Ассалому алайкум. Фарзанд инсоннинг умид чироғи, иқбол қуёши. Инсон жуфт бўлиб янги ҳаёт бошлар экан, кўз ўнгида дунёнинг рангин орзулари янгича жилва касб эта бошлайди. Энди одам ўзи учун эмас, туғилажак фарзандлари учун яшай бошлайди. Бирин кетин болалар туғилавериб жони иккига бўлиниб кетаверади инсоннинг. «Ўнта бўлса ўрни бошқа», деган нақл ҳам кўп болали оилаларга жуда тўғри келади. Оталар қизларини «она қизим», оналар эса ўғилларини «отам» деб суяди. Изимдан кейинги чироқларим, умримнинг давомчилари деб фарзандларини алқайди. Ҳар қандай орзу истаклари фарзандлари билан боғлиқ бўлади. Худо илк одам ва аёлни яратганида, уларга шундай деган эди: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар» (Ибт 1:28).
Хуллас икки инсон турмуш қурар экан, кейинги ҳаётларини фарзандсиз тасаввур қила олмайдилар. Фарзанд ҳақида жуда кўп яхши гаплар айтишимиз мумкин. Тўғри, чиройли ташбеҳлар, юракни титратгувчи ўхшатишлар яхши. Аммо яна бир инкор этолмайдиган ақида ҳам борки, бу ҳақида айтмаслик мумкин эмас. Бу ёруғ оламда ҳамма нарса жуфт бўлиб яратилган. Ой-қуёш, ер-осмон, тун ва кун, оқ-қора, эркак-аёл, ЯХШИ-ËМОН… Истаймизми-йўқми, яхши нарсалар ҳақида гапирганимизда унинг ортидан ёмони ҳам кўриниб туради. Хўш, фақат ижобий фикрлар муҳокамасида хурсанд юраверсак, унда салбий фикрлар мулоҳазасини ким қилади. Яхши нарсалар ҳақида гапириш ҳам яхши ҳам осон. Салбий нарсалар тўғрисида эса гапиргимиз келмайди. Гапирганда ҳам бировга «тегиб» кетишидан чўчиймиз.
Биз суҳбатимизни фарзанд мавзусидан бошлаган эканмиз, келинг фарзандлар борасидаги мисолимизни бир ёш келин мисолида кўрсак. Унинг икки фарзанди бор. Гўдаклари ҳали ёш, эсини танишга улгурмаган. Аёлнинг ўзи таълим-тарбия соҳасида ишлайди. Қизиғи шундаки бири уч яшар, бири беш ёшлар атрофида бўлган болакайлар ҳар куни фавқулотда улкан ҳақоратлар қуршовида ўсаяти. Жувон фарзандларини шунақанги хунук сўзлар билан сўкадики, баъзан «Бу аёл фарзандларини ўхшатаётган жонзотларга ўзини ҳам қариндош қилиб қўяётганидан хабари бормикин», — деб ўйлайсан киши. Ўзини минг жонивор номи остида кўрган болакай эртага жамиятга қандай қўшилади? Ëҳуд, бақир – чақир, ҳақорату, қарғишлар қуршовида улғайган бола келгусида ким бўлиб етишади? Наҳотки ўқитувчи она буни тушунмаса ёки аҳамият бермаса? Ëш гўдак ниҳол мисоли парваришга муҳтож бўлади.
Ҳам жисмонан, ҳам маънан. Биз катталар эса болаларга етарлича меҳр-муҳаббат, эътибор ва ширин сўзнинг нақадар кераклигини унутиб қўямиз. Уларга ўзлари муҳтож бўлган нарсаларни бериш ўрнига, ҳаёт ташвишлари билан қийналган чоғларимизда бу гўдакларнинг ҳам мурғак қалбини яралаймиз. Бу ҳолатни бир аёл мисолида кўриб, сизга кўзгу тутиш ниятидамиз. Сиз ҳам фарзандингизга айни шундай ёмон сўзлар ишлатишга одатланган бўлсангиз, бундан воз кечишингизга ёрдам берамиз. Аввалги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздек, биз оғзимиздан чиқаётган сўзларимизга аҳамият бермасак-да, Худо буни эътиборга олади. Ундан ташқари биз ота оналарда фарзандларимиз устида ҳукумронлик ҳуқуқи бор. Биз ўзимиздаги ҳокимият билан уларнинг тақдирини ёмон сўзлар билан белгилаб қўймайлик. Фарзандингиз келажакда етук инсон бўлишини истасангиз, яхши сўзлар билан дилини хушнуд қилинг.