусибатларга йўлиқманг» деган маънони англатади. Биз ҳар бир гапимизни дуога айлантиришимиз мумкин.

Бу бизнинг қўлимизда. Ҳайрлашиш чоғида «Кўришгунча»,ёки «Ҳозирча ҳайр» деб ишлатамиз. Бунинг ўрнига ўша хайрлашаётган одамимизга шундай гап айтайликки у бизнинг дуоимиз ўрнида бўлсин. Масалан: «Сизни Худога топширдим», «Худо паноҳида асрасин», «Худо ёр бўлсин», каби гапларни хайрлашиш чоғида ишлатишимиз мумкин. Ҳамонки, салом бериш ва алик олиш дуонинг кўринишларидан бири экан, ҳар биримиз ён-атрофимиздагиларга мумкин қадар дуогўй бўлайлик. «Таом туз билан мазали бўлганидек, яхшилик дуо билан ширин бўлади», дейишади. Ҳайрли дуо – бошқаларга ҳамиша яхшиликни раво кўриш. Кимнингдир дарддан фориғ бўлиб, шифо топишини, кимнингдир фарзанд кўриб шодланишини, яна кимнингдир ҳожатлари раво бўлишини, сафардагиларнинг йўллари бехатар бўлишини исташ.

Бу истакларни банданинг ўзи амалга ошира олмайди ва шунинг учун ҳам Худога илтижо қилиб сўрайди. Дуо холис-ғараз ва риёдан, таъма ва миннатдан холи бўлмоғи шарт. Ўйламаган ҳолда, эътиборсизлик билан оғзимиздан кўп гаплар чиқади. Бироқ, ёдингизда бўлсин: сиз оғзингиздан чиқаётган гапларга эътибор қилмасангиз ҳам Худо ҳар бир сўзингизни эътиборга олади. Шунинг учун ҳам кишилар: «Яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам фаришта омин дейди», — дейишади. Худо оғзингиздан чиққан гапларга эътибор қилар экан, ўзимиз учун ҳам, яқинларимиз учун ҳам яхши сўзларни тилимиздан дуо қилиб чиқарайлик. Суҳбатларимизда биз билан бирга бўлганингиз учун миннатдормиз. Худованд сизни паноҳида асрасин. Омин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top